Анвар Бойназаров чемпионлик жангида иштирок этиш учун Хитойга йўл олди

Хитойнинг Куньмин шаҳрида кикбоксинг бўйича “EM LEGEND 27” турнири бўлиб ўтади. 20 январ куни ўтказиладиган беллашувларда муай тай бўйича икки карра жаҳон чемпиони ва яккакураш жанг санъатлари устаси Анвар Бойназаров ҳам иштирок этади.

Спортчилар жаҳон камари учун 65 кг вазн тоифасида кураш олиб боришади ва иккита ярим финал жангидан сўнг ғолиблар жаҳон чемпионлиги камари учун ўзаро тўқнаш келишади.

Ярим финалнинг биринчи жуфтлигида хитойлик Чанг Ченглонг таиландлик Сенмане билан куч синашса, ҳамюртимиз Анвар Бойназаров бошқа бир таиландлик жангчи Манасни синовдан ўтказади.

Ушбу жанг спортчимизнинг янги мавсумдаги илк жанги ҳисобланади. У мазкур турнирга тайёргарликни Тошкентда ўтказди ва бугун мусобақада қатнашиш учун Хитойга йўл олди.

Мазкур мусобақага тайёргарликлар ажойиб ўтди. Машғулотлар асосан Тошкентда ташкил этилди. Мен жангларга тўлиқ тайёрман. Янги мавсумни ғалаба билан бошлаб, мухлисларни хурсанд қилмоқчиман, – дейди Бойназаров SPORTS.uz интернет порталига.

Ушбу шоу доирасида жами 22 жанг ўтказилиши режалаштирилган. Анвар Бойназаровга омад тилаймиз.