Спорт ҳафталиклари Қашқадарёда спортни оммалаштиришга ҳизмат қилмоқда
Ads

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20-сентябр куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Қашқадарё вилоятида ҳам спорт ҳафталиклари юқори савияда ташкил қилинди.

1-6 октябр кунлари вилоят миқёсида кетма-кет старт олган «Ёшлар ҳафталиги»дан бошланган оммавий спорт тарғиботи жараёни 8-13 октябр кунлари спорт ўйинлари (баскетбол, волейбол, гандбол), велоспорт, стол тенниси, бадминтон ва сузиш, гимнастика (бадиий ва спорт гимнастикаси, гимнастрада), шахмат-шашка ҳамда соғломлаштириш гимнастикаси каби спорт турлари бўйича вилоятимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган «Хотин-қизлар ҳафталиги» билан узвийлашиб кетди. Вилоят миқёсида ташкил этилган мазкур «Хотин-қизлар ҳафталиги»да 34 500 нафарга яқин иштирокчилар жамланган бўлса, 15-20 октябр кунлари давомида бўлиб ўтган «Маҳалла ҳафталиги» ва «Нуронийлар ҳафталиги» спорт беллашувлари 11 000 нафар спортсевар кексаларни қамраб олди. Айнан мазкур ҳафталик давомида ёга машқлари ва даволаш гимнастикаси бўйича ҳам машғулотлар ўтказилганлиги спорт ҳафталиги иштирокчиларида илиқ таассуротлар қолдирди.

Буни «Нуронийлар ҳафталиги»нинг футбол беллашувларида иштирок этган Эркин Қиёмовнинг қуйидаги фикрлари ҳам тасдиқлаб турибди.

“Футболни севаман. Спортни қўлдан қўймайман. Яшил майдон ва тўп менинг қанотим. «Нуронийлар ҳафталиги»да спорт ўйинларидан ташқари ёга машғулотларининг олиб борилиши биз кексаларни қувонтирди.

Барча таълим муассасаларини қамраб олишга қаратилган «Таълим муассасалари ҳафталиги»да вилоят миқёсида 80000 нафар ўқувчи, 6000 нафар талаба ҳамда 3000 нафар уюшмаган ёшлар ҳафта давомида ўзлари ёқтирган спорт турлари билан ҳам шуғулланди, ҳам тенгдошлари билан беллашиб ҳаракатларига яраша ўзига хос натижаларни қўлга киритишди. Албатта, барча спорт ҳафталикларида муваффақиятли иштирок этган ҳаваскор спортчилар қўлга киритган натижалар вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва спортсевар ҳомийлар томонидан алоҳида рағбатлантирилди.

– Мен Шаҳрисабз туманида ташкил этилган спорт ҳафталигида енгил атлетика спорт туридан иштирок этдим, – дейди Ёрқиной Жуманова. – Ўзимҳар куни эрталаб тонгги бадантарбия ва югуриш спорти билан доимий шуғулланиб келаман. Спорт ҳафталигидан сўнг маҳалламиз аёлларининг таассуротлари янада ортди. Энг муҳими улар спорт билан доимий шуғулланишга бел боғлашганини айтди.

Мазкур ташкил этилган спорт ҳафталигининг айнан жорий йилнинг тўртинчи чораги давомида уюшқоқлик билан ўтказилишида жамоат ташкилотларининг ҳам бир қадар фаоллиги сезилди.

Оммавий спорт тадбирларини ўтказиш ва шу орқали кенг аҳоли қатлами орасига жисмоний маданият тарғиботини олиб кириш асосий мақсадга айлантирилган ушбу спорт ҳафталиклари аҳолининг соғлом турмуш тарзи билан мунтазам шуғулланишига, ўзларининг бўш вақтини спорт билан ҳамоҳангликда ташкил этишига кўникмаларни ҳам шакллантириб берди. Тан олиш керак, айнан спорт ҳафталиклари ўтказилиши баробарида нафақат ўқувчи ёшларнинг балки ота-оналарнинг ҳам спортга бўлган диққат-эътибори ортди.

Айнан бугун старт олган «Ёшлар спорт ҳафталиги»нинг илк куниданоқ иштирокчилар сони вилоят миқёсида олиб қараганда 4236 нафарни ташкил этди. Уларнинг 1532 нафари қизлар ташкил этди.

Қашқадарё вилояти

жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси

матбуот хизмати