Жавлон Гусейнов: Индонезияда менга яхши пул таклиф қилишди

Ўтган йили ОКМК клубининг Ўзбекистон Кубогини қўлга киритилишида катта ҳисса қўшган ҳимоячи Жавлон Гусейнов жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Хабарингиз бор, Олмалиқ клубига Миржалол Қосимов бош мураббий этиб тайинланди. Шундан кейин таркибда сезиларли ўзгаришлар бошланди ва ўтган йилги таркибдан бир қанча футболчилар кетишди ва Гусейнов ҳам улардан бири. Эътиборлиси, ушбу ўйинчи фаолиятини юртимизда эмас, балки Индонезия чемпионатида давом эттирадиган бўлди. Шу мақсадда куни кеча унинг ўзи билан боғланиб, клубдан кетиши ва янги чемпионатга кўчиб ўтиши ҳақидаги масалалар бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«ОКМК клубига эътирозим йўқ»

- ОКМК клубидан кетишимга бирор-бир жиддий сабаб бор деб ўйламайман. Ҳаммасига ўзим сабабчи. Менга Индонезиядан таклиф бўлганидан кейин уларнинг шароитларини ўрганиб чиққанимдан сўнг шартномага қўл қўйишга рози бўлдим. Шундай қилиб, ўзимни янги чемпионатда синаб кўрмоқчиман. ОКМК клубининг раҳбарлари ва мураббийларига ҳеч қандай эътирозим йўқ. Қолаверса, улар билан янги мавсум учун ҳали гаплашиб ҳам улгурмагандик. Чемпионатимиз тугаганидан кейин дарҳол Индонезиядан таклиф бўлиб қолгани учун уларнинг чақирувини қабул қилишга қарор қилдим. Ваҳоланки, янги мавсумда ҳам ОКМК жамоасида қолиб фаолиятимни давом эттиришим мумкин эди. Аммо боя айтганимдек, «Пусаманиа Барнео»да ўзимнинг янги қирраларимни очмоқчиман.

«Одатда янги мураббий келса, янги футболчилар ҳам келади»

- Олмалиқ клубидан бир қатор ўйинчиларнинг кетганини мураббийнинг алмашгани билан боғлиқ деб ўйламайман. Лекин футболда ҳамманинг ўзига яраша қараши бор. Барибир бизнинг чемпионатда қайсидир клубга янги мураббий келса, ўзи билан 5-6 нафар футболчини жалб қилади. Балки мураббийлар янги жамоасига тезроқ мослашиб олиши учун бир қатор ўйинчилари билан келишар. Албатта, ОКМКдан кетишимга мураббийнинг алмашгани ҳам сабаб бўлди. Бундан ташқари, жамоанинг бу йилдаги вазифаси жиддий. Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқишмоқчи. Шунинг учун Миржалол Қосимов бундай пайтда тажрибали ўйинчиларнинг хизматидан фойдаланиши турган гап. Менимча, шу сабабли ўзгаришлар юз беряпти.

«Янги клубим ўзига тўқ»

- Менга Малайзия жамоасидан ҳам таклиф бўлганди. Аммо уларнинг таклифи у қадар аниқ ва жиддий бўлмади. Улар аввало мени кўрикдан ўтишимни исташди. Аммо бу таклифни кўриб чиқишни истамадим. Индонезия вариантига рози бўлганимнинг боиси шундаки, кўпроқ молиявий томони муҳим роль ўйнади, буни яширишнинг кераги йўқ. Шундан кейин янги клубим ҳақидаги маълумотларни ўргандим. Хуллас, уларнинг таклифи мени қониқтиргани учун бирга ҳамкорлик қилишга рози бўлдим. Билишимча, «Пусаманиа Барнео» ўзига тўқ клуб экан. Ҳозирча Индонезия чемпионатида ўртамиёна клублардан бири ҳисобланади. Лекин бу йил уларнинг асосий мақсади ОФК Кубоги йўлланмасини қўлга киритиш эканлигини айтишди. Бу ҳақда менга клуб президенти маълум қилди. Биз аниқ мақсад учун курашамиз.

«Индонезия футболи маркетинг томондан бизнинг чемпионатдан устун»

- Индонезия чемпионати ва у ердаги шароитлар ҳақида ҳозирча фақат юзаки танишман холос. Менимча, бу давлат географик жойлашувидан келиб чиқиб, чемпионат савияси бўйича Таиланддан кейинги ўринда туради. Индонезиядан сўнг эса Малайзия туради. Лекин клубларнинг профессионаллиги, маркетинг томонидан қилинадиган ишлари ва ташкилий масалаларни йўлга қўйиш борасида Индонезия чемпионати бизникидан анча олдинда. Ўзбекистон чемпионатида эса айнан мен айтиб ўтган масалалар тўлиқ бажарилмай келаётгани учун муаммо ҳисобланади. Мисол учун ўйинчиларни тақдирлаш ёки таништириш маросимларини ҳам юқори савияда олиб боришади. Масалан, Жакартанинг «Персия» клуби мамлакат чемпиони бўлди. Ушбу жамоанинг чемпионлик маросимларини қандай нишонлашганини видео орқали кўрдим. Адашмасам, 220 мингдан зиёд мухлислар Жакарта кўчаларида ушбу клубнинг чемпионлик тантаналарида иштирок этиб табриклаган. Ҳали бу даражадаги чемпионликни нишонлаш тадбири ва унда қатнашган мухлислар борасидаги маросим бўлмаган экан, бу борада рекорд ўрнатилибди. Менинг янги жамоага қўл қўйишимга мана шу жиҳатлар ҳам туртки бўлди. Қолаверса, мамлакат чемпионатидаги ўйинларда стадион томошабинлар билан тўлар экан. 20 мингдан 60 мингача ишқибозлар стадионни тўлдириб туришларини эшитдим.

 «Олмалиқда ҳаммани рози қилишди»

- Бахтиёр Ашурматовнинг Олмалиқдан кетиши менинг кейинги тақдиримга таъсир қилмади. Менинг жамоадан кетишимга Ашурматовнинг умуман дахли йўқ. 2017 йили Таиланд чемпионатида ҳам ўйнагандим. Ўшанда легионер бўлиб фаолият олиб боришни ҳис қилгандим. Тан олишим керакки, шундан кейин барибир менда яна хорижга кетиб легионер сифатида тўп суриш хоҳиши бўлди. ОКМК жамоасидан эса миннатдорман. Ўтган йили биз унутилмас муваффақиятга эришиб, Ўзбекистон Кубогини қўлга киритдик. Молиявий томондан юртимиздаги аксарият клубларда муаммолар бўлиб турибди. Шунга қарамай, ОКМКда ҳамма футболчиларни рози қилишди, ажойиб тарзда мукофотлашди. «Пахтакор», «Локомотив» каби етакчиларни ҳисобга олмаганда, бошқа клублар билан солиштирганда ОКМКга ўхшаган жамоа йўқ деб ўйлайман. Индонезия варианти бўлмаганида Олмалиқда қолардим.