Москвада Россия ва Ўзбекистон МОҚ мутасаддилари сув спорти ҳамда енгил атлетикани биргаликда ривожлантириш бўйича музокара олиб боришди

Хабарингиз бор, Олимпия ҳаракатини ривожлантириш, спорт соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш мақсадида 2018 йилда Ўзбекистон ва Россия Миллий олимпия қўмиталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланганди.

Бугун ана шу ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ҳамда вице-президент Аҳмаджон Раҳимов Москвада жойлашган Россия Олимпия қўмитаси биносида учрашув ўтказишди. Унда мезбонлар томонидан Бош котиб Анастасия Давидова, Бош котиб ўринбосари – Халқаро алоқалар бошқармаси раҳбари Юрий Юрьев ҳамда спорт директори Андрей Конокотинлар иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.

Учрашув давомида томонлар ўзаро келишув асосида ишни давом эттириш, Олимпия ўйинларида кўплаб медаллар жамланмаси ўйналадиган сув спорти ва енгил атлетика спорт турлари бўйича мураббийларни терма жамоамизга жалб қилиш, сув спорти турлари (сув полоси ва синхрон сузиш) бўйича қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш масалалари кўрилди.

Шунингдек, россиялик мутасаддилар март ойида пойтахтимизда фойдаланишга топшириладиган «Ҳумо» кўптармоқли аренасининг очилиш маросимида иштирок этиш истагини билдиришди. Ўз навбатида, Жасур Матчанов мазкур ташрифдан фақат ва фақат хурсанд бўлишини билдирди.

Бундан ташқари, Россия Олимпия қўмитаси вакиллари ўзбек оғир атлетикаси сўнгги йилларда сезиларли равишда ўсганини қайд этишди. Улар томонидан Токио 2020 Олимпиадаси олдидан сўнгги ўқув-машғулот йиғинини биргаликда, Японияга яқин бўлган ҳудуд – Южно-Сахалинск шаҳрида ташкил этиш таклифи билдирилди. Ўз навбатида бу ҳар иккала томон учун ҳам манфаатли ҳамкорлик бўлиши таъкидланди.