Жамшид Искандеров: Арвеладзенинг менга эътибори ўзгариб қолганди
Ads

Жамшид Искандеров «Пахтакор»ни тарк этиб «Локомотив» аъзосига айланганидан хабарингиз бор. Шу боис «Локомотив» клубининг матбуот хизматига Искандеров билан суҳбатлашиш ниятим борлигини айтдим ва улар таклифимга ижобий жавоб билдирган ҳолда футболчи билан суҳбат ташкиллаштиршга яқиндан ёрдам бердилар. Ўз навбатида Жамшид ҳам бу суҳбатга рози бўлди. Айтиш мумкин, футболчи нима учун «Пахтакор»дан кетганини, Шота Арвеладзенинг унга нега имконият бермаганини, «Локо»ни танлаганининг сабаби, хуллас, жонли суҳбатда анча-мунча гаплар айтилди.

«ПАХТАКОР» МЕНГА ЯНГИ ШАРТНОМА ТАКЛИФ ҚИЛМАДИ»

- Жамшид, аввало «Локомотив» клубига кўчиб ўтишингизга нима туртки бўлгани ҳақида гапириб берсангиз?

- «Пахтакор» билан шартномам тугаганди. Бу орада эса менга «Локомотив»дан таклиф тушди. Натижада уларнинг таклифини кўриб чиққанимдан кейин клуб билан ўзаро келишувга эришдик. «Локомотив»га яхши ниятлар билан келганман. Бу ерда ўзимни кўрсатиб, яна миллий терма жамоа сафида ўйнаш истагидаман. «Локомотив» билан Осиё Чемпионлар лигасида ҳам муносиб иштирок этмоқчиман.

- Демак, «Локомотив»га ўтиш орқали яна янги марраларни забт этмоқчимисиз?

- Албатта. Мен ҳам чиройли ўйинлар кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилгим келади. Халқаро майдонларда эса Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришни истайман. Хуллас, шундай орзу ниятлар билан «Локомотив»га келдим.

- Орзу мақсадларингиз «Пахтакор»да қанчалик амалга ошди деб ўйлайсиз?

- Барибир «Пахтакор» юрагимизда ҳар доим қолади. Чунки шу клубда улғайиб катта футболга қадам босганмиз. Шу сабабли ҳар доим бу жамоага ўз миннатдорчилигимни билдираман. «Пахтакор» ота-боболаримиз мухлислик қилган жамоа. Ўзбекистоннинг юзи ва ҳамма биладиган биринчи рақамли жамоаси деса ҳам бўлади. Мен ҳам ўз вақтида ушбу клубда тўп суришимни ва 10-рақам остида ўйнашимни ўйламаганман. Шунчаки, «Пахтакор» либосида майдонга тушиш орзуларимдан бири бўлган. У ерда ўйнаганим учун Худога шукр қиламан. Ўзбекистон чемпионлигига ҳам эришдик ва яна бошқа ютуқларни қўлга киритдик. Балки яна қачондир «Пахтакор»га қайтиш насиб қилар. Менинг у ердан кетишимни мухлислар ҳар хил тушунишлари мумкин. Қўпол қилиб айтганда, мени кетганим учун ҳақорат қилишлари ҳам мумкин. Лекин ҳар бир одамнинг ўз ҳаёти бор. Пешонасига ёзганидан қутула олмайди. Мана, «Локомотив» аъзосига айланиш пешонамга ёзилган экан, шу нарса содир бўлди. Ваҳоланки, мен ҳам темирйўлчилар жамоасига ўтишимни билмасдим. «Локо» Ўзбекистонда охирги уч йилдан бери чемпион бўлиб келяпти. Менга шундай жамоадан яхши таклиф бўлганидан сўнг нега рад этишим керак? «Пахтакор»да эса қандайдир тушунмовчиликлар бўлди ва менга имконият беришмади. Мени ҳам майдонда маза қилиб ўйнагим ва мухлисларни хурсанд қилгим келади. Ўз кучимни «Локомотив»да синаб кўриш учун уларнинг таклифини қабул қилдим. Лекин менга ишонган ва қўллаб-қувватлайдиган мухлислар ҳам бор, бунга ишонаман. Менга ишонаётган одамларнинг ишончини суистеъмол қилиб қўймайман.

- «Пахтакор» ва Шота Арвеладзе сизнинг кетишингизга қандай реакция билдиришди?

- Шартномам тугаганидан кейин менга ҳеч ким ҳеч нима дегани йўқ.

- Лекин сиз клубнинг янги шартнома таклиф қилишини кутгандингиз-а?

- «Пахтакор»дан шартнома таклиф қилишларини ким кутмайди? Боя айтдим-ку, мен ўша ерда катта бўлдим. «Пахтакор»даги бирорта футболчидан кам жойим йўқ. Тўғри, қачондир бошқа жойга кетиб ўзимни синаб кўриш истагим бор эди. Шунчаки, «Пахтакор»нинг номига бўлса ҳам таклиф билдиришини кутдим. Лекин нима ҳам қилардим? Уларга омад тилайман.

«АЛ ГАРАФА»ГА ЮТҚАЗГАН ЎЙИНДА МЕНИ АЙБДОР ҚИЛИШДИ» 

- Шота Арвеладзе айрим футболчилар мен кутган даражадаги ўйинни кўрсата олишмади дея сизни ҳам айтиб ўтганди. Унинг бу гапига қандай муносабат билдирасиз?

- Тўғрисини айтайми? 2018 йилнинг бошида Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида Қатарда «Ал Гарафа» билан ўйнагандик. Ўша ўйин бизнинг илк расмий ўйинимиз бўлгани учунми ютқазиб қўйдик. Лекин ўша учрашувдаги мағлубиятда мени айбдор қилиб кўрсатишди.

- Ким?

- Шота Арвеладзе мени айбдор деб билади. Дарвозамизга киритилган биринчи ёки иккинчи голдан аввал мен тўпни шеригимга узатаман деб юқорига кўтаргандим. Кейин эса тўпни рақиб эгаллаб олиб ҳужумга ўтганди ва натижада Марко Симич пенальти бўлишига сабабчи бўлганди. Шу боис ўша ўйинда мени мағлубият учун айбдор қилишди. Тўғри, мен хато қилгандирман, буни тан оламан. Лекин мухлислар мағлубиятнинг сабабини билишни талаб қилишганида бош мураббий Жамшид ўша ўйинда хатога йўл қўйди деб айтган. Лекин бу – футбол-ку, ахир ҳаётда ҳам исталган одам хато қилиши мумкин-ку. Хуллас, ўша учрашувдаги биргина хато билан уларнинг кўзига ёмон кўриниб қолдим. Балки «Пахтакор»нинг ички муҳитида кимдир мени ёмонлаб юрдими, билмадим. Ҳар холда ўшандан сўнг менга бўлган эътиборлари умуман ўзгариб кетди. Чемпионатнинг илк турида «Сўғдиёна»га қарши ўйнагандик ва биринчи бўлимдан сўнг мени алмаштириб юборди. Ўша беллашувдан кейин ҳам менга деярли имконият берилмади. Майдонга тушган кам сонли ўйинларда ҳам 10-15 дақиқа тўп сурдим холос. Мен эса тезроқ асосий таркибга кириб олиш учун ҳаракат қилаётгандим.

- Бундан чиқди, Арвеладзе сизга нисбатан гина сақлаб юрганми?

- Тўғриси, «Пахтакор»да ўйнаётган бошқа футболчилар ҳам хато қилишади. Аммо кейинги ўйинда яна уларни майдонга тушираверади. Мен билан эса бундай бўлмади. Масалан, ўтган йили чемпион бўла олмадик, Кубок эса қўлдан бой берилди. Бунга ким айбдор? Натижага ким жавоб беради?

 «НАТИЖАГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?»

- Сизга имконият берилмаётгани учун ҳам ўтган йили ёзда клубдан кетмоқчи эдигиз-а?

- Ҳа, кетмоқчи эдим. Раҳбарларнинг олдига кириб мени қўйиб юборинглар деганман, аммо рози бўлишмаган.

- Шундан кейин ҳам қолиб афсусланиб қолмадингизми?

- Нима ҳам дердим? Бўлар иш бўлиб ўтганди, ҳаётимни давом эттиравераман.

- Ўшанда сизга Эрондан яхши таклиф бўлганмиди?

- Ҳа, Эрондан 100 фоиз аниқ таклиф бор эди. Менимча, ҳар бир футболчи Европада ёки Осиёнинг энг кучли клубларида тўп суришни орзу қилади ва менда ҳам шунақа.

- «Пахтакор»нинг ашаддий рақиби ҳисобланган «Локомотив»га ўтишингиз орқали собиқ жамоангизга ниманидир исботламоқчимисиз?

- «Локомотив»га ўтган бўлсам-да, «Пахтакор» ёки бошқасига ниманидир исботлайман деган хаёл йўқ. Мен фақат ўзим учун ҳали ҳам зўр формага кириб ўйнай олишимни исботлашим керак. Яна бир бор мухлисларнинг меҳрини қозонмоқчиман. Мен ўз йўлимда кетавераман.

- Юртимизда бир ярим йилдан бери ишлаб ҳали соврин юта олмаган Шота Арвеладезга қандай таъриф берасиз?

- Бировни орқасидан ёмонлаб гапиришни хоҳламайман. Шундай одамлар борки, кетганидан кейин албатта ёмонлашади. Ҳеч кимни танқид қилиш ниятим йўқ. «Пахтакор» доимгидек ўзи хоҳлаган футболчиларни оляпти. Мана, ўзингиз айтганингиздек, Арвеладзе юртимизда бир ярим йилдан бери ишлаяпти. Аммо ҳали ҳеч нима ютгани йўқ. Агарда унинг ўрнида бошқа ўзбек мураббийи бўлганида аллақачон ишдан кетган бўларди деб ўйлайман. Чемпион бўла олмадик, Кубокни юта олмадик, мен ёки бошқа бир ўйинчи айбдор бўлган экан, аммо умумий маънода натижага ким жавоб беради? Бундан ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Арвеладзе иш бошлаганида мухлисларга уч йил давомида зўр жамоани шакллантираман деган. Лекин унинг ўрнида бошқа ўзбек мураббийи ҳам бундай шароитда зўр жамоани шакллантириб, Ўзбекистон чемпиони ёки Кубок соҳиби қила олади. Аммо бу пуллар ва бундай ўйинчилар билан Арвеладзе ҳам бир кун келиб барибир соврин ютади. Чунки «Пахтакор» бундан олдин ҳам чемпион бўлган ва кейинчалик ҳам бўлади.

«ПАХТАКОР»ДА МУҲИТ ЯХШИ ЭМАСДИ»

- Шота Юстинович «Пахтакор»га бош мураббий этиб тайинланганида сизнинг янада янги қирраларингизни очади деб ўйлагандик…

- Шу гапингизга қўшимча қилиб мен ҳам тўғрисини айтайми? Ўшанда клуб билан шартномам тугаганди. «Пахтакор» эса менга зўр шартнома таклиф қилган. Ўша пайтда четга чиқиб кетиш учун ҳам вариантларим бор эди. Аммо ота-онам ҳам биринчи навбатда «Пахтакор»ни яхши кўришади. Шароитлар янада яхшиланган пайтда яна бир йил ўзимни синаб, янги даражага олиб чиқмоқчи бўлдим. Чунки мураббий ўзгарди, имкониятлар ҳам катталашганди. Ўзим ҳам ушбу мураббий қўл остида ўз ўйинларимни кўрсата оламан деб ўйлагандим.

- Лекин мураббий ёш, иқтидорли футболчиларни кашф қилиш ўрнига, асосан бошқа клублардан тайёр бўлган ўйинчиларни олиб келаверди. Натижада ривожланиши керак бўлган футболчилар «ўсмай» қолишди…

- Асосий таркибда ўйнамаганим учун алам қилади. Айтганимдек, ҳеч бир ўйинчидан кам жойим йўқ эди. Тишимни тишимга қўйиб, чидаб машғулотларда ишлаганман. Дўстларим сенинг ўрингда бўлганимда чидаб юра олмасдим ва кетган бўлардим деб айтишган ҳам. Ҳар бир ўйиндан кейин вақтим келишини кутганман. Балки мураббийга қайсидир жиҳатларим ёмон кўрингандир, у хоҳлаганини қилди.

- Умуман айтганда, клубда муҳит қандай эди? Масалан, яқинда Одил Аҳмедов «Пахтакор» иштирокидаги ўйинни кўриб жамоавий муҳит яхши эмаслиги ҳақида гапирганди.

- Муҳит чиндан ҳам яхши эмасди. «Пахтакор» Ўзбекистон юзи бўлгани боис терма жамоаларга муносиб ўйинчиларни етиштириб беради. Лекин бу каби 4-5 нафар легионернинг ўйнаши оқибатида иқтидорли ёшлар қолиб кетишди. Масалан, бирор жамоада ҳар йили бир-иккита ёш футболчи кашф этилади. Лекин «Пахтакор»да бу нарса бўлмади. Ҳозир бу клубдан миллий терма жамоада нечта ўйинчи бор? Жалолиддин Машарипов, Егорь Кримец ва Акмал Шораҳмедов. Фарруҳ Сайфиев ҳам бор, у «Насаф»дан келган. Машариповни ҳам «Пахтакор» билан тузган шартномаси тугаган. Айтмоқчиманки, олдинлари «Пахтакор»дан терма жамоага кўплаб ўйинчилар чақириларди. Майли, 2-3 та легионер олиб келишсин, аммо зўрларини чақиришсин. Улар ўзимиздагилардан 2-3 баробар кучли бўлсин, биз уларнинг ўйинидан ниманидир ўрганайлик. «Пахтакор»даги ҳозирги легионерларнинг ёмонламоқчи эмасман. Уларни ҳам яхши томонлари бор.

«ҚАЙСИДИР ЙИЛЛАРИ МЕНГА ҲАМ ОМАД КЕЛГАН»

- Сиз анча эрта танилдингиз, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларидаги ёрқин ўйинларингиз ҳамма яхши эслайди. Ўшанда сизга нисбатан ўзбек футболининг бўлажак юлдузи деган таърифни ишлатишганди. Кейинчалик эса ҳамма мақтаётган Искандеровни «йўқотиб» қўйдик…

- 2015 йили оғир  жароҳат олгандим. Икки-уч марталаб жароҳатим такрорланаверди. Шу боис ўйин амалиётисиз қолиб кетдим. Бундай жароҳатлар ҳаммада бўлиши мумкин, бу таваккал бўлиб қолмайди.

- Жалолиддин Машарипов билан қалин дўстсиз. Аммо бошида унга нисбатан сизнинг имкониятларингиз катталиги сезилиб турарди. Бироқ вақт ўтган сари Машарипов ўйин савиясини ошириб борди ва миллий терма жамоа билан Осиё Кубогида қатнашди. У билан ўртангизда соғлом рақобат борми?

- Йўқ, у билан ўртамизда рақобат деган нарса йўқ. Ёшликдан дўстмиз, аммо сира ўртамизда рақобатлашиш бўлмаган. Ҳозирги кунда чап қанот ҳужум чизиғида ўйнаётган орасида Машариповга ўхшагани йўқ. Шунингдек, омадга ҳам кўп нарса боғлиқ. Масалан, менга ҳам қайсидир йиллари омад келган. Чунки ҳар кимга ҳам омад берилади-ку. Лекин мен меҳнат қилишдан тўхтамайман. Ҳали яна омадли кунларим келади.

- Сизни ёқтирган мухлисларга ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб нималар деган бўлардингиз?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, менга ишонадиган ва соғинган одамлар бор. Рости, ўз ўйинимни ўзим ҳам соғинганман. Ҳали яна ишқибозларнинг ишончини қозона оламан.

- Фаолиятингизда ширин хотиралар билан эслайдиган мураббий деб кимни айтасиз?

- Қайси мураббий билан ишлаган бўлсам, ҳаммасига раҳмат айтаман. Масалан, Хоразмда Олимбой Давлетов мураббийлик қилган. «Пахтакор» академиясига келганимда Дмитрий Ким қўл остида ишлаганман. Шунингдек, мени футболчи сифатида ўсишимда катта туртки бергани учун Самвел Бабаянга раҳмат айтаман. У кўплаб ёш иқтидорларни етиштирган. Бабаян менга ишонганидан майдонда хоҳлаган жойимда хоҳлаган ишимни қилишимга рухсат берган. Яъни, майдонда эркинлик яратиб берганди. Қолаверса, Виктор Жалиловга ҳам раҳмат айтишни унутмайман. Ўз пайтида Самарқандга «Динамо»га бориб ўйнаганман. Чунки Жалилов мени олиб кетганди. Миллий терма жамоада ўйнашимга сабабчи бўлган Миржалол Қосимовдан ҳам миннатдорман. У ҳам ёш бўлишимга қарамай менга ишонч билдирганди. Ёшлар терма жамоасида эса Аҳмаджон Мусаев билан ҳам ажойиб дамларни ўтказгандик. Ҳамма мураббий менинг плюс ва минус томонларимни айтишган, бу ҳаммада бўлади. Сўзимнинг охирида «Пахтакор»даги барча-барча инсонларга миннатдорчилик билдирмоқчиман.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Muzaffar
28/01/2019 15:48
Пахтакор бир сумга киммат команда худо хохласа 12 февраля куни ракиб командага мухлислик киламиз пахта шота аут
&
Muzaffar
28/01/2019 15:46
Пахтакор сохтакор гирромкор

&
Xo'ja
24/01/2019 16:46
Okani qiynashibtide
&
user
24/01/2019 10:19
paxtakor yaxshi jamoa emas.
sababi o'tgan yili bir o'yinda sharhlovchining bir gapini eshitib qoldim, pahtakor yosh futbolchilardan tashkil topgan bu futbolchilarning ko'pi paxtakorning yoshlar jamoasida ham to'p surishadi, deb aytdi.
kattalarda o'ynasa yoshlar jamoasiga tiqilib nima bor? bu iqtidorli yoshlarning yo'lini to'sish emasmi? bu bizning futbolga qancha zarar buni UFA ko'rib chiqsa yaxshi bo'lar edi
&
darwesh
23/01/2019 23:08
Агар локода яхши уйнаб берса, гаплари тугри булади. Хозирча бу факат сузлар.
Aza Arvelazde
23/01/2019 20:26
Jamshidni fikrlarida jon bor, u yaxshi futbolchi va ko'proq imkoniyat so'rashga haqli, ishonaman, lokoda o'ziga qaytadi