Андрeс Иньестага энг аниқ ва чуқур таъриф берган шахс футбол файласуфларидан бири бўлган ва Пеп Гвардиола футболчилик фаолияти сўнггида дарсларини ўрганиш учун Мексикага борган - Хуанма Лильо берган эди. “Агар бутун ўйинни сарҳисоб қиладиган футболчи бўлса, бу Андрeс. Мен учун Андрeс футбол. Бирор нарса учун қийинчиликни камайтиришга қаратилган ҳар қандай уриниш адолатсизликка ва камситилишга олиб келади, лекин буни футбол билан бажарилса, унда битта жавобим бор: Андрeс Иньеста бу футбол дегани. Аслида Андрeс Иньеста футболдан ҳам кўпроқ ўйин дегани».

Пеп Гвардиоланинг хушомади эса Лильонинг сўзларини янада бойитади: «Андрeсга миннатдорчилик билдиришим керак, чунки у ҳақиқатдан менга ёрдам берган. Одамлар мураббийлар футболчиларни ўргатишади деб ўйлашади, аммо камдан-кам ҳолатларда футболчилар мураббийларга ўйинни яхшироқ тушунишларига ёрдам беришади. Андрeс -шулардан бири. У менга ёрдам берди. Уни томоша қилсангиз, сиз футболни тушунишни ўрганасиз.»

Иньестани тушуниш орқали футболни яхшироқ тушунасиз. Футболни яхшироқ англаш ни бошласангиз, Иньестани кўпроқ қадрлайсиз. Лильо ва Гвардиола бу борада ҳақли: Иньестанинг ўйини футболни тушуниш калитидир. Гап Кройффча футбол ҳақида бормоқда. Голландиялик афсона футболни бўшлиқ ва вақт ўйини дея эълон қилди, шунингдек, ушбу услубнинг асосий тамойилларини тасвирлаб берди. Ҳар қандай самарали тактик юришлар асосий зоналарда бўшлиқ яратиш ёки ўйинчига вақт яратишга мўлжалланган. Футболчи ҳам ўз навбатида тўп билан ортиқча вақтга эга бўлиш орқали уни самарали ишлатиши керак. Жамоа ўйинининг сифати тўғридан-тўғри бу ўзгаришлар орасидаги мувозанатни қандай топишига боғлиқ.

Хави Иньестани ушбу тамойилнинг даҳосини деб ҳисоблайди: «Андрeс ноёб тарзда бўшлиқдан фойдаланади. У тўп билан ўйнаганида, иккита шарт бажарилади: 1) ундан тўпни олиб қўйиш мумкин эмас; 2) рақиб ўзи хоҳлаган ҳимоявий схемасини қўллай олмайди.»

Гвардиола, Андрeсга берилган энг аниқ таърифни «Барса»нинг жисмоний тайёргарлик бўйича собиқ мураббийи Пако Сейруло берган, деб ҳисоблайди: «Иньеста бўшлиқ ва вақт ўртасида мувозанат топишнинг устасидир. У ҳар дақиқада ўз атрофидаги вазиятни аниқ билади. У ҳатто майдоннинг ўртасида бир неча футболчилар қуршовида бўлса ҳам. Ҳар сафар у олдинга ҳаракат қилишнинг энг тўғри вариантини танлайди. Унга ўхшаганлар жуда кам».

Ақлли ҳаракат билан бўшлиқ яратадиган футболчилар бор, футболчиларни ўзига жалб қилган ҳолда тўпни йўқотмасдан бўшлиқ яратувчи футболчилар бор, бўшлиқдан фойдалана оладиган футболчилар бор, майдондаги вазиятга қараб ва тезкорлик билан қарор қабул қилиш, шунингдек, ақл бовар қилмайдиган техникаси билан қимматли дақиқаларни ютадиганлар бор. Ушбу фазилатларнинг ҳар бири Крoйффча ўйнаш учун муҳим ҳисобланади. Булардан энг камида, бир жуфтлигига эга бўлиш жамоа учун тасвирлаб бўлмас фойда. Агар футболчи уларнинг барчасига эга бўлса, у даҳо ва ўз даврининг энг яхши ўйинчиларидан бири ҳисобланади. Агар у бу хусусиятларни иложи борича қизғанмасдан ишлатса ва ҳар бир ҳаракати билан жамоанинг фойдаси учун қилса, у Иньестадек бўлади.

Хави фикрича, Иньестада ўйинни тушуниш даражаси юқори: «Барселона академиясида ўйинни махсус тарзда ўқишни ўргатишади. Аммо Андрeсда футболни тушуниш туғма фазилат. У позицион ўйиннинг барча қоидаларини интуитив тарзда ҳис қилади». Пеп, эҳтимол, Иньестанинг унга футболни ўргатганлигини айтганида шуни назарда тутгандир. Иньестанинг туғма истеъдоди Ёхан «Барселона»да ишлатган тамойиллари тарафдорларини ва Пепнинг таассуротларини кенгайтирган”.

Бўшлиқ ва вақтнинг яратилиши ўйиннинг боришига қанчалик таъсир қилишини чуқур ҳис қилганимизда, Иньестанинг қандай қобилиятли футболчи эканлигини сезасиз. Айнан шу нарса футболни чинакамига тушунадиган одамлар Андрeснинг ўйинига бир марта назар ташлаб унинг қанчалар ўзига хослигини пайқайдилар.

Шу сабабли Хуанма Лильо,  Иньеста Франк Райкаард жамоасида захирада ўтирган пайтида уни сайёрамиздаги энг яхши футболчи деб атаганди. Буни Самюэль Этоо «Барселона»да ўйнаган вақтида кўра олган эди. У ҳам «дунёдаги энг яхши» иборасини ишлатганди. Фақатгина йиллар ўтиб улар устидан кулган одамлар қилган хатоларининг ҳажмини тушуниб етишди.

Иньестанинг биринчи гувоҳларидан бири «Албаcэте» ёшлар жамоасининг мураббийи эди. Иньестанинг отаси ва бобосининг тушкунликка тушишига, у ўйин бошланганидан 5 дақиқа ўтибоқ мураббийи томонидан алмаштирилган эди. Устози у ҳақида «биз бу болани ўзгартирамиз, биз етарлича кўрдик» деган сўзларни ишлатганди. Андрeснинг оиласи у бу билан нимани назарда тутганини тушуниб етгачгина кайфиятлари кўтарилган эди.

Кейингиси 1996-йилда «Атлетико»ни чeмпион қилган мураббий Радомир Антич бўлди. Ўшанда Андрeс 12 ёшда эди. У асосий юлдузлар дея Хонатан Валле (охир-оқибат ҳеч нарсага эришгани йўқ) ва Фернандо Торрес бўлиши кутилган мусобақада ўйнарди. Ҳеч ким Иньестанинг номини ҳам билмаган. Финал учрашувида Валле жамоаси билан Иньестанинг «Албасете»сига қарши ўйнади. Ҳамма Хонатаннинг финтидан ҳайратга тушарди, аммо Антич эмас: “Сиз футболда ҳеч нарсани тушунмайсиз. Энг яхши ўйинчи – «Албасете»нинг 5-рақамли вакили. Ҳеч ким 5-рақам эгасига яқин ҳам эмас. Шунчаки уни томоша қилинг. У ҳеч бир хато қилмади, ҳеч қачон тўпни йўқотмади, ҳар бир қарори тўғри. Ҳатто энг кичик хато қилмади - у улкан фарқ билан энг яхшиси бўлмоқда.”

Кейин «Барса»нинг ўша вақтдаги ярим ҳимоячиси Пеп Гвардиола ҳам ҳайратланди. Клубда даҳо болакай пайдо бўлгани ҳақидаги миш-мишларни эшитгач, Пеп унинг машғулотларини кўришни хоҳлади. Гвардиола машғулотни охиригача томоша қилди ва унинг охирида ёшлар жамоасининг мураббийига шундай деди: «Бу бола ҳозирданоқ мендан кўра яхши». Бир неча ойдан сўнг Гвардиола 14 ёшли Иньестага ёшлар мусобақасида эришилган совринни топширди: «Табриклайман, мен сени биринчи жамоада кўришга умид қиламан, лекин кетгунимча кутиб тур» Бир йил ўтиб эса, Пеп Андрeсга «мен кўрганлар орасидаги энг яхши футболчига» деган сўзлар битилган суратини берди.

Иньеста 16 ёшга тўлганида, у «Барса»нинг асосий жамоаси машғулотларига таклиф қилинди. Дастлаб Андрeс буни ўйин деб билди. У машғулотлар базасига қандай ўтишни билмас эди. Луис Энрикега болакайни ўтказиб юбориши учун соқчилар ёнига югуришига тўғри келди. Машғулотнинг охирида Гвардиола жамоани тўплаб, шундай деди: «Бугунги кунни эслаб қолинг, бугун Андрeс билан биринчи марта ўйнадингиз». Кейин Пеп Хавига ўгирилиб пичирлади: «Бу болакайдан эҳтиёт бўл. Бир куни у мени фаолиятимни якунлашимга мажбур қилади. У барчамизни фаолиятимизни тугатишга мажбурлайдиган даражада жуда яхши.»

Иньестани «Барселона» таркибида биринчи марта чиқаришдан олдин, Луи Ван Гал ўша вақтда клубнинг маъмурий лавозимида ишлаган Лоренсо Серра Феррер билан маслаҳатлашиб олди. «У қайси позицияда ўйнаши мумкин?» – дея сўради Луи. «У даҳо. У ҳар қандай позицияда ўйнаши мумкин. Марказий ярим ҳимоячи, плеймейкер, инсайд, ҳужумчи ортида ёки ўнинчи рақам позициясида позициясида. Агар жамоага бирданига қисқа пас билан қаттиқ босимни енгиб ўтиш керак бўлса, уни ҳатто қанот ҳимоячиси қилишингиз мумкин», - деб тушунтирган эди Лоренсо. Дастлабки схемада уни чап қанот ярим ҳимоясига қўйилганига кўра, голландиялик мураббий Серре Феррернинг сўзларига ростдан ишонган. Бу шундай дегани эди: «Бу майдон. Бу сеники. Ўйна!»

Иньеста – бу сеҳр

Андрeсни  таснифлашнинг ўзи қийин. Хави бу- назорат ва ижодкорлик. Месси - мақсадлар ва узатмалар. Бускетс – тўпни Хави ва Иньестага етказиш билан бирга рақиб ўйинини бузиш. Андрeс ҳамма позицияда оз-оздан шуғулланган, аммо унинг вазифалари ва ҳатто позицияси ҳам тез тез ўзгаргани учун унга содда тавсиф бериш жуда қийин. Эҳтимол, энг аниқ вариант бу майдондаги «сеҳр учун жавобгар» бўлса керак.

Андрeс ҳақида гапирилганда тез-тез «сеҳр» атамасини ишлатилиши ҳайратланарли. «Андрeс – сеҳргар. Шуниси билан у бошқа ҳар қандай футболчидан фарқ қилади. У «Барселона» ва Испания терма жамоасининг бутун даврини белгилаб берди», - дейди Серхио Рамос. «Иньеста – ҳақиқий сеҳр», - деган эди Иван Ракитич у билан жамоадош бўлишидан анча вақт олдин. «У тўп билан бўлса, атрофдаги нарсалар секинлашади ёки ҳатто тўхтаб қолгандай кўринади. Мен уни 15 йилдан ортиқ вақтдан бери биламан ва у ҳеч бўлмаса битта ёмон ўйин ўтказганини эслай олмайман», - дея ҳайратланган эди Фернандо Торрес.

Луис Энрике уни «Гарри Поттер» деб атаган. Рамос бошқа бир хушомадида, кимдир Андрeсга сеҳр қобилиятини берган дея тахмин қилганди: «У авлиё. Бу билан у ҳаммамиздан фарқ қилади. Бирор киши сеҳрли таёқчани унда синаб кўрган. Футбол фанати сифатида, мен у билан ўйнаганимдан фахрланаман. У ўйин тақдирини ҳал қилади. У бошқа ҳеч кимнинг қилиши мумкин бўлмаган нарсаларни қилади».

Тьерри Анри Иньестада супер қаҳрамоннинг қобилиятларини кўради: «ундаги бир нарса мени доимо ҳайратга солади. Агар у олдингиздан шляпада ўтиб кетса, уни танимайсиз. У ҳеч қачон эътиборни талаб қилмайди ва у жалб қилмайди. Лекин унга тўпни бериб қўйишингиз билан у «Супермен»га айланади. »

Иньестанинг шахсиятини сеҳр деб тушунтиришга интилиш тушунарли. Уни одатий категорияларда тасвирлаш жуда қийин, чунки у ягона. Лекин сеҳр ҳақидаги сўзлар сафсата эмас – улар ҳатто илмий тасдиқланган. Стокголм университети профессори Предраг Петрович футбол ақлини ўлчашга уринишлари бўйича бир нечта ишларни ёзган. У кўплаб футболчиларни синаб кўрди.

Иньестанинг тест натижалари уни бошқалардан ҳам кўра кўпроқ ҳайратда қолдирди. Тестлар ўйиндан эртасига машғулотлардан кейиноқ ўтказилган. Шунинг учун, Предраг босим туфайли натижалар кўпчиликда кузатилганидек ёмон бўлиши мумкин дея кутганди. Аммо Иньеста энг яхши натижаларни кўрсатди. Бундай ҳолатда ҳам у ҳар қандай нейробиологик тестда сайёрамиз аҳолисининг 0,1% қисмига кириши аниқланди.

Ўшандан бери, Иньеста университетда барча учун футбол ақли атамаси билан синонимга айланди. Футбол Федерациясидан кафедрага «янги Мессини қандай топиш мумкин?» деган саволни берадиганларга улар аслида «янги Иньеста»ни топиш кераклигини тушунтиришади.

Биз Иньестанинг сеҳри деяётганимиз футбол майдонида уч компонентни ўзида мужассам этган. Булар: 1) босим остидаги ўйин; 2) доим тўғри қарорларни қабул қилиш; 3) шу вақтгача ҳеч ким тушунтириб бера олмаган дрблинг.

Буларнинг барини Жерар Пике жуда яхши тушуниб олган, унинг ўйин сифатига катта таъсир қилишини баён қилган эди: “Агарда Иньестани Moneyball мантиғи бўйича баҳолайдиган бўлсак, ҳеч ким уни сотиб олишни истамаган бўларди. Чунки у оз бўлсада гол уради ва ҳужумкор футболчига ассистентлик қилади. “Барселона” у билан ва усиз ўйинганда анча фарқ қилади. Усиз ўйин услубимиз ўзгаради. У майдонда бўлса, ҳаммаси жойида. У бўлмаса унинг қанчалик муҳимлигини ҳис қиласан. “Барселона” усиз ҳам ғалаба қозониши мумкин, аммо яхши ўйнолмаслиги мумкин.”

Биз энди сеҳрнинг ҳар бир қисмини таҳлил қилиб чиқамиз.

  1. Босим остида ўйин

Андрeснинг энг яхши трибютлари мана бу сайтда жамланган. Бу ерда унинг тўп билан ва бир ўзи 5-7 рақиб билан дуч келган бир қанча расмлари жамланган. Бошқа бирорта футболчида бундай коллекция мавжуд эмас. Бу тасодиф эмас. Иньестанинг рақибларни ўзи билан олиб юриб, тўпни рақибсиз қолган жамоадошига узатиши унинг услуби ҳисобланади.

Ундан бир неча маротаба 6-7 рақиблар қуршовида қолиш қандайлиги ҳақида сўрашган. У бунинг жавобини билмайди. У ҳақида китоб ёзган журналистлар Маркос Лопес ва Рамон Бесега айнан шундай жавобни берган. Бошқа бир интервьюсида Андрeс бу услуби учун узр сўрашига бир баҳя қолганди (у нақадар тенгсиз!).  “Йўқ-йўқ, мен албатта, битта рақибга қарши ўйнашни истайман, 5 тасига қарши эмас.” Бошқа сафар эса одатий ишини қилаётганини айтганди: “Мен шунчаки 12 ёшимда мактаб майдончасида қилган ишларимни қиляпман холос.”

Андрeсдан энг яхши жавобни Сид Лоу қийинчилик билан сўраб олганди. “Бундай вақтларда интуитив тарзда ҳаракат қиламан. Ичимда бир нима менга ёрдам беради. Тактика ва стратегияни тушунаман, аммо футболда айтиб бўлмас томонни ҳам кўраман. Бу минглаб сониялар ичида қарорлар қабул қилишдан иборат. Менга тўпни узатганида ортимда рақиб пайдо бўлса, “ўнгга борайми ёки чапгами?” де ўтирмайман. Мен шунчаки ҳаракат қилишни бошлайман ва услубим иш беради. Баъзан иш бермаслиги ҳам мумкин. Бу вақтда Иньестанинг қўшни хонадаги дўстидан овоз келади: “Ҳамиша иш беради.”

Гвардиола Иньестанинг туғма истеъдодларининг аҳамиятини кўп бора таъкидлаган. Бир марта ундан Иньеста буюк футболчи бўлиб туғилганми дея сўрашганида, Пеп : “Йўқ, у онасининг қорнидаёқ буюк футболчи бўлган” дея жавоб берганди.

Иньестанинг бошқа бир мураббийи эса анча илмийроқ назарияни айтганди: “Иньеста рақибни жалб қилиш учун тўпни ўзида ушлаб туради ва ўйин тақдирини ҳал қилади. У бу ишни қилишига сабаб, юрагининг тубида майдондаги ҳар қандай футболчидан язшироқ эканини ҳис қилади. Иньеста рақибларни ўзи билан олиб юриб бўшлиқни яратади.” Бир марта у менга очиқчасини тан олганди: “агарда рақибнинг 5 футболчиси менга йўналтирилган бўлса, жамоадошларимнинг иши анча осонлашади.”

Эрик Абидаль Андрeснинг трюкларини кузатиркан, жамоадошлари нимани ҳис қилишини тушутнтириб берган эди. Мен унга ёмон пас ёки “инглизча пас” узатсам у қандайдир тўпни ўзига тўғрилаб олаверади. Тушунтириб бериш имконсиз, аммо тўғрилаб олаверади. Кейин эса иккита, учта ва ҳатто бештасини ҳам алдаб кетаверади. Гўё шундай қилиниши керакдай. Ундаги икки иқтидор мени жуда ҳайратга солади: у майдоннинг исталган нуқтасига тўпни етказиб бера олади ва у атрофидаги ҳамма нарсани кўра олади. Қанақасига бундай бўлишини ҳечам тушунмаганман. У олдинга қараб кетаётган бўлиши мумкин, аммо ҳаёлида барчасини деталларигача пишитиб қўяди.”

  1. Қарор қабул қилиш

“Ёрдамчилардан бири ҳар доим – Иньеста нима қилаётган бўлса, жамоадошларини эгаллаб турган даражасидан ҳам янада яхшироқ кўринишига мажбур қилади”, деган эди Пеп Гвардиола. Буни футболчиларнинг ўзи ҳам ҳис қилади. “Қийин вазиятларда тўпни шунчаки Иньестага бериш керак. У бизнинг суғуртамиз. У туфайли сен ҳамиша язшироқ кўринасан” – деган эди Карлес Пуйоль. “Сенда муаммо бўлса тўпни Андрeсга узат, у ечим топади. Унинг энг яхши роли – бу ярим ҳимоячи вазифаси. Аммо дарвозабонликдан ташқари барча позицияларда ўйнай олиши мумкин” – дея Дани Алвеш ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан. Фернандо Торрес эса, “у секундлар олдин нима юз беришини билади. У барчадан бир қадам олдинда.”

Хуан Роман Рикельме “Барса”да асосий таркибдаги ўрнини айнан ёш Иньетса туфайли йўқотган ва барибир у ҳам Андрeснинг даҳолигини рад қила олмайди: “Дунёда футболни барчадан яхшироқ Иньеста ўйнайди. У қачон олдинга бориш, қачон ортда ўйнашни билади. Агарда у чап қанотда тўпни эгаллаган бўлса, ўнг қанотдаги футболчилар қандай жойлашганини аниқ тасаввур қилади. У ҳар қандай ҳаракат учун энг яхши дақиқани танлайди. Қачон алдаш керак, қачон темпни кучайтириш ёки ўйиннинг боришини секинлаштириш. Қарор қабул қилиш инстинктига ўргатиб бўлмайди. Зарба техникасига ёки тўп назоратини ўргатса бўлади. Аммо майдондаги вазиятни тушуниш бу туғилишдан бериладиган хислат.”

Дель Боскеда Андрeс бунга қандай эришаётганига оид ўз назарияси бор: “Андрeс ноодатий футбол заковати ва ўйинни тушуниш фазилати бор. Баъзан унга термулиб туриб у трибунадан туриб ўйнаяпти деган шубҳага бораман. Трибунадан туриб ўйлайман, “У у ерга пас узатиши керак.” Андрeс эса худди шу пасни узатади. Менга буни трибунадан туриб сезиш осон, аммо унга майдонда қийин. Лекин қандайдир йўл билан у тўғри пасни узатади.”

Тушунтириш фантастика бўлиши мумкин, аммо бу ҳақиқатга ростдан яқинроқ бўлса керак. Иньеста ҳақиқатдан ақлбовар қилмас ишларни бажаради. “Мен майдонга чиққанимда, озми-кўпми ўйин қандай кечишини биламан. Ўйин мобайнида баъзи нарсалар ўзгариши мумкин, аммо ўйиннинг бориши менда анча эрта, ўйиндан бир кун олдин пайдо бўлади. Мен уни ҳаёлимда кўраман. Мен буни фаолиятим давомида сездим ва қисман уни назорат қилишни ҳам ўргандим.”

  1. Дриблинг сеҳри

Унинг дриблинг услубини таҳлил қиларкан, Хавьер Маскерано Иньестани гипнозчига қиёслаган эди, бунда у тўп билан муомала қилаётганида танасининг бир қисмига айланиб кетишини назарда тутган эди. Луис Суаресга кўра Иньеста газон устида “буғланиб кетади.” Хавида бошқача вариант бор: “Иньеста ҳимоячиларга қараб тўғри боради кейин бирданига чапга ёки ўнгга қараб бурилиб кетади. Агарда ўша вақтда унга қаршилик қилолмасанг, кейин уни тутиб бўлмайди. Андрес нафақат сени алдаб ўтади, у сени корридадаги ҳўкизга айлантириб қўяди.”

“Тито Виланова Иньеста ҳақида аниқ таъриф берган, “У югурмайди, у сирғаниб юради. У конкисиз хоккейчига ўхшайди. Дарҳақиқат бу рост. У гўё бир томонда сирғаниб юради, кейин ўзининг енгил ҳаракатлари билан бошқа томонга бурилиб кетади” – дейди Пеп Гвардиола.

Аниқ қиёслашлар жуда кўп. Дунё футболида ҳеч ким унга аналоглар изламаётгани эътиборга моликдир. Андреснинг ҳаракатларини илмий-футбол тилида тушунтириб бериш имконсиз. Давид Сильва бунга ҳаракат қилиб кўрди, аммо у ҳам лол қолувчилар томонига ўтиб кетди. “Иньестанинг тўп билан бурилиши уни ҳақиқатда бетакрорлигига айлантирмоқда. Ақл бовар қилмайди, у 2-3 метр масофа оралиғида бурила олади. Ҳимоячилар уни тўхтатишга ҳаракат қилади, аммо уларда имконият йўқ. У ўйиннинг ҳар бир босқичини идеал тарзда ўқий олади ва ақл билан ҳар бир эпизодга реакция билдиради. У ягона.”

Пике эса ҳимоячиларнинг туйғуларини ажойиб тарзда очиб берган. “У тўпни олганидан кейин дастлабки 10 метр масофа ажойиб. У ҳаракат қилишни бошлаганида ҳар қандай ҳимоячи секиндек кўринади. Мен унинг энг тезкор ҳимоячиларга қарши ўйнаганини кўрганман, улардан ҳеч бири ўз вақтида қаршилик кўрсата олмаган. Менимча, бу сеҳр. Бошқа бирортасида бундай вазиятни кузатмаганман.”

Ҳатто Лионель Месси ҳам Иньестанинг техникаси ягоналиги ва юқорилигини тан олади: “Биз Иньеста билан рақиблардан қочишда танани ишлатишимиз билан ўхшашмиз. Бироқ унинг ҳаракатида мени доимо ҳайратда соладиган алоҳида элемент бор. Бу унга энди-энди етволаман дейсан-у, аммо унга етолмаганингдаги ҳолатдир. Унинг, очиқчасини айтганда тезкор деб бўлмайди, аммо у барибир сендан қочиб кетади. Бу унинг техникасидан келиб чиқади.”

“Жаҳонда финт қиладиган, 4 та алдамчи ҳаракатни бажарадиган юлдузлар талайгина. Аммо уларнинг дриблинги жамоасига ҳақиқий фойдани келтирмайди. Иньеста мана шундай футболчиларнинг тескариси. Бир марта тўпга тегиниш ёки ҳатто тегинмаслиги ҳам мумкин, кейин унга етиб бўлмайди. Шунчалар осон, аммо айни вақтда ҳимоячилар учун шунчалар қийин.”

 

(Давоми бор)

Эркин Ғайбуллаев таржимаси.

Манба: Sports.ru

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98