Оғир атлетика. Акбар Жўраев мусобақани иккинчи ўринда якунлади

Пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" спорт мажмуасида давом этаётган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг навбатдаги кун дастури ниҳоясига етди. Қувонарлиси, бу кун терма жамоамиз вакиллари учун омадли бўлди. 

Эркаклар ўртасида вазни 105 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида қатнашган Акбар Жўраев даст кўтаришда 167, силтаб кўтаришда 202 кг натижа қайд этиб, мусобақани иккинчи ўринда якунлади. 171 килограммни даст кўтаришда ва силтаб кўтаришда 211 килограмм оғирликни бўй сундирган грузиялик Иракли Чхеидзе олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, мисрлик Муҳаммад Абдулазиз кучли учликни якунлаб берди. 

Оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги ЖЧ. 

Эркаклар, -105 кг.: 

1. Иракли Чхеидзе (Грузия) – 382 кг (171кг + 211кг)

2. Акбар Жўраев (Ўзбекистон) – 369 кг (167 кг + 202 кг)

3. Муҳаммад Абдулазиз (Миср) – 360 кг (160 + 200)

Шу билан терма жамоамиз вакилларининг ушбу мусобақадаги иштироки ўз якунига етди. Терма жамоамиз вакиллари ушбу чемпионатда жами 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини жамғаришга муваффақ бўлди. Таъкидлаш жоиз, шу пайтгача ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳали бундай натижа қайд этилмаган эди.