«Реал»нинг яқин келажакдаги асосий таркиби қандай кўриниш ҳосил қилади?

«Қаймоқранглилар» сўнгги вақтларда ўзининг ўша машҳур «Галактика» қуриш трансфер сиёсатидан буткул воз кечган ва иқтидорли ёшларга инвестиция киритиш бўйича сўнгги беш йил ичида мисли кўрилмаган ютуқларга эришмоқда.

«Реал Мадрид» жаҳон даражасидаги футболчиларни олиб келиши албатта сўнгги беш йилда қаторасига уч марта Чемпионлар Лигаси бош совринини ютиб олишларига сабаб бўлди. Аммо ўша таркиб Криштиану Роналдусиз қийинчиликка дуч келганини кўрсатмоқда.

Бу ҳолат Зинедин Зиданнинг бош мураббий сифатидаги сўнгги мавсумида ҳам яққол кўринди. Ла Лигани учинчи ўринда якунлаган мадридликлар мавсумни Чемпионлар Лигасидаги ғалаба билан қутқариб қолишнинг уддасидан чиқишди.

Зизу кетганидан кейин эски муаммолар Хулен Лопетегининг қисқа муддатлик фаолиятида ҳам бўй кўрсатди. Унинг ўрнига келган Сантьяго Солари ҳам ўхшаш муаммолар гирдобида қолмоқда. Ла Лиганинг сўнгги турида ўз уй стадионидаги мағлубият туфайли «қироллик клуби» азалий рақиблари ва мусобақа пешқадами «Барселона»дан 10 очкгога ортда қолмоқда ва бешинчи ўрингача тушиб кетишди. Мавсумнинг иккинчи даврасида улар қаттиқроқ меҳнат қилиш кераклиги ошкор бўлди.

Саҳна ортида эса клуб президенти Флорентино Перес «боғни тозалаш» ишлари билан югуриб юрибди. Марко Асенсио ва Винисиус Жуниорлар тимсолида клуб яқин беш йилдаги таркибини айнан улар атрофида қуриш режасини тузишган.

«Халқаро футболга бўлган қараш ўзгарди ва биз ҳам мослашдик ва воқеликка дуч келмоқдамиз» – деди Перес 2018-йил ёзида берган интервьюсида. У буни 19 яшар россиялик посбон Андрей Луниннинг таништириш маросимида айтган эди. «Галактика»нинг собиқ қироли Премьер Лиганинг молиявий бақувватлиги ва нефтдан тушадиган миллионлар эвазига қурилган «Манчестер Сити» ва «ПСЖ»лар билан рақобатлашишда «Реал» ортиқ ҳукмронлик қила олмаслигини тан олди.

Янги йўналиш бу эртанинг юлдузларини саралаб олиб келишга айланди. Лунин «Реал»нинг 2013-йил июнидан бери имзолаган 23 ёшгача бўлган футболчиларнинг 22-сига айланди. Бунга Мариано Диаснинг «Лион»дан қайтариб сотиб олинганини ҳам қўшадиган бўлсак, клуб иқтидорли ёшлар учун 350 миллион евро сарфлади.

Албатта ушбу трансферларга сарфланган инвестициянинг барчаси ўз мевасини беради, дейиш қийин. Хесе, Асьер Иллараменди ва Алваро Мораталар «Сантьяго Бернабеу»да шубҳасиз мавжуд салоҳиятларига қарамай улар айни вақтда турли клубларда фаолият кўрсатмоқда.

Ҳозирги таркибдан иккитаси – Винисиус Жуниор ва Дани Себальослар ҳали ўз иқтидорини тўлиқ намоён қилганича йўқ. Гарчи клуб ушбу трансферлар учун 60 миллион евродан ортиқ пул сарфлаган бўлсада, улар Лука Модрич ва Карим Бенземаларнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди.

Ҳатто 21 ёшида «Малага»дан катта умидлар эвазига олиб келинган Иско ҳам «Бернабеу»да қийинчиликка учраб келмоқда. Испаниялик ярим ҳимоячи ҳанузгача асосий таркибдан ўрин олишнинг уддасидан чиқа олмаяпти. Аммо клубнинг яқин келажаги ҳатто «Барселона»никидан ҳам порлоқ кўринмоқда. Клуб таркибида 23 ёшгача бўлган футболчилар сони каталонияликларникидан анча кўп.

Бу кўрсаткич ёзда янада ортиши мумкин. «Сантос»дан Родриго ва яқинда «Манчестер Сити»дан қўшиб олинган 19 ёшли Браим Диаслар мадридликлар келажаги бўлиши турган гап. Ушбу рўйхатга Копа Либертадорес мусобақасида жамоасини ғалаба сари етаклаган 20 яшар Эзекиель Паласиос «Ривер Плейт»дан келиб қўшилиши мумкин.

«Витесс»да фантастик спорт формасига эга бўлиб бораётган ва эндигина 20 ёшни қарши олган Мартин Одегаардни ҳам унутмаслик керак. «У яхши ривожланишда давом этмоқда ва бир кун келиб асосий таркибда ўйнашига умид қиламиз» – деди Перес у ҳақида фикр билдираркан.

Аммо клубнинг «эски армия»сини ҳисобдан чиқариш ҳам аҳмоқлик бўлади. «Олтин тўп»нинг амалдаги соҳиби 33 ёшда бўлишига қарамай ҳамон фойдаси тегади. Серхио Рамос, Тони Кроослар ҳам ёшлари ўтаётганига қарамай тўғри йўналишда. Марсело эса ўз позициясида энг зўрларидан бири.

Олдинги чизиқда эса Гарет Бейл ва Карим Бензема Роналдунинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилишмоқда. «Челси»дан олиб келинган Тибо Куртуа эса ҳали 26 да ва Лунинг ўзини кўрсатишни бироз кутиб туришига тўғри келади.

Ушбу футболчилар яқин йилларда жамоада бошқа вазифани бажаришлари ҳам мумкин. Боиси Диас, Родриго ва Одегаардлар уларга кучли рақобатни ташкил қилишади. Аммо ҳозирданоқ бир нарса аниқ, Переснинг олдинги трансфер сиёсатидан воз кечиб эътиборни ёшларга қаратиши мадридликларнинг яқин келажаги даҳшатли кўриниш ҳосил қилишига сабаб бўлади.