Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар мундиалларнинг доимий иштирокчиси бўлмасада, аммо унда кутилмаган натижаларни қайд этиб, мухлисларини ҳушнуд этувчи Дания терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Дания – Европа қитъасида футболни тарғиб қила бошлаган илк мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ушбу юрт футболчилари ўзларининг илк учрашувларини 1909 йил 19 октябрь куни Франция терма жамоасига қарши ўтказган. Эътиборлиси, ўша баҳсда данияликлар французлар дарвозасига жавобсиз 9та тўп йўллаб ғалаба қозонишган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Даниянинг жаҳон чемпионатларидаги дебюти 1986 йилги Мексика мундиалига тўғри келади. Ўшанда улар “E” гуруҳида Германия, Уругвай ҳамда Шотландия терма жамоаларига қарши кураш олиб боришган. Қизиғи, улар дебют мусобақанинг ўзидаёқ гуруҳдаги барча рақибларини мағлубиятга учратишиб, биринчи ўрин билан навбатдаги босқичга йўлланмани қўлга киритишган. Бироқ, уларни бу босқичда Испания терма жамоаси нокаутга учратди – 5:1. Шу тариқа данияликларнинг мусобақадаги иштирокига якун ясалди.

Шундан сўнг улар кетма-кет 2та (1990, 1994) жаҳон чемпионати саралашидан ўта олишмади. Ниҳоят 1998 йил Франция мезбонлигида ўтган мусобақада улар иштирок этишди ва яна ўзларини кўрсатишди. Улар бу сафар “C” гуруҳида Саудия Арабистони, Жанубий Африка Республикаси ҳамда мезбон Франция терма жамоаларига қарши баҳс юритишди. Дастлаб, саудияликлар 1:0 ҳисобида таслим этилди. Иккинчи турда эса африкалик футболчилар билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилди. Мезбонларга қарши кечган сўнгги тур учрашувида эса 2:1 ҳисобида имконият бой берилди. Аммо, шундай бўлсада улар иккинчи ўрин билан плей-оффга йўлланмани қўлга киритишди. Нимчорак финалда эса уларга Нигерия терма жамоаси рақиблик қилди. Африкаликларни 4:1 ҳисобида мағлуб этган даниялик футболчилар чорак финал йўлланмасини қўлга киритишди ва ўз тарихларидаги ҳозирча энг юқори кўрсатгични қайд этишди. Даниянинг олтин авлоди эса чорак финалда Бразилияга тўқнаш келди ва жанговор учрашувда 3:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа Дания ўз футболи тарихида янги саҳифа очди.

Шундан сўнг улар 2002 йил Жанубия Корея ва Японияда ўтказилган мундиалда иштирок этишди. Улар “A” гуруҳида Сенегал, Франция ва Уругвай терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Илк турда Уругвай 2:1 ҳисобида таслим этилган бўлса, кейин Сенегал билан 1:1 ҳисобда дуранг қайд этилди. Сўнгги турда эса ушбу мусобақага амалдаги чемпион сифатида ташриф буюрган Франция 2:0 ҳисобида доғда қолдирилди. Етти очко тўплаган Дания гуруҳда биринчи ўрин билан нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Уларнинг жаҳон чемпионатларидаги иштироки яна шу босқичда якунланди. Бу сафар даниялик футболчиларни Англия 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақадан чиқариб юборди.

Орадан тўрт йил ўтиб 2006 йил Германияда ўтказилган мундиал данияликларсиз ўтди. Улар мусобақанинг саралаш босқичида муваффақиятсизликка учрашди. Аммо, 2010 йил Жанубий Африка Республикасида ўтказилган мусобақада Дания иштирок этди. Улар бу сафар “E” гуруҳида Голландия, Япония ва Камерун терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Ушбу ўйинларда Голландия (2:0) ва Японияга (1:3) ҳисобида имкониятни бой берган данияликлар фақатгина Камерун (2:1) устидан ғалаба қозонишни уддалашди ва уч очко билан гуруҳда учинчи ўринда қолиб кетишди.

Шундан сўнг улар 2014 йил Бразилия яшил майдонларида ўтган навбатдаги жаҳон чемпионатида ҳам қатнаша олишмади. Лекин, ЖЧ-2018 саралашида муваффақиятли иштирок этган Дания Россия мундиалида қатнашиш имкониятини қўлга киритди. Энди улар мусобақанинг “С” гуруҳида Австралия, Франция ва Перу терма жамоаларига қарши кураш олиб боришади.

Қитъа биринчиликларидаги иштироки

Дания терма жамоасининг Европа чемпионатидаги илк иштироки 1964 йил Испанияда ўтказилган мусобақага тўғри келади. Ўшанда улар гарчи дебют қилишларига қарамай, якунда ярим финалга қадар етиб боришни уддалашган.

Шундан сўнг Дания кетма-кет 4та қитъа чемпионати саралашидан ўта олмади. Ниҳоят 1984 йил Францияда ўтказилган мусобақада улар яна иштирок этишди. Ўшанда улар Франция, Бельгия ва собиқ Югославия терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олишган ва якунда 2та ғалаба ҳамда 1та мағлубият билан гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритишган. Аммо, кейинги босқичда улар пенальтилар сериясига кўра Испанияга имкониятни бой бериб қўйишган.

1988 йилги Европа чемпионатида эса Дания гуруҳ босқичида қолиб кетди. Аммо, 1992 йилги қитъа биринчилигига қўшни Швеция мезбонлик қилди. Улар гуруҳда Франция, Англия ва мезбон Швецияга қарши баҳс юритишди. “Ўлим гуруҳи” дея аталган гуруҳда Дания бир ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият қайд этди ва иккинчи ўринни қўлга киритди. Ярим финалда Голландия пенальтилар сериясига кўра таслим этилди. Ҳал қилувчи баҳсда эса уларга Германия термаси тўқнаш келди. Бироқ, шу куни омад данияликлар томонида эди. Улар анчайин кучли ва номдор рақиби дарвозасига жавобсиз 2та тўп йўллашди. Шу тариқа Дания ўз тарихидаги ҳозирча ягона бўлиб турган совринни қўлга киритди.

Шундан сўнг улар кетма-кет 2та (1996 ва 2000) Европа чемпионатида гуруҳда қолиб кетишди. 2004 йил Португалия мезбонлигида ўтган мусобақада эса гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритиб, чорак финалга йўл олишди. Аммо, уларни бу босқичда чехиялик футболчилар тўхтатиб қолишди. Чехия – Дания 3:0.

Орада 2008 йил Австрия ва Швейцария навбатдаги қитъа биринчилигига мезбонлик қилди. Бироқ, Дания терма жамоаси ушбу мусобақанинг саралаш босқичидан ўта олмади.

2012 йил Польша ва Украинада бўлиб ўтган мусобақада эса Португалия, Германия ва Голландия терма жамоалари жой олган “ўлим гуруҳи”га тушиб қолди ва шу босқичдаёқ мусобақа билан хайрлашди.

Орадан тўрт йил ўтиб Европа чемпионати Францияда ўтказилди. Аммо, бу сафар ҳам улар саралашдан ўта олишмади ва мусобақада иштирок этишолмади.

Дания терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 1908 йил 22 октябрь, Дания – Франция 17:1.

Энг йирик мағлубияти: 1937 йил 16 май, Германия – Даниф 8:0.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Петер Шмейхель (129).

Энг яхши тўпурарлар: Поуль Нильсен ва Йон-Даль Томассон (52).

ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 3-ўрин (1997).

ФИФА рейтингидаги энг паст  ўрни: 51-ўрин (2017).

Дания терма жамоасига айни дамда 64 ёшли мутахассис Оге Харейде мураббийлик қилмоқда. Унинг бошчилигидаги терма жамоа катта эҳтимол билан қуйидаги таркибда ЖЧ-2018га ташриф буюради.

Дарвозабонлар: Каспер Шмайхель (Лестер, Англия), Фредерик Реннов (Бреннбю), Йонас Лессль (Хаддерсфилд, Англия), Йеспер Хансен (Мидтьюлланн).

Ҳимоячилар: Симон Кьер (Севилья, Испания), Андреас Бьелланн, Хенрик Далсгор (иккаласи – Брентфорд, Англия), Матиас Йергенсен (Хаддерсфилд, Англия), Андреас Кристенсен (Челси, Англия), Йенс Ларсен (Удинезе, Италия), Риза Дурмиси (Бетис, Испания), Янник Вестергор (Боруссия М, Германия), Николай Бойлесен, Петер Анкерсен (иккаласи – Копенгаген), Йонас Кнудсен (Ипсвич, Англия).

Ярим ҳимоячилар: Кристиан Эриксен (Тоттенхэм, Англия), Томас Делэйни (Вердер, Германия), Вильям Квист (Копенгаген), Лассе Шене (Аякс, Голландия), Лукас Лерагер (Бордо, Франция), Майк Йенсен (Русенборг, Норвегия), Пьер-Эмиль Хейбьерг (Саутгемптон, Англия), Микаэль Крун-Дели (Депортиво, Испания), Даниэль Васс (Сельта, Испания), Матиас Йенсен (Норшелланн).

Ҳужумчилар: Николай Йергенсен (Фейеноорд, Голландия), Андреас Корнелиус (Аталанта, Италия), Никлас Бендтнер (Русенборг, Норвегия), Пионе Систо (Сельта, Испания), Виктор Фишер, Роберт Сков (иккаласи – Копенгаген), Юссуф Поульсен (Лейпциг, Германия), Мартин Брейтуэйт (Бордо, Франция), Каспер Дольберг (Аякс, Голландия), Кеннет Зохоре (Кардифф, Англия).

Эслатиб ўтамиз, Дания ўзининг мундиалдаги илк баҳсини 16 июнь куни Перу терма жамоасига қарши ўтказади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98