3000 доллар маош, 3 та гол урган ва 3 та таклифни рад қилган Жалил Кимсанов!
Ads

Иқтидорли ҳимоячи Жалил Кимсанов ушбу мавсумни Тожикистоннинг энг кучли клуби – «Истиқлол» жамоасида бошлаганди. Ҳаким Фузайлов қўл остида янги жамоаси билан илк бор ОФК Кубогида иштирок этди. Лекин ҳамюртимизнинг у ердаги фаолияти узоққа чўзилмади ва биринчи даврадан сўнг яна юртимизга қайти келди. Яқинда ушбу ҳимоячи «Андижон» аъзосига айланди. Ваҳоланки, «Қизилқум»да тўп суриши ҳам мумкин эди. Биз билан мулоқот чоғида, Тожикистондаги фаолияти, қанча миқдорда маош олгани, Ўзбекистонга қайтиши ва яна бошқа масалалар бўйича ўзининг очиқ-ойдин фикрларини билдириб ўтди. Ўйлаймизки, бу сизни ҳам бефарқ қолдирмайди.

«Истиқлол» клуби Тожикистон термасидан кучли»

- «Истиқлол»да легионерларни асосан Осиё Чемпионлар лигаси ва ОФК Кубогида иштирок этиш учун йиғишар экан. Агар клуб кейинги босқичга чиқа олмаса легионерларга ҳам жавоб бериб юборишади. Легионерлар билан шартнома тузилаётганда айнан шу банд алоҳида кўрсатиб ўтилади. Тўғриси, «Истиқлол» клуби Тожикистон терма жамоасидан кучли. 14 нафар футболчи айнан «Истиқлол»дан чақирилади. Айрим сабабларга кўра гуруҳдан чиқа олмаганимиз туфайли шартномада ёзилганидек жамоадан кетдик.

кимсанов2_1

«У ерда ўйинимдан қониқишди»

- Рости, у ерда ёмон ўйнамадим. Ҳимоячи бўлсам-да, голлар уришга эришдим. Мақтаниш эмас-ку, у ерда легионерлар орасида бирортасининг статистикаси мендаги каби бўлмади. ОФК Кубогининг гуруҳ босқичидаги барча олтита ўйинда 90 дақиқадан тўлиқ ўйнадим. ОФК Кубогида, Осиё Чемпионлар лигаси саралашида ва Тожикистон чемпионатида биттадан гол урдим. Учала мусобақада биттадан гол урганим албатта ҳимоячи учун яхши кўрсаткич. Клубдагилар менинг ўйинимдан қониқишди. Жамоа раҳбарлари миннатдорчилик билдиришди ва улар билан дўстона равишда хайрлашдик. Уларнинг айтишича, кейинги мавсумга яна ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини билдиришди. Клубда мендан ташқари Арманистон, Сербия ва Украинадан легионерлар бор эди. Арманистонлик ва сербиялик футболчидан клуб қониқиш ҳосил қилишмади. Чунки жароҳат олишди ва етарлича ёрдам бера олишмади.

«Биргина ғалаба бизни кейинги босқичга олиб чиқарди»

- Гуруҳ босқичининг биринчи даврасида биз етти очкони қўлга киритгандик. Иккинчи даврада эса учта ўйиннинг бор йўғи биттасида ғалаба қозонсак бўлди эди. Биринчи даврадан кейин айрим жароҳат олган ўйинчилар таркибга қайтишди. Шундан кейин менга муҳит бузилгандек туюлди. Шунинг учун жамоа биринчи даврадагидек ўйнай олмади. Рақибларимиз ўша-ўша, таркибимизга эса янги футболчи қўшилса қўшилдики, асло камайгани йўқ. Лекин қандай қилиб юта олмаслигимиз мумкин? Учта ўйиндан бор йўғи бир очко олдик холос. Охирги учрашувда бор имкониятимизни ишга солдик. Ўшанда ҳам ютсак кейинги босқичга чиқардик. Ўйин эса асосан битта дарвозага бўлди. Статистика бўйича катта устунлик қилдик. Аммо дарвозага тўп киришни истамади. Ўзим ҳам биринчи даврадан кейин 100 фоиз кейинги босқичга чиқдик деб ўйлагандим. Иккинчи даврани Қирғизистондаги ўйин билан бошладик. Ўшанда ҳам 1:0 ҳисобида ютаётиб якунда иккита гол ўтказиб юбордик. Менимча, омад ҳам биздан юз ўгирди. Ваҳоланки, рақибларимиздан кўра устун ўйнадик. Лекин натижа бўлмади.

кимсанов3

«Легионерларнинг бир сўмига ҳам хиёнат қилишмайди»

- Молиявий томондан ҳаммасини охиригача ҳисоб-китоб қилишди. Кетишимда чипталарни ҳам олиб беришди. Аслида «Истиқлол»да 7 нафар легионер бор. Аммо улардан учтаси Тожикистон фуқаросини қабул қилишган. У ерда маҳаллий ўйинчиларга камроқ пул беришади. Назаримда, 5-10 миллион атрофида ҳақ олишади. Уларда кўтарма пули йўқ. Фақат мукофот пули бор. Бундан ташқари, клуб ОФК Кубогининг кейинги босқичига чиқадиган бўлса, футболчиларга қўшимча бонуслар берилади. Бизда кўтарма пули бериларди. У ерда эса ўша бонуслар кўтарма пулининг ўрнини қоплар экан. Лекин легионерларга кўпроқ пул тўлашади. Масалан, бизда ҳам хорижлик ўйинчилар кўпроқ маош олишади-ку. Тожикистонда легионерларга 3 минг доллардан 8 минг долларгача ойлик маош тўлашади. У ерда легионерларнинг бир сўмига ҳам хиёнат қилишмайди. Барча пуллари ўз вақтида берилади. Мен ҳам ўз кўзим билан кўрдим. Сен ўйнай олмадинг деб ёки бошқа сабаб туфайли пулларидан ушлаб қолинмас экан. Шартномада нима ёзилган бўлса, ўша нарса тўлиқ тўланади. Менинг ойлик маошим 3 минг доллар эди. У ерга биринчи марта борганим ва осиёлик легионер бўлганим учун маошимни шундай қилиб белгилашди. Мукофот пули эса рақибларга қараб қўйиларди. 500 доллардан 1500 долларгача. Мен айтаётган рақамлар асосан ОФК Кубогида тўланади. Тожикистон чемпионатида эса мукофот пули 100 доллардан 300 долларгача.

«Мураббийнинг ишига аралашишди»

- Ҳаким Фузайлов яхши мураббий. Оғир босиқ одам. Ортиқча ҳаракатлари йўқ. Бировни кўп ёки кам кўрмайди. Ҳаммага бир хил қарайди. Ҳаққоний мураббий экан. Ўзи ҳам футбол ўйнаган ва барча нарсани яхши тушунади. Футболчилар билан муносабати ҳам яхши. Лекин у ерда мураббийнинг ишига ҳам аралашиб қўйишди. Менимча, шу нарса ҳам гуруҳдан чиқа олмаслигимизга таъсир кўрсатди.

«Қизилқум»дагилар билан келишгандик, аммо менга бошқача шартнома беришди»

- Тожикистондалигимда менга «Қизилқум» клубидан қўнғироқлар қилишганди. У ердан қайтганимдан кейин уйга келдим ва эртасига Тошкентга бордим. «Қизилқум» ҳам Тошкентда шуғулланаётганди. Раҳбарлари билан кўришиб ҳаммасини гаплашиб олдим ва биз келишиб қўйгандик. Менда учта вариант бор эди. «Бухоро»да ҳам, «Қўқон-1912»да ҳам мени кутишаётганди. Лекин барча таклифни рад қилиб, «Қизилқум»га боргандим. Чунки улар билан ҳаммасини гаплашиб қўйгандим. Шартнома тузиладиган пайтга келганда эса менга бошқача шартномани беришди. Бу эса менга ёқмади. Оғзаки келишганларимиз шартномада акс этмаганди. Шунинг учун «Қизилқум»дан кетдим. Вазият бундай тус олганидан тўғриси жахлим чиқди. Бу эса футболдан кўнгилнинг совишига ҳам сабаб бўлиб қолиши мумкин. Чунки мен «Қизилқум»дагиларнинг гапига ишониб бошқа таклифларни рад этгандим, ҳатто гаплашмагандим ҳам. Мен эса фақат битта клуб билан гаплашдим. Хуллас, шундай қилиб, «Қизилқум» билан келиша олмай қолдик.

кимсанов

«Андижон» эгаллаб турган ўрнига мос эмас»

-  Шундан кейин менга «Андижон»дан таклиф бўлиб қолди. Иккинчи давра бошланишига саноқли кунлар қолганида клубга қўшилдим. Мураббийлар менга ишонишаётганини айтишди. Иккинчи даврани ёмон бошламадик. Ҳозирча битта ғалаба ва битта дуранг қайд этдик. Менимча, ҳаммаси яхши кетяпти. «Андижон» жамоаси менга ёқди. Очиғини айтаман, бу ерда яхши савиядаги футболчилар бор. Шу боис жамоа ҳозирда эгаллаб турган ўрнига мос эмас. Стадион ва машғулот майдонлари олий даражада бўлмаса-да, агар ҳаммасини тўғри йўлга қўйилса, натижалар ҳам янада яхшиланади. «Пахтакор», «Локомотив» каби клубларга сафарда етарлича қаршилик кўрсата олмаслиги мумкин. Аммо ўз майдонида ўша рақиблар билан ҳам бемалол рақобатлаша олади. «Андижон» мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсата олади. «Бухоро», «Қизилқум» каби рақибларини бемалол юта олади. Фақат ишни тўғри йўлга қўйса бўлди. Мана, сафарда ОКМК билан ўйнадик. Агар ўзимиз хатоларга йўл қўймаганимизда бемалол ғалаба қозонган бўлардик. ОКМК майдонида ўйнаган бўлсак-да, улардан кўра имкониятларимиз кўпроқ бўлди. «Металлург»ни эса ютиб қайтдик. Демак, жамоа ўйнашни хоҳлаяпти.

«Хомяковнинг жамоасида ўйнаган ўйинчида жисмоний тарафдан муаммо бўлмайди»

- Александр Хомяков билан ишлаётганимга ҳали кўп бўлмади. Лекин у жуда талабчан. Бошқа жамоаларга қараганда 20-30 дақиқа кўпроқ машғулот ўтказади. Тўғриси, шу пайтгача қаерларда ўйнаган бўлсам, Хомяковнинг машғулотлари бошқаларникига қараганда камида 20 дақиқага кўп ўтказилади. Машғулотдан ташқари пайтларда футболчиларнинг ҳаётига унчалик аралашавермайди. Сен профессионалсан ва ҳаммасини ўзинг билишинг керак дейди. Ўйинчиларга эркинлик яратиб берган. Ҳамма ўзи учун ўзи жавоб беради. Кимда-ким ўйнай олмаса фақат ўзига минус бўлади. Чунки футболчилар ҳам эртага мухлисларнинг олдида ўйнаганда уялиб қолишни хоҳлашмайди. Лекин Хомяков тартиб-интизомни ушлаб туради. Яна бир гап: Хомяков қўл остида ўйнаган ўйинчида жисмоний тарафдан муаммо ҳам бўлмас экан. Унда ўйнаган футболчи бошқа жамоага борса, албатта жисмоний тайёргарлик бўйича қийналиб қолмайди. Хомяковни бошқалардан устун томони шу деб ўйлайман. Ҳар доим бу мураббийнинг жамоасида футболчилар спорт формасида бўлади. Шунинг учун ҳам машғулотларни кўпроқ ўтказади. Керак бўлса, машғулотлар икки соатга ҳам чўзилиб кетиши мумкин. Бошқа пайт эса кунига икки маҳалдан ҳам шуғуллантиради.

«Ҳозирча мавсум охиригача шартнома туздим»

- «Андижон» билан мавсум охиригача шартнома туздим. Чунки ҳаммаси кутилмаганда ва тез содир бўлди. Шу боис аввалига мавсум охирига қадар келишувга эришдик. Унгача эса клуб менинг ўйинларимни кўради. Агар кейинчалик иккала томонга барчаси маъқул тушса мен яна «Андижон»да қоламан.