Умид Аҳмаджонов “Талабалар Кубоги - 2018” финалида иштирок этди

 

Бугун 1 май куни Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетида спортнинг мини-футбол тури бўйича “Талабалар Кубоги - 2018” мусобақасининг финал учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ушбу футбол байрамида Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов иштирок этди. Умид Аҳмаджонов даставвал Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетининг спорт ҳаёти билан танишиб, бу ерда талабаларга спорт билан шуғулланиш учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. 

Шунингдек, финал учрашувини томоша қилиш учун келган Хитойда ўтган Осиё чемпионати ғолиблари Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси футболчилари, Ўзбекистон МТЖ мураббийлар кенгаши аъзолари Миржалол Қосимов, Темур Кападзе, Азамат Абдураимов, “Локомотив” жамоаси ҳужумчилари Марат Бикмаев, Сардор Рашидовларнинг  тадбирдаги иштироки талабалар спорт байрамига ўзгача шукуҳ бағишлади.

Финал баҳсида Университетнинг “Корпоратив бошқарув” ва “Банк иши” жамоалари ўзаро беллашдилар.  “GO UZBEKISTAN”футбол ишқибозлари жамоаси (фан клуби) финал иштирокчиларини қўллаб-қувватлаб, талабалар футбол байрамига файз киритди.

“Корпоратив бошқарув” жамоасини Миржалол Қосимов, “Банк иши” жамоасини эса Азамат Абдураимов бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушдилар.

Қизиқарли ва муросасиз ўтган финал учрашувида “Корпоратив бошқарув” жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Финал баҳсининг танаффус вақтида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов, Зоҳиршоҳ Жўраев, "Божалар"  каби эстрадамиз юлдузлари ўз чиқишлари билан иштирокчиларга байрамона кайфият бахш этишди.

Финал баҳсини ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошқариб борди. Учрашувни таниқли футбол шарҳловчиси Даврон Файзиев шарҳлаб борди.

Тадбир сўнггида “Талабалар Кубоги - 2018” футбол мусобақасининг совриндор жамоаларига Кубок, медаллар, эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)