АГМКни ютадиган рақиб борми? Ёхуд Эркин Бойдуллаевдан жамоасининг мағлубиятга учрамай келаётганининг сабаби ҳақида

Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК жамоаси жорий мавсумда ниҳоят юқори ўринлар учун курашишга киришди. Асосийси, олмалиқликлар ҳозиргача чемпионатимизда мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб келмоқда. Ўтказилган 8 та турда АГМК 6 марта ғалаба қозонди ва 2 бор дуранг қайд этиб, 20 очко билан турнир жадвалида “Пахтакор”дан кейин 2-ўринда бормоқда. Демак, бу сафар Қосимов жамоани ўзи истаган даражада шакллантириб олган.

Бунинг устига таркибга ҳам назар ташласак, Миржалол Қўшоқович деярли иккита тенг кучли таркибни жамлай олгани ҳам унинг ютуқларидан бири бўлиб турибди. АГМКнинг захира ўриндиғида ўтирган футболчилар бемалол бошқа клубларнинг ўйинларини кучайтиришга қодир. Бу борада Миржалол Қосимовда кенг имкониятлар бор ва унинг савияли ўйинчиларга ортиқча муҳтожлик жойи йўқ. Шундоқ ҳам таркибни ўзи истаган футболчилар билан кучайтириб бўлган. Бунинг самарасини эса натижалар яққол кўрсатиб турибди. Шундай экан, баъзида мураббийнинг ўзи асосий таркибга қайси ўйинчиларни киритиш борасида боши қотиётган бўлса ҳам ажаб эмас.

8-турда АГМК жамоаси ўз майдонида “Қўқон-1912”ни қабул қилиб 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда навбатдаги уч очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйди. АГМКнинг ғалабасига муносиб ҳиссасини қўшган Эркин Бойдуллаев эса жамоанинг сардорларидан бири ҳисобланади. Агар Акмал Шораҳмедов майдонда бўлмаса, сардорлик боғичи Бойдуллаевга топширилади. У таянч ярим ҳимоясида ўзига юклатилган вазифаларни аъло даражада уддаламоқда ва шу билан бирга жамоасининг ўйинини “баланс”да ушлаб турибди. “Қўқон-1912”га қарши беллашувдан сўнг Эркин ўйин ҳақидаги таассуротларини қуйидагича билдирди:

-  Ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, 80-дақиқадан кейин биз ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳаракат қила бошладик. Шунинг учун бўлса керак, охирги дақиқаларда бироз асабийроқ бўлиб қолдик. Лекин муҳими, ғалаба. Биз уч очкони қўлга киритдик ва ушбу ғалабадан ҳамма хурсанд.

Аслида ҳар бир ғалаба осонликча қўлга киритилмайди. Ахир рақиб жамоа ҳам майдонга ютқазиш учун тушмайди-ку. Мақсадга эришиш учун футболчилар курашишади, югуришади ва меҳнат қилишади. Шунинг учун ҳам ғалаба қозониш ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бойдуллаев айтганидек, бундай учрашувларда футболчилар асабийлашиши ҳам табиий ҳолат. Кўриниб турибдики, АГМК жамоаси қўқонликларга қарши баҳсда ҳам яхшигина куч сарфлашган. Ҳар ҳолда рақиб ҳам жиддий эди. Ўз навбатида Эркин Бойдуллаев ғалаба ниманинг эвазига қўлга киритилгани хусусида ҳам тўхталди.

бойдуллаев

-  Биласизми, жамоамизда ғалаба қозониш учун иштиёқ кўпроқ эди. Шунинг эвазига ҳам биз бир қатор яхши имкониятларни яратдик. Натижада муҳим ғалабани қўлга киритдик. Бир сўз билан айтганда, майдонга тушган барча футболчилар борини бериб ўйнашди. Футбол тили билан айтганда, барча йигитлар бир-бири учун жонини беришди, - дея муносабат билдирди, Бойдуллаев.

Ҳозиргача АГМКни мағлуб этадиган жамоа топилмаяпти. Уларнинг мавсумни мағлубиятсиз давом эттираётгани эса барчани ёқимли маънода ажаблантиряпти ҳам. Ахир кўпчилик бу клубдан бундай стартни кутмаганлиги ҳам рост. Лекин бу сафар Қосимов ва унинг жамоасининг мақсадлари жиддий эканлиги уларнинг ўйинлари-ю, натижаларидан билиниб турибди. Қизиқ, АГМК қандай қилиб бундай даражага чиқа олди? Ахир Суперлигада мағлубиятсиз одимлашнинг ўзи бўладими? Аммо бу масалага ёндашар экан, Бойдуллаев шундай деди:

-  Бизда профессионал футболчилар йиғилган. Чунки карантин пайтида ҳам ҳеч бир ўйинчи бўш ўтиргани йўқ. Ҳамма уйда яхши тайёргарлик кўрди. Карантиндан кейинги ўйинлар учун ташкил этилган йиғинлар ҳам кўнгилдагидек ўтди. Базамизда ўша пайтда кунига икки маҳалдан машғулотда иштирок этардик. Шундай омиллар бизни шу даражага етказди.

Энди эса олмалиқликларни навбатдаги турда ўта жиддий ўйин кутяпти. Бу сафар АГМК Тошкентда “Пахтакор”нинг имтиҳонидан ўтиши керак бўлади. Бу тўқнашув 9-турнинг марказий ўйини мақомига сўзсиз эгалик қила олади. Хўш, АГМК бўлажак учрашувга қандай тайёргарлик кўряпти?

-  Биз бу ўйин учун эртага йиғиламиз. Чунки “Қўқон-1912”га қарши учрашувдан сўнг жамоа аъзоларига бир кунлик дам берилганди. “Пахтакор”га қарши қандай тайёргарлик кўришимиз эса эртага билинади. Ҳар ҳолда барчасини мураббийлар билишади, - дея бу борада изоҳ билдирди, Эркин Бойдуллаев.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам кўпчиликни АГМКнинг ҳозирги мағлубиятсиз ўйинлари қачонгача давом этиши қизиқтирмоқда. Лекин футболда барқарорликни сақлаб қолиш доимо қийин кечган. Шундай экан, АГМК ҳозирги барқарорлигини қай даражада “ушлаб” тура оларкин? Бу ҳақида эса Бойдуллаев шундай фикр билдирди:

-  Ҳозир деярли барча жамоалар кучли. Шунинг учун ҳам ҳеч ким очколарни шунчаки бериб қўймаяпти. Биз эса мана шундай руҳда яна давом этишимиз учун ҳар бир учрашувда ҳозиргидек бир бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишда давом этишимиз керак. Шунда, ўйлайманки, ҳаммаси жойида бўлади. Ҳар бир футболчи борини бериб ўйнаши керак.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)