Япония терма жамоаси Осиё кубогига янги мураббий билан борадиган бўлди

Япония футбол федерацияси терма жамоа бош мураббийи Акира Нишино билан ҳамкорликни тўхтатди.

Ташкилот расмий сайти тарқатган хабарга кўра унинг ўрнига шу пайтга қадар мамлакат ёшлар терма жамоасини бошқариб келган Хадимэ Мориясу тайинланган. Таъкидлаш керакки, 49 ёшли мутахассис ёшлар терма жамоасини 2017 йилда қабул қилиб олган эди. Унгача эса мамлакатнинг энг машҳур клубларидан бири – “Санфречче Хиросима”да (2012-2017) фаолият олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Япония терма жамоасига “Арсенал”дан бўшаган Арсен Венгер устозлик қилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Маълумот учун, Япония терма жамоаси қишда БААда бўлиб ўтадиган навбатдаги Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олган.