Таҳлил: Эрондан учралган мағлубиятнинг сабаби нимада?

Хабарингиз бор, кеча Ўзбекистон терма жамоаси пойтахтимиздаги “Миллий” стадионида Эронга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Аввало ўйинга тўхталишдан аввал Эктор Купернинг бўлажак ўйин борасидаги фикрларига тўхталиб ўтсак.

– Эртага мен иккинчи ўйинда жамоани майдонга олиб тушаман. Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардимки, бу ўйин ҳам биз учун синов бўлади. Эртага янги футболчилар ҳам майдонга тушишади. Эрон терма жамоаси жуда ҳам жиддий жамоа. Карлуш Кейруш Эронни яхши шакллантирган.  Мен эртага футболчилардан жамоавий ўйинни талаб қиламан. Ва кўрсатмаларимга қанчалик амал қилишларига ҳам эътиборимни қаратаман. Бир нарсага аниқлик киритишни истайман. Биз биринчи ўйинда ҳимояни синаб кўрган бўлсак ҳам кейинги ўйинда фақат хужумни синаймиз дегани эмас. Мен мураббий сифатида ҳимоя мудофаа чизиғидаги хатоларни минимал даражага тушуришни истайман. Ҳимоя сифатли бўлса хужум ҳам шунга монанд бўлади...

Uzbek-murabbiyi%20(1)

Купер шунингдек, ўз сўзини давом эттирар экан, жамоаларнинг ФИФА рейтингидаги ўринларига тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, у легионерларнинг жамоага яқинда қўшилгани ва уларни ўрганиш учун ҳам вақт кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Кейруш эса Осиё чемпионлиги учун даъвогар терма жамоалар қаторида Ўзбекистон вакиллари ҳам борлигини таъкидлаган ҳолда, ушбу ўйин улар учун Осиё чемпионатига тайёргарликнинг энг муҳим босқичи вазифасини ўтаб беришини ҳам айтиб ўтди. Албатта, бу ерда Кейрушнинг “дипломатия”ни ишга солганини ҳам унутмаслик лозим. Аммо у негадир Купернинг Ўзбекистонга келиши футболимиз учун катта ютуқ эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Eron-press%20(11)

Энди бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак, ҳар иккала мураббий 4-2-3-1 тактикасидан фойдаланди. Шунингдек, вакилларимиз Сурияга қарши ўйиндан фарқли равишда кучлироқ таркиб билан майдонга тушишди.

Биринчи бўлимда ҳар иккала жамоа кетма-кет ҳужумларни ташкиллаштирган бўлса, иккинчи бўлимда негадир вакилларимиз анча суст ўйин намойиш этишди. Келинг мана шу ўринда ярани янгиламайликда, ўйин борасидаги фикрларга тўхталиб ўтамиз. 

Uzb-Eron%20(1)

Камчиликлар ўз йўлига аммо Эронга қарши учрашувда эътиборни тортган дастлабки жиҳат шу бўлдики, вакилларимиз ҳужумида ранг-баранглик аввалгига қараганда анча ошган. Ҳа, Рашидовнинг зарбалари ҳамон аниқмас, тўғри Бикмаев ҳужумда яккаланиб қоляпти, ҳақсиз, Шомуродов ҳалигача тўпни керагидан ортиқ ушдаб турибди. Қанотларда қўллаб-қувватлаш ҳам талаб даражасида эмаслиги ҳам бор гап. Аммо Эронга қарши ўйинда фақат қанотлардан олдинга ташланиб, жарима майдони ичига узатиладиган “навес”лар сони кескин камайган. Бу ҳам аслида ютуғимиз. Ҳозирча, бошқа гапларни қўйиб турайлик. Бундан ташқари, футболчиларимизда курашувчанлик ҳисси кучайиб бораётгани ҳам, аслида ютуқларимиздан бири. Тўғри, иккинчи бўлимда вакилларимизнинг ўйинни тўлиқ рақибга топшириб қўйишгани айтиб, эътироз ҳам билдирарсиз. Аммо унутмангки, бу ҳолатда яна бир қатор камчиликларга йўл қўйилдики, айнан мана шу факторлар рақибнинг тўла устунлигини таъминлаб берди.

Uzb-Eron%20(8)

Биринчидан марказнинг рақибга топширилиб қўйилиши эронликларнинг тўпга эгалик қилишда устунлигини таъминлаб берди. Кейруш шогирдлари эса қанотларда тезкорлик билан олдинга ташланиб, кетма-кет вазиятларни яратишди. Бу ўринда таянч чизиғидаги футболчиларимизнинг рақибга эркин ҳаракат қилиш имконини яратиб беришганликларини таъкидлаш лозим. Шунингдек, қанот ҳимоячиларининг ўз позицияларини бўш қолдиришлари оқибатида 67-дақиқада Али Гулизода икки ҳимоячимизни чалғитиб, жарима майдонимиз ичига кириб келди. Айнан у томонидан уюуштирилган рейд оқибатида Саид Иззатулоҳи тўпни осонлик билан Меҳди Торабига ошириб берди. Тораби эса деярли бўш дарвозамизга шунчаки (!) тўпни жойлаб қўя қолди. Умуман олганда, кўпчилик вазиятларда қанот ҳимоячилари негадир басма-бас ўз ўринларини тарк этишди. Оқибатда марказий ҳимоячилар қанотларга очлишга мажбур бўлишди. Бу эса табиийки, сўнгги чизиқда кўплаб пала-партишликлар юзага келишига сабаб бўлди. Афсуски, бу биргина камчилик эмас.

Кўзга ташланган камчилигимиз шундан иборатки, футболчиларимизга руҳий томондан қийин вазиятларда тушкунлика тушиб қолишмоқда. Эрон эса аксинча, айнан мана шу жиҳатдан устунлиги оқибатида вакилларимизни Тошкентда мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди. Хусусан, эронликлар томонидан уюштирилган жуда кўпчилик ҳужум тарихига тўхталадиган бўлсак, уларнинг кўпчилиги ҳужумдаги хатоликларимиз оқибатида келиб чиққанини таъкидлаш жоиз. Бунда, чизиқлар орасидаги узилишларнинг мавжудлиги, ягона ўйланган комбинациянинг йўқлиги, шунингдек, керакли вазиятларда қўллаб-қувватлашнинг етишмаслиги ўйинда ана шундай вазиятларнинг юзага келишига сабаб бўлди. 

Uzb-Eron%20(13)

Эронликлар эса аксинча, бир-бирларини тушунган ҳолда, ҳаракат қилишлари оқибатида вакилларимизни мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди. Шунингдек, улардаги руҳий устунлик майдоннинг ҳар бир қаричида устунликни ўзлари томон оғдиришларига сабаб бўлди. Гап руҳий устунлик борасида кетар экан, кичик мисолга мурожаат қиламиз: Маъсуд Шожаи ва Игорь Сергеев. Эрон вакили 34 ёшда, ҳужумчимиз эса 25да.

Учрашувнинг кўпчилик вазиятларида Игорь Сергеев тўпни рақибга олдириб қўйди аммо шу билан таслим бўлди. Шожаи эса жарима майдонимиз яқинида Аҳмедовга тўпни олдириб қўйгани ҳолда, майдон марказигача вакилимизни таъқиб қилди, ўйин қоидасини бузиш эвазига бўлса ҳам футболчимизни тўхтатиб қолди. Сергеев эса... Йўқ, аслида бу унинг заифлигини, ёмон футболчи эканлигини англатмайди. Бу ҳолат унинг шунчаки, керакли-кераксиз танқидлар, мухлислар томонидан “увиллаб” қарши олишлардан чарчаганини англатади. Оддийроқ айтганда, унинг “синиб” қолганини хато қилишдан қўрқиб қолганини англатади. Бу эса футболчи учун энг оғир ҳолат, энг катта босим. Айнан мана шу ҳолат Сергеевни кечаги ўйинда ҳам таъқиб этди.

Uzb-Eron%20(2)

Эътироз билдиришингиз мумкин, Гулизодани қанотларда ўтказиб юборган Денисов, Торабига зарба бериш имконини берган Сайфиев, Тўхтахўжаев, таянч зонада рақибга устунликни топшириб қўйган Шукуров-ку, нега Сергеевга ёпишиб олди, бу муаллиф деб. Баъзиларингиз ҳатто, бу жумлани ортиқча, дея баҳолашингиз мумкин. Аммо футбол ичидаги камтарона тажрибамдан фойдаланиб айтишим мумкинки, Бабаянга қадар Сергеев терма жамоамиз ҳужумида яққол етакчи эди.

Ёдингизда бўлса, 2012 йилда БАА мезбонлигида ўтган Осиё чемпионатида ҳамюртларимизнинг ярим финалга қадар етиб боришида айнан Сергеевнинг хизматлари катта бўлганди. Финал олдидан Жанубий Кореяга 3:1 ҳисобида бой берилган учрашувда ҳам Игорь терма жамоамизнинг ягона голига муаллифлик қилганди. Ўша пайтларда Сергеев кўплаб мухлислар кўз ўнггида яримта вазиятни голга айлантира оладиган таран ҳужумчи сифатида гавдалана бошлаганди. Кўплаб журналистлар уни “янги Шацких” дея атаганликларини ҳам кузатганмиз.

uzbekistans-igor-sergeev-celebrates-after-scoring-a-goal-during-their-picture-id156020437

Аммо орадан ўтган сўнгги 3 йил ичида унга нисбатан ҳам мухлислар ҳам ОАВ томонидан уюуштирилган босим 25 ёшли футболчини буткул синдириб қўйди. Кечаги ўйинда биз Сергеевнинг беўхшов ҳаракатлари фонида айнан ўша босимнинг самарасини кўрдик. Бунинг устига, унинг захирадан майдонга тушиш вақтида мухлисларнинг “увиллаши” ўзи барбод руҳиятни буткул яксон қилди. Бу нафақат Сергеев фонида, балки бутун жамоа ўйини фонида яққол кўзга ташланди.

Купер ўйиндан кейинги матбуот анжуманида жамоанинг ўйиндаги хатолари ва таркиб борасида бир хулосага келганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, у ҳар бир матбуот анжуманида натижага босқичма-босқич эришиш мумкинлигини, жамоа ўйинини шакллантириб олиш учун ҳали вақт кераклигини қайтаришдан чарчамаяпти. Ишончимиз комилки, бунда у футболчиларнинг руҳий томонлама тайёргарлигини ҳам эътиборга олаётгани шубҳасиз. Шундай экан, биз ҳам ягона мақсад атрофида бирлашиб, жамоани танқид ёмғири остида қолдириб савалаш эмас. Муҳим паллада қўллаб-қувватласак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Uzbek-murabbiyi%20(3)

Эътироз билдиришингиз мумкин. Ҳа, сиз ҳақсиз, танқид – келажак меваси. Камчиликларга кўз юмиш, лоқайдлик – энг катта душманимиз. Лекин сўнгги икки ўйин давомида шуни кузатдикки, Купер ҳамон жамоа билан танишишда давом этмоқда. У ҳали футболчиларимизни тўла ўрганиб улгурганича йўқ. Унинг ўзи ҳам Эронга қарши учрашув олдидан жамоани ҳали ўрганиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. У ҳаттоки, жамоа сардорлик боғичини ҳам ҳали кимгадир ишониб топширмаганлигини гап орасида қистириб ўтди. Шунингдек, ўйиндан кейин ҳам икки таймда икки хил футбол кўрганлигини, иккинчи бўлимда асосан янги футболчиларни кўздан кечирганлиги алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўтган 2та ўйинда ўзи учун таркиб борасида етарли хулосага келиб бўлганини ва кейинги ўйинларда ўзини кўрсата олмаган чизиқ вакилларининг ўрнига янги футболчилар жалб этилишини ҳам айтиб ўтди. Шунинг ўзи ҳам ҳозирча “Купер жамоаси” борасида ягона хулосага келишга ҳали эрта эканлигини англатади.

Кечаги учрашувдан сўнг, Купер ўз сўзини қуйидагича якунлади: “Биз ёшларга ҳам эътибор беришни бошладик. Октябрдаги ўйинларга ёшлар терма жамоасидан ўйинчилар чақирилади. Ҳаттоки Сиз терма жамоалардаги ўйинларда умуман иштирок этмаган ўйинчиларни ҳам кўрасиз.”

Демак, воқеалар ривожини кузатамиз. Купернинг ҳақиқий жамоаси эса Осиё кубогидан сўнг маълум бўлади.