Аббос Атоев:
Ads

Ўзбек бокси тарихида -75 кг. вазн тоифаси алоҳида аҳамиятга эга ва бу вазнда спортимиз довруғини жаҳонга танитган Руфат Рисқиев, Ўткирбек Хайдаров каби етук чарм қўлқоп усталари етишиб чиқишган.

Шулар жумласига Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари финалчиси, икки вазн тоифасида икки карра жаҳон чемпиони, 2012 йилги Лондон олимпиадаси бронза медали соҳиби Аббос Атоевни киритиш мумкин.

www.sports.uz сайти мухбири чемпион билан суҳбатда бўлди.

Atoyyrv

- Аббос ака, кўп спортчилар фаолиятини якунлагач, ҳаётининг янги босқич остонасида турли қийинчиликларга дуч келишади. Сизда бу ҳолат қандай кечди?

- Лондон олимпиадасидан кейин, бир неча мусобақаларда иштирок этиб, фаолиятимни якунладим. Шундан кейин мураббийларим Олим Муҳаммедов ва Нодир Ғуломовлар кўмагида спортда орттирган бой тажрибамни ёшларга етказишга қарор қилдим. Ўша вақтда спорт ишлари вазирлиги томонидан бизга жой ажратиб берилди. Ҳозир бу ерда спорт комплекси бунёд этиб, ёш боксчиларга мураббийлик қилиб келяпман. Спорт комплексига менинг номим берилган.

- Барча промоутерларни ўзига жалб қиладиган юксак натижаларга эришгансиз. Қайси промоутерлардан таклифлар тушган ва нимага қабул этмагансиз?

- Лондон олимпиадасидан кейин машҳур промоутерлик компанияларидан таклифлар кела бошлади. Уларнинг баъзилари билан музокаралар ҳам ўтказдик. Лекин вазнимни бир маромда сақлаш табиий равишда қийинлаша бошлагани учун -91 кг вазнга ўтишга қарор қилдим. Промоутерлар эса мен билан қуйи вазнда шартнома имзолашмоқчи эди. Шу боис, уларга рад жавобини беришимга тўғри келган.

- Ҳар бир боксчининг фаолиятида кўп марта дуч келадиган асосий рақиби бўлади. Сизнинг энг катта рақобатчингиз ким ёки кимлар бўлган?

- 2007 йили АҚШнинг Чикаго шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг финалида россиялик Артур Бетербиев билан баҳс олиб борганман. Жуда муросасиз беллашув бўлган ва мен уни мағлубиятга учратганман. Бир йил ўтиб, Жаҳон кубогида у мендан устун келган. Бундан ташқари, ҳиндистонлик Вижендер Синх билан ҳам энг нуфузли мусобақаларда 4 марта жанг қилганман. Умумий ҳисоб 2:2 бўлган. Осиё чемпионати билан, Осиё ўйинларининг финалида имкониятни бой берган бўлсам, жаҳон чемпионати ва Лондон олимпиадасида уни медалдан маҳрум қилганман. Боксдаги асосий таъқибчиларим сифатида шуларни кўраман.

Atoyevv

- Сиз жаҳон чемпионатининг финалида енгган россиялик Артур Бетербиев ҳозир профессионал рингда олтин камар эга ва ҳали енгилмаган. Унинг фаолиятини кузатиб борасизми?

- Мен ҳаваскор рингда жанг қилган боксчиларнинг кўпчилиги ҳозирда профессионал рингда юқори натижаларга эришишмоқда. Очиғини айтаман, мен уларнинг фаолиятини кузатиб бормайман.

- Спортчининг ҳаётида ғалаба ва мағлубиятлар ёнма-ён юради. Баъзида ғалаба қўлдан кетганда, фаолиятингизни якунлаш ҳақида ҳеч ўйлаганмисиз?

- Биласизми, ҳеч бир спортчи мағлуб бўлишни истамайди. Лекин ғалаба қозондингми, керак вақтда мағлубиятни ҳам тан ола билиш керак. Бу спортнинг ёзилмаган қонуни. Аниқ айта оламанки, ҳар бир спортчи ютқазиб қўйгач, фаолиятини якунлашни ўйлайди. Шу ҳолат табиийки менда ҳам бўлган. Уйга қайтгач, ҳамма нарсани тарозига қўйиб кўрасиз, йўл қўйилган хатоларни кўз олдингизга келтирасиз ва албатта, бундай қийин даврда мураббийлар катта тиргак бўлади. Улар руҳан сизга далда бериб, оёққа туришингизга, камчиликлар устида ишлаб, янги марралар сари ҳаракат қилишга ундайди.

- Кучли зарбангиз борлиги кўпчиликка сир эмас. Маълумки, катта куч билан зарба йўллаганда, қўл жароҳат олиши ҳеч гап эмас. Сизда бундай ҳолатлар бўлганми?

- Ҳа, афсуски бўлган. 2008 йилги Пекин олимпиадасига қизғин тайёргарлик жараёнида спарринг ўтказдим. Спарринг вақтида мен асосий зарбани йўллайдиган чап қўлим билан рақиб танасига урганимда, зарбам нишонга нотўғри текканини ҳис қилдим. Натижада қўлим синди ва битишга улгурмади. Олимпия ўйинларига эса саноқли кунлар қолганди. Шу сабаб, Пекиндаги биринчи жангимнинг ўзида тожикистонлик Жаҳон Қурбоновга имкониятни бой берганман. Бир йил ўтгач, жароҳатлардан фориғ бўлиб, Италиянинг Милан шаҳрида иккинчи марта жаҳон чемпиони бўлдим.

- Аббос ака, биз билан уюштирган мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.  Мураббийлик фаолиятингизда муваффақият тилаймиз.

- Раҳмат.

Фазлиддин Ҳусниддинов суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
22/05/2019 22:40
Олимпиада чемпиони булиши учун иктидори етадиган боксчи эди.