Фазлиддин Ғоибназаров: Профессионал боксга юқори марраларни забт этиш учун ўтганман

Бокс бўйича Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби Фазлиддин Ғоибназаров айни дамда фаолиятини профессионал боксда давом эттирмоқда. Боксчимиз апрел ойидан бери профессионал жангларини ўтказиб келмоқда. У шу вақтгача 3 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган ва биттасида нокаут қайд этган.

Ҳозирда АҚШдаги машғулотларини қисқа муддатга тўхтатиб, юртимизда бўлиб турган боксчимиз SPORTS.uz интернет ахборот порталига интервью берди.

– Айтингчи, бу спортга кириб келишингиз қандай бўлган, бунга кимлар сабабчи?

– Боксга кириб келишимга Достон исмли синфдошим сабабчи бўлган. Бундан олдин мен эркин курашга жуда қизиқар эдим. Умуман ҳозир ҳам шундай. Учта укам бор. Уларнинг барчаси шу спорт тури билан шуғулланиб келмоқда. Аслида мен курашчи бўлиб кетишим мумкин эди, бироқ ўша вақтда ўқиш вақти машғулотларга тўғри келмаган. Дарслар асосан тушдан кейин бўларди. Кунларнинг бирида Достон мени ўзи қатнаб келаётган бокс тўгарагига таклиф қилди. Бирга бордик. Барчаси шундан бошланди. Энди бу ҳаётим мазмунига айланиб улгурди. Бунда биринчи устозларим Аброр Турсунпўлатов, Нодир Ғуломов, Олим Муҳаммедов ҳам хизматлари беқиёс.

– Ҳаваскорлар боксида бирорта ютишни истаган мусобақа қолганми?

– Албатта, ҳар бир инсонда бўлади бу нарса. Аммо афсусланадиган нарса қолмади,деб ўйлайман. Ҳаётимдан хурсандман. Қитъа ва дунё биринчиликларида ғалаба қозонишим мумкин эди, аммо бундай бўлмади. Бундан хафа эмасман, ортда қолганига ўйланиш керак эмас. Айтишадику, ҳеч бир иш беҳикмат бўлмайди. Булардан мен ўзимга қимматли тажрибалар олдим ва уларни кейинги мусобақаларда қўлладим, қўллаб келяпман ҳам. Бирида фойда бермаса, иккинчисида албатта, ўз сўзини айтган. Тажрибаларнинг энг катта қўл келгани Рио-2016 Олимпиадасида бўлди ва 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақада ғолиб чиқдим. Бу билан тўхтаб қолгани йўқ. Энди профессионал боксда ҳам ас қотмоқда.

– Фаолиятингиздаги энг ёрқин ғалабалардан бири Рио-2016 Олимпиадада бўлган. Шу ҳақда таассуротларингиз...

– Ҳар бир спортчи Олимпия ўйинларида иштирок этиб, унда ғолиб чиқишни истайди. Мен ҳам ёшлигимдан орзу қилиб келар эдим. Бу мусобақада қатнашишнинг ўзи улкан шараф. Лекин унда ғолиб чиқиш – яна олтин медал билан ортга қайтиш жуда катта бахт. Уни тасвирлаб бериш осонмас. Бу ғалабага ота-онам, яқинларим, мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда Олимпиада вақтида жамоавий муҳит катта рол ўйнади. Агар шулар бўлса, спортчида ҳам ишонч ошади, ундан нималарни кутишаётгани ҳис қилади ва шунга қараб ҳаракат қилади.

– Ўшанда терма жамоамиз аъзоларидан биринчи бўлиб Ҳасанбой Дўсматов ғолиб чиққан эди. Кейин яна кўплаб медаллар қўлга киритилди. Булар ҳам катта руҳий куч беради. Ўзи аслида ҳар иштирокчи Олимпиада вақтида барча нарсани унутиб, бор эътиборини мусобақаларга қаратади.

– Профессионал боксга ўтишингизга нима сабаб бўлди ва унинг ҳаваскорлардаги билан фарқи нима деб ўйлайсиз?

– Анчадан бери профессионал боксга қизиқиб келардим. Кейин бу ерда янада кўпроқ натижаларни қайд этишни истайман. Асосий сабаб шу. Уларнинг фарқига келсак, биргина қўлга тақадиган қўлқоплар билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, профессионал боксда спортчи битта рақибга қарши тайёргарлик кўради. Ҳаваскорда эса умуман бошқача. Бунда бир нечта рақиб билан учрашиш керак бўлади. Шунинг учун буни профессионал боксдан қийинроқ деб ўйлайман. Сабаби рақибларнинг қандай тактикада тушиши, чапақайми ёки аксинча бўлишини билмаймиз. Хуллас жуда кўп машаққат талаб қилади. Профессионалда эса гарчи битта рақиб бўлсада, натижаси бутун фаолиятга катта таъсир ўтказади.

– Профессионал рингдаги илк жанг Сиз учун қандай кечди?

– Юқорида айтганимдек, ҳаваскор ва профессионал бокс ўртасидаги фарқ анчагина. Профессионал боксда рақибларнинг имкониятларини яхши ўрганиш мумкин. Мен ҳам эндигина кириб келдим. Ўзимда ҳам камчиликлар етарли. Биринчи жангимда Виктор Васкес исмли бокчи билан куч синашдим. У менга қараганда тажрибалироқ боксчи саналарди, зарбаларга чидамли эди, лекин мен ҳам бўш келмадим. Қанча урмай, рақибим йиқилмасди. У ҳам ютиш учун чиққан. Ана шу жангда профессионал боксда тажрибам камлиги билинди. Шундай бўлсада, барчаси биз учун муваффақиятли тугади. Энди секин бунга кўникиб боряпман. Айнан шу жанг профессионал рингда кўп куч сарфлашга мажбур қилган жанг бўлиб турибди. Мухлислар кутган ғалабалар ҳали олдинда деб ўйлайман.

– Профессионал рингдаги боксчиларимизни кузатиб борасизми? Улардан қайсиларининг имкониятларини юқори баҳолайсиз?

– Албатта, уларни кузатиб бораман. Яқинда терма жамоада бирга ишлаган Рустам Тўлаганов ҳам профессионал рингдаги фаолиятини бошлади. Ҳозир биргамиз. Биздан олдинги авлод вакиллари кўзга кўринарли натижалар қайд этишган. Ҳозирда эса асосан ёшлар бунга ҳаракат қилмоқда. Энг яхши натижаларни қайд этиб бораётганлар орасида Шоҳжаҳон Эргашевни мисол қилиш мумкин. У 11 жангда 11 ғалаба қайд этди. Ажойиб натижа. Шунингдек, чемпион камарига эга бўлиб турган Қудратилло Абдуқаҳҳоров ва Азизбек Абдуғаффоров муваффақиятли кетмоқда. Яна АҚШда фаолиятини бошлаётган энг яқин дўстларимдан бири Шаҳрам Ғиёсовни профессионал боксга мос боксчи деб биламан. Унинг хатти-ҳаракатлари, жанг услубини кўриб мен Рой Жонсга қиёслардим ва шундай чақирардим. У билан биз қалин дўстмиз. Унга ҳавас қиламан, барчасини тўғри, жой-жойида тартиб билан амалга оширмоқда. Умид қиламанки, унинг профессионалдаги фаолияти жуда ёрқин ғалабаларга, чемпионликларга бой ўтади.

– Қайси промоутерлик компанияларидан таклиф тушган эди? Нима учун айнан АҚШни танладингиз?

Жуда кўплаб промоутерлик компанияларидан таклифлар тушган эди, бироқ бизга Флойд Мейвезерга қарашли Top Rank компанияси билан ишлаб маъқул келди. Шунинг учун АҚШга келдик. У ерда, умуман океанортида боксга бошқача эътибор беришади. Кўплаб чемпион боксчилар билан учрашиш ва маслаҳатлар олиш мумкин. Ҳаттоки, бирга машғулот олиб бориш имконияти ҳам бўлиб қолади.

– Сизда ҳам шунақа имконият бўлдими?

Ҳа. Бир гал мен жаҳон боксчида ўз ўрнига эга бўлиб улгурган биринчи ярим ўрта вазн тоифасида мутлоқ жаҳон чемпиони америкалик Теренс Кроуфорд билан спарринг тушдим. Иккимизнинг ҳам промоутерлик компаниямиз битта. У чапақай экан. Мен ҳам чапақайман. Ўшанда Кроуфорд 2008 йилги Олимпиада чемпионига қарши тайёргарлик кўраётган эди. Бу спарринг иккимизга ҳам жуда маъқул бўлди. Ҳақиқий чемпион билан машғулот яна битта тажриба бўлди.

– 9 декабрь куни жангингиз нима учун бекор қилинди?

– Эски жароҳатим безовта яна қила бошлади. Олдинги жангларда бу унчалик билинмаган эди. Жанг вақтида жароҳат билинмайди, бироқ мазкур тўқнашувдан олдин ўтган машғулотларда янада кучайганини сездим. Бу жиддий масала. Биргина хато бутун фаолиятга катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун олдин даволанишга қарор қилдим.

– Машғулотларга қачондан киришасиз?

– Насиб қилса, янги йилдан яна машғулотларга киришаман. 2018 йилда бизни жуда кўп нарсалар кутмоқда. Бўлажак тайёргарликлар асосан АҚШда бўлади.

– Боксчилик фаолиятингиздан кейин нималарни режалаштиргансиз?

– Спортчи фаолиятини тугатгандан кейин уни кимларгадир ўргатиши керак. Шунинг учун мен ҳам йиққан тажрибамни бошқаларга ўргатаман, мактаб очиш ниятим ҳам йўқ эмас. У ерда ёшлар шуғулланиб, қитъа ва жаҳон ареналарида катта улкан натижаларни қайд этишига ишонаман.

– Суҳбатингиз учун ташаккур.