АГМК устози: Агар таркибга 1-2 нафар легионер қўшилса, қитъа биринчилигида бемалол чемпионлик учун кўраша оламиз

АГМК футзал жамоаси бош мураббийи Александр Петров Осиё чемпионатидаги иштирок ва ундан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Жамоамиз Осиё чемпионатида яхши иштирок этди. Буни мутахассис-у, мухлислар ҳам эътироф этишди. Шунчаки учинчи ўрин учун бўлган баҳсда бизга бироз омад келмади. Автогол ўйин тизгинини буткул ўзгартириб юборди. Йигитлар анча ёш ва табиийки баъзи вазиятларда уларга тажриба етишмади. Шунга қарамасдан жамоамиз охиригача курашди. Мазкур мусобақа ёш футзалчилар учун жуда катта нарса берди. Келажакда бу мусобақада тобланган ёшлар, уларнинг тўплаган тажрибаси ҳали кўп ас қотади. Терма жамоа ўзаги ҳам АГМКдан ташкил топганини инобатга олсак, бу миллий жамоамиз учун ҳам катта фойда беради. Агарда чемпионатда яна чемпионликни қўлга киритсак, унда келаси мавсум Худо хоҳласа Осиё чемпионатидаги натижамизни янада яхшилаймиз. Умуман олганда Осиё чемпионатидаги ўйинимиздан ҳам, натижадан ҳам қониқдим.

Агарда жамоамизга тажрибали, маҳорати юқори бўлган 1-2 нафар легионерни қўшсак, унда бемалол чемпионлик учун ҳам кураша олишимиз мумкин. Масалан вьетнамликларда япониялик легионер барча ишни амалга оширди. Японияда эса бразилиялик футзалчи барча масалага нуқта қўйди. Эрон жамоасида эса маҳаллий футзалчиларнинг ўзи кучли.

Раҳбарият томондан берилган эътибор ва яратилган шароитлардан кўнгил тўлди. Бунинг учун уларга раҳмат. Йигитларга муносиб иштирок учун керакли миқдорда мукофот берилиши айтилган. Шу боисдан ҳам ҳар тарафлама барчаси жойида. Энди бор эътиборни ички чемпионатга қаратамиз. Ҳордиқ чиқариш учун фурсат йўқ. Бу билан тўхтаб қолиш йўқ. Ҳали олдинга интиладиган манзиллар жуда кўп.

Ҳеч кимни ажратиб кўрсатишни истамасдим. Чунки бизнинг энг катта кучимиз бир жамоа бўлиб жипслаша олганимиз. ОФКда ҳам айнан жамоавий кучли ўйин кўрсатганимизни алоҳида эътироф этишди. Бизда номлар ёки индивидуал маҳорат соҳиблари эмас, бутун жамоа ўйнади. АГМКнинг энг катта кучи - жамоа бўла олганлиги, - деди мураббий.

Минбар

Барча блоглар