А Серия якунлари: мавсум сарҳисоби

Қарийб 1 йил, аниқроғи 2019 йил 24 августдан то 2020 йил 2 августгача давом этган Италия футболи тарихидаги 118-чемпионат бизга супер тўқнашувларга бой қизиқарли мавсум туҳфа этди. 16 шаҳарнинг 17 та стадиони мезбонлик қилган А Сериянинг 2019/20 йилги мавсумида Туриннинг “Ювентус” клуби қаторасига 9-чемпионликни нишонлаган бўлса, “Интер” жамоаси вице-чемпион мақомини қўлга киритди. Кучли учликка “Аталанта” аъзолари якун ясаган ҳолда, “Лацио”ни бронза медалларидан маҳрум қилишди. “Лечче”, “Брешия” ҳамда СПАЛ клублари элитани тарк этдилар.

1_3

Тўпурарлар баҳсида “бьянкадзуррилар” форварди Чиро Иммобиле 36 гол билан етакчилик қилди. Эътиборли жиҳати, у голларининг 14 тасини 11 метрлик жарима зарбасидан киритган. “Юве” юлдузи Криштиану Роналду бу борада 2-натижани қайд этди. Бунинг учун у рақиблар постига 31 марта (12 бор пенальтидан) йўл топишига тўғри келди. “Неррадзурилар” ҳужумчиси Ромелу Лукаку 23 та аниқ зарба (6 пенальти) билан кучли учликка якун ясаб берди.

Римликларнинг яна бир футболчиси Луис Альберто эса 15 та голга ҳаммуаллифлик қилган ҳолда энг яхши ассистентга айланди. Ундан кейинги ўринларни бергамоликлар сардори Алехандро Гомес (14 та) ҳамда “Жаллороссилар” ҳавбеки Лоренцо Пеллегрини (9 та) банд этган.

2_4

Мавсумни 13-поғонада якунлаган “Удинезе” посбони Хуан Муссо 38 та ўйиннинг барчасида иштирок этган ва 14 та учрашувда ўз пости дахлсизлигини сақлаб қола олган. Ундан кейинги ўринларни 35 учрашувда майдонда ҳаракат қилиб, 13 та қуруқ ўйинга эга Самир Ханданович ва Италия футболи келажаги, деб эътироф этилаётган Жанлуижи Доннарумма эгаллади. “Россонерилар” кипери ҳисобида 36 ўйиндан 12 та дарвозасидан тўп ўтказиб юборилмаган баҳс мавжуд.

4_3

Голларга бой ўтган ушбу мавсумда умумий ҳисобда 380 та баҳс ўтказилиб, уларда 1154 та гол урилди ва бутун чемпионат тарихидаги 4-натижага айланди. Бу ҳар бир учрашув учун ўртача ҳисобда 3,04 та аниқ зарбага тўғри келади. Энг кўп тўп киритган жамоалар:

1.“Аталанта” – 98 (клуб тарихидаги энг яхши натижа);

2.“Интер” – 81;

3.“Лацио” – 79 та гол.

Қайд этиш жоиз, барчанинг тасаввурида ҳимоявий ўйин намойиш этувчи А Серия клублари кучли бешлик лигалари орасида энг сермаҳсул кўрсаткичга эришдилар. Бир қанча йўналишлар бўйича энг йирик ҳисобларда Жанпьеро Гасперини шогирдлари ғалаба қозонишди. Хусусан, уй учрашувларидаги энг катта ҳисобда якунланган ўйин “Аталанта” ва “Интер” жамоаларига тегишли. Бергамоликлар ўз рақиби “Удинезе” футболчиларини 7-1 ва миланликлар Ломбардиядан ташриф буюрган “Брешия” вакилларини 6-0 ҳисоблари билан “сийлашган”. Рақиб майдонидаги энг йирик ғалабани ҳам Гасперини шогирдлари қўлга киритишган: 2020 йил 25 январда “Торино” билан ўйинда меҳмонлар рақиб дарвозасига жавобсиз 7 та тўп йўллашган. Энг сермаҳсул баҳс ҳам айнан бергамоликларга тегишли: 1 март куни “Лечче” майдонида кечган ўйинда мезбонлар 2-7 ҳисобида мағлубиятга учраган.

5_3

“Блиц рекордлар”:

- “Ювентус” жамоаси энг яқин таъқибчиси “Интер”ни 1 очко фарқи билан ортда қолдирди ва 2001/02 йилги рекорд даражадаги минимал фарқ такрорланди;

6_4

- “Милан” юлдузи Златан Ибрагимович мусобақа тарихида бир мавсумда 10 та гол урган энг ёши катта футболчига айланди (38 ёш 302 кун);

- Чемпион “Ювентус” клуби сўнгги 10 мавсумда тўплаган очколари ичида энг паст кўрсаткич (83 очко) билан ҳам зафар қуча олди. Охирги марта бундан 1 очко кўпроқ жамғарган йили (2011/12) “кекса синьора” футболчилари “Скудетто”ни бой беришган;

8_3

- “Олтин бутса” соҳиби Чиро Иммобиле бу мавсум 14 та пенальти тепди ва кучли бешлик чемпионатларида ҳам бу кўрсаткич бўйича пешқадам бўлди;

- Жанлуижи Буффон “Скудетто”ни умумий ҳисобда 10-марта қўлга киритди, унинг жамоадоши Кьеллини эса кетма-кет 9 бор бош соврин эгасига айланди. Ушбу иккала афсонанинг ҳам натижаси рекорд саналади;

10_3

Кутилмаган натижалар, чиройли голларга бой ўтган А Серия учрашувлари бизга бир қанча юлдузларни кашф этиб берди. Кейинги мавсумларда Сандро Тонали, Тэо Эрнандес, Стефано Сенси, Деян Кулусевски, Алессандро Бастони каби умидли футболчилардан янада мазмунлироқ ўйинлар кутишимиз мумкин. Агар бошқа топ чемпионатлардаги гранд жамоалар уларни сотиб олишмаса, келаётган мавсум улар Скудетто курашини том маънода қиздира оладилар.

11_2

Қолаверса, Криштиану Роналду, Чиро Иммобиле, Пауло Дибала, Алехандро Гомес, Хакан Чалханоглу, Алексис Санчес каби катта тажриба эгалари ҳам ўтган йилгига қараганда кучли ўйин кўрсатишди. Уларнинг ўз формасини юқори даражада ушлаб тураётганликлари футбол муҳлисларини қувонтирмоқда. Ва албатта, Златан сиймоси бу чемпионат савиясини яна бир карра оширди. А Серия 2020/21 йилги мавсуми 19 сентабрда қайтади. Унгача бизнинг асосий эътиборимиз УЕФА турнирлари ва Суперлига баҳсларига қаратилади.

12_1

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)