“Ал-Аҳли” (Қоҳира) клубининг кўзи ожиз мухлиси: Турмуш ўртоғимнинг сўзлари ўйинни менинг онгимда гавдалантириб беради

Икрами Аҳмад эсини таниган энг дастлабки даврданоқ, Қоҳиранинг “Ал-Аҳли” клубига мухлислик қилаб келади. Миср пойтахтидан 80 километр узоқликдаги Менуфияда ўсган футбол ихлосманди вояга етиб бораётган пайтда, Муҳаммад Абутрика бошлиқ “Ал-Аҳли” ўзининг энг гуллаган даврини ўтказаётган эди. Африка футболи тарихидаги энг кучли футболчилардан бири ҳисобланадиган Абутрика жамоаси билан бир қатор катта мусобақаларда мунтазам зафар қучиб келган. 

Муҳаммад Абутрика ва Қоҳира клуби таъсирида Икрами Аҳмаднинг юрагида футболга нисбатан улкан меҳр шаклланиб борди. Бунга кўзларининг ожизлиги ҳам тўсиқ бўла олмади. Кўриш бахтидан мосуво тарзда дунёга келган футбол мухлиси атрофидаги инсонларнинг шовқин-суронлари орқали шу оламга муҳаббат қўйди. 

“Кўпчилик кўзи ожиз инсоннинг футболдан роҳатланишини эшитиб ҳайрон бўлади. Аммо улар билишмайдики, муҳитни ҳис қила олиш қобилияти орқали мен футболни кўраётган инсондан ҳам кўпроқ завқ оламан. Тасаввур қобилияти сабаб, мен каби жуда кўп кўзи ожиз инсонлар футболга ошно тутинган”, - дейди Икрами Аҳмад “Ал-Аҳли”нинг “Ал-Дуҳаил”га қарши баҳсини кузатиб бориш учун келганида. 

flbsmwd43ezyowvzhfax

Ушбу мусобақагача у “Ал-Аҳли”нинг халқаро майдондаги ўйинларига ташриф буюрмаганди. Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига ҳам келган Аҳмад жуда кўплаб ўйинларни стадиондан туриб кузатган. Деярли барча кўриш имконияти чекланган футбол мухлислари сингари Икрамига ҳам футболдаги воқеаларни яқин инсони етказиб туради. “Education City” стадионидаги беллашувга у турмуш ўртоғи Эман билан бирга ташриф буюрган. У Икрамига майдондаги воқеалар, стадиондаги баннерлар ва бошқа тафсилотларни гапириб беради. 

Икрами Аҳмад икки фарзанднинг отаси ҳисобланади: “Эман футболга у қадар ишқибоз бўлмаса ҳам, мен билан яшашда давом этмоқда. Ҳар куни мен билан бир хил тартибда яшаб, кунора футболга боради. У футболни бутун тафсилотлари билан менга сўзлаб берадики, воқеалар кўз ўнгимда аниқ гавдаланади. У учрашувнинг ҳиссиётларини ҳам анча яхши ифодалаб бера олади. 

Мухлислар орасида бўлиш, уларнинг ҳайқириқларини эшитиш, вазиятларга реакция билдиришлари ва трибуналарда амалга оширадиган байрамлари марказида бўлиш менга ўзгача завқ беради. Ушбу муҳит ҳам менга майдонда нималар содир бўлганини англаб олишимга ёрдам беради”

Қатар майдонлари 2022 йилда жаҳон чемпионатини қабул қилади. Аммо ҳамон ушбу катта мусобақада мухлисларнинг бўлиши ёки бўлмаслиги номаълумлигича қолмоқда. Томошабинлар стадионга киритилган тақдирда ҳам, пандемия юзага келтирган кризис жуда кўп инсонларнинг мундиалга келиш имкониятларини тушириб юбориши мумкин. 

Икрами Аҳмад бугунги кунда Қатарда фаолият олиб боради. У Қатар кўзи ожизлар ижтимоий ва маданий клубида координатор сифатида ишлайди. У фаолият олиб бораётган клуб мундиалга ташриф буюрадиган кўзи ожиз футбол мухлисларига ёрдам беришни ва уларга тўлиқ қулайлик яратишни мақсад қилиб олган. Икрами ўз ишини севади, сабаби, касби футболга бевосита боғлиқ. 

ddq5c1hr2kginwkovhks

“Футбол - жуда чиройли спорт. Мен уни 90 дақиқа давомида содир бўладиган мўъжизалар туфайли ҳам яхши кўраман. Мен спортни мухлисларнинг ўз жамоасига бўлган улкан меҳри ва ўзаро алоқаларни ривожлантириши боис ҳам ҳурмат қиламан. Спорт ўйинлари инсонлар ўртасидаги маданий алоқаларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. У хоҳ миллий даражадаги, хоҳ халқаро миқёсдаги ўйин бўлсин, барчамизни бирлаштирувчи сабаб сифатида муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади”, - дейди мисрлик футбол ихлосманди.

“FIFA.com” сайтидан Абдулвосид Валихонов таржимаси

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар