Ўзилнинг келажаги қайси клубда давом этади? (Эркин Ғайбуллаев таҳлили)

«Реал Мадрид»дан 2013-йилда Лондонга кўчиб ўтганидан бери Месут Ўзил уч марта Англия Кубогини ютиб олди. Германия билан эса Жаҳон Чемпионатининг бош совринига эга чиқди.

Кўпчилик футболчилар учун бу фаолиятнинг “олтин даври” ҳисобланиши мумкин. Аммо Ўзил учун эмас. Унинг «Арсенал»даги фаолияти парвозлардан кўра пастликка қулашлар билан кечди.

Уни ишлаш коэффициенти юқори эмаслигида айблашганида клуб мухлисларини икки фронтга ажратиб юборди.

Венгер даврида германиялик футболчи озми-кўпми кўриниш берарди. Шимолий Лондон дербисида эса Унай Эмери уни «тактик сабаблар» туфайли ўйин қайдномасига ҳам киритмади.

Ўтган ойда «Борнмут»га қарши баҳсда Эмери Ўзилни захирада қолдирди ва буни «жуда талабчан» рақибга мос келмаслиги билан изоҳлади.

Мана шундай кўплаб сабаблар Ўзилни «Эмирейтс» стадионидан кетишига олиб келиши мумкин. Бироқ қаерга? Унинг жойи қайси клубда бўлиши мумкин? Албатта у «Арсенал»дагидан кўпроқ ўйин амалиётига эга бўладиган бирор клубга ўтиши шубҳасиз. Қуйида ана шу ҳақида.

Орзу: «Ювентус»

«Реал» уни 2013-йилда сотганида Криштиану Роналду бундан хурсанд бўлмаганди. Испан нашрларига кўра, Роналду ўшанда жамоадошларига «Ўзилнинг сотилиши мен учун ёмон хабар. Фақатгина у рақиб дарвозаси олдидан қандай ҳаракатланишимни яхши биларди» деган экан.

Уч мавсум ичида ушбу жуфтлик «Сантьяго Бернабеу»да анча самарали ўйин кўрсатишди. Ўзил португалиялик клубдоши учун 27 голли узатмани амалга оширди. Унинг интуицияси кучли эди, бироқ Карло Анчелотти унга клубдан кетишига рухсат берди.

Энди улар қоғозда яна қайта бирлашиши мумкин. Ўзил Италияда ҳали ўйнаб кўрмаган. «Ювентус» анча жозибали вариант ҳисобланади. Хабарларга кўра, Ўзил Роналду билан қайта бирга ўйнашдан хурсанд бўлар экан.

«Мен у билан ўйнаб завқ олдим. Чунки у мени янада кучлироқ қиларди. У буюк футболчи» – деган немис футболчси “тўпчилар”нинг расмий саҳифасига берган интервьюсида.

Бу трансферга ягона тўсиқ «Альянс Стэдиум»да Пауло Дибаланинг борлиги. Ўзил аргентиналик футболчини «ўнлик» позициясидан сиқариб чиқаришда қийналиши мумкин. Шунингдек, унинг сўнгги вақтларда беқарор ўйин кўрсатаётгани ҳам туринликларни ўйлантириб қўйиши мумкин.

Ҳақиқат: «Интер»

Ўзилни сотиб олиш «нерадзуррилар» учун муаммо туғдирмайди. Йўқотилган шон-шуҳратини қайта тиклашга уринаётган янги раҳбарият Ўзил каби номдор футболчини трансфер қилиши ўз обрўсини қайта тиклашга қўйилган катта қадам бўлиши мумкин.

Итальян нашрлари тарқатган хабарга кўра Лучано Спалетти жамоаси келаси йилда Чемионлар Лигасида иштирок этиш учун январда Ўзилни олиб келишга уриниб кўради.

Шунингдек, уни ижарага олиш варианти ҳам барча томонларга манзур бўлиши мумкин. «Интер» юқори савияли плеймейкер олиб келиш ниятида. Ўзил А Серияни имтихондан ўтказиб кўриши мумкин.

«Интер» қўшимча яратувчанлик учун миннатдор бўлади. Унинг «Жузеппе Меацца»даги иши Мауро Икардининг имкониятларини янада ошириши турган гап.

Джокер: «Манчестер Юнайтед»

Жозе Моуриньо қўли остидалигида «Манчестер Юнайтед» бир неча марта Ўзилни олиб келиши ҳақидаги миш-мишлар чиққанди. Ўзил энг яхши ўйинини айнан Моуриньо бошқарувида «Реал»да ўтказганди.

«Қизил иблислар» португалиялик мураббий қўли остида яратувчанликни йўқотиб қўйди. Шунингдек, тўпурарлик кўрсаткичини ҳам. МЮ «кучли олтилик» жамоалар орасида 29 голи билан энг кам гол урган клуб ҳисобланади.

Моуриньонинг ҳужумкор футбол намойиш қила олмаслиги унинг истеъфосига сабаб бўлди.

Моунинг кетиши ортидан МЮ трансфер бозорида дарҳол яратувчан плеймейкер олиб келишга уриниб кўради. Ўзил 2019-йилда «Олд Траффорд»да ўйнаши мумкинми? Бунга ҳам ҳа, ҳам йўқ, дея жавоб бериш мумкин.

«Тўпчилар» ўзида ўйнай олмаётган кучли футболчини рақибига сотиб юборишга кўнадими?

Бошқа томондан, Ўзил Премьер Лигада қолиш ниятида. Бу ҳам унинг «қизил иблислар» сафига ўтиш варианти сақланиб қолишини англатади.