Ёзги биатлон бўйича ғолиблар аниқланди

Апрель ойи ёзги биатлон усталаримиз учун жиддий синовларга бой бўлди. Шулардан бири Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг “Жалолиддин Мангуберди” номидаги ўқув машғулотлар базасида бўлиб ўтди. Бу мажмуа ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилди. Мусобақада республикамизнинг турли худудларидан махоратли спортчилар имкониятларини намойиш этишди.

Сергей Серебряков — мусобака бош хаками

Ёзги биатлон буйича ёшлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида биз куплаб ёш иқтидор эгаларини кўришимиз мумкин. Улар республикамизнинг турли худудларидан келишган. Бу албатта кувонарли. Илгари пойгаларда маълум бир жамоа аъзоларини кўрар эдик. Хозир қатнашчилар географияси кенгайган. Бу эса рақобатнинг янада кучайишига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Ўсмирлар ўртасидаги ушбу биринчилик, катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиш имконини беради. У ерда эса терма жамоага номзодлар сараланади. Шунинг учун хам беллашувлар кескин куриниш олган. Умид киламиз, совринли ўринлар бир жамоа вакилларига эмас, турли жамоалар шарафини химоя килаётган биатлончиларга насиб этади. Чунки хар бир жамоада пешкадам сифатида эътироф этиш мумкин бўлган спортчилар талайгина. Омад кимга кулиб бокади буни пойгалар якунига билиб оламиз.

Ёзги биатлон шундай спорт тури-ки, унда енгил атлетиканинг кросс ва милтиқдан нишонни пойлаш элементлари мужассам. Биатлончининг асосий мақсади, белгиланган масофани максимал тезликда югуриб ўтиб, нишонни аниқ мўлжалга олиш. Бир қарашда бу жуда оддий спорт тури кўринади, бироқ аслида атлетлар нишонни пойлашда бехато харакат қилиш билан бирга кучлиларини масофанинг барчасига бир хил таксимлай олишлари хам керак.

Ёзги биатлон усталари хам мусобақаларни бошлашди. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида Республикамизнинг барча худудларидан 100 га яқин спортчилар иштирок этишди. Улар бир неча хил пойгаларда имкониятларини синаб кўришди. Жумладан, чемпионатнинг дастлабки куни биатлончилар роллерларда бахс олиб боришди. Қизлар ўртасида кечган қизғин беллашувларда мезбонлар вакиласи Инобат Тожиева энг яхши кўрсатгич қайд этди. Иккита ўқ отиш йўлагига эга 6км лик пойгада унинг жамоадоши Наима Бекмуратова иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликдан пойтахтлик Анастасия Золотаренко жой олди.

Ушбу йўналишда ўғил болалар ўртасида кечган мусобақада Тошкент вилояти жамоаси аъзоси Дилмурод Абдурахмонов ғалаба қозонди. Сурхондарёлик Виталий Сластён иккинчи натижага эга бўлган бўлса, мезбонлардан Бейнбет Бегасилов учинчи ўринни банд этди.
Мусобақа мамлакатимиз ёшлари ўртасида спортнинг техник ва амалий турларидан бири саналган ёзги биатлонни янада ривожлантириш, уни ўғил-қизлар орасида оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни аниқлаб олиш мақсадида уюштирилди.

Ёзги биатлон бўйича Ўзбекистон очиқ кубогининг навбатдаги куни ўтказилган спринт ва пасьют йўналишлари бўйича кечган беллашувларда ғолиблик учун кураш янада шиддатли кечди. Ўғил болалар ўртасидаги спринт мусобақасида фарғоналик Музаффар Мамасолиев зафар қучди. 4 киломерт масофа ва 2 та ўқ отиш йўлагидан иборат бахсларда 2-ўринни сурхондарёлик Виталий Сластён эгаллади. Кучли учликдан фарғоналик Нурмухаммад Қосимов жой олди.

Қизлар ўртасида самарқандлик Севара Чориева биринчи бўлиб маррага етиб келди. Унинг жамоадоши Мадина Сагатова 2-ўринни эгаллаган бўлса, учинчи ўрин наманганлик Шохсанам Абдуллаевага насиб қилди.

Пасьют пойгаларида фарғоналик Музаффар Мамасолиев иккинчи олтин медалини қўлга киритди. Унинг жамоадоши Файзулла Уразходжаев кумуш медалга муносиб деб топилди. Бронза медали мезбон спортчи Бегзод Бековга насиб этди.

Қизлар ўртасида ушбу йўналишда самарқандлик Севара Чориева хамда Мадина Сагатова навбатдаги олтин ва кумуш медалларни қабул қилиб олдилар. Наманганлик Адолат Тўраева бронза медали билан тақдирланди.

Мусобаканинг сўнгги кунида ҳакамлар индивидуал пойгаларда кучлиларни саралаб олишди. 7 километр масофада 4 та ўқ отиш йўлагидан иборат беллашувларда 47 нафар спортчи стартга чиқди. Ўсмирлар қатнашган пойгаларда мезбонлар вакили Дилмурод Абдурахмоновга тенг келадиган спортчи бўлмади. Фарғоналик Музаффар Мамасолиев иккинчи натижани қайд этди. Кучлилар сафидан сурхондарёлик Виталий Сластён жой олди. Таъкидлаш керак, мазкур спортчилар аввалги спринт ва пасьют пойгаларида хам совринли ўринларни банд этишган эди.

Умумжамоа хисобида Фарғона жамоаси аъзолари биринчи ўринни эгаллашди. Наманганлик биатлончилар иккинчи поғонадан жой олган бўлсалар, Тошкент вилояти спортчилари кучли учликка якун ясаб беришди.

Ёзги биатлон бўйича навбатдаги мусобақа май ойида бўлиб ўтади. Унда мамлакат биринчилиги ва кубогида юқори ўринларни эгаллаган спортчилар Ўзбекистон чемпионатида медаллар учун курашни давом эттиришади.

Минбар

Барча блоглар