Марказий Осиё I очиқ чемпионатида қиличбозларимиз тенгсиз
Пойтахтимиздаги гимнастика бўйича Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг ўсмирлар ва кадетлар ўртасида I очиқ чемпионати ўтказилмоқда.
 
Кеча, мусобақанинг шамшир бўйича ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган беллашувларда ҳамюртимиз Санжарбек Собиров олтин, қозоғистонлик Илҳомжон Анарқулов кумуш, қозоғистонлик Владислав Дуплакин ва ўзбекистонли Асадбек Маматов бронза медалига сазовор бўлди.

Кадетлар ўртасидаги қилич йўналишида барча медаллар вакилларимизга насиб қилди. Ушбу баҳсларда Шерзод Мамутов, Фазилбек Генжабоев ва Бобур Расулов шоҳсупаган кўтарилди.

Шамшир бўйича ўсмир қизлар ўртасида ҳамюртимиз Жасмина Сувонова ғолиб бўлган бўлса, қирғизистонлик Камила Абдулхамитова кумуш, умидли спортчиларимиз Шаҳзода Эгамбердиева ҳамда Рада Қосимова эса бронза медални қўлга киритди.

Қилич йўналиши бўйича кадетлар ўртасида Зайнаб Давибекова, Венера Исроилова, Шаҳноза Тоғаймуратова, Гулбону Эсемуратова каби умидли спортчиларимиз шоҳсупага кўтарилди.

Бугун, 16 феврал куни чемпионатнинг  ўсмирлар ва қиз болалар ўртасида рапира бўйича, кадет ёшлар ва қизлар ўртасида қилич бўйича беллашувлар ўтказилади.