Юртимизда кўзга кўринган мутахассислардан бири Аҳмад Убайдуллаевнинг “Андижон”да иш бошлаганидан кимнингдир хабари бор, яна кимнингдир хабари йўқ. Шундай экан, аниқ айтишимиз мумкинки, тажрибали Аҳмад Иноятович ушбу клубда маслаҳатчи мураббий сифатида иш бошлади. Албатта, ушбу мураббийнинг ўзига яраша мухлислари бор. Шу маънода айтганда, Убайдуллаевга бефарқ бўлмаган ишқибозлар ҳам кўп. Бунинг устига “Андижон” клуби про-лига мусобақасини муваффақиятли бошлади. Бунда эса Элдор Сакаев ҳамда Аҳмад Убайдуллаев тандемининг роли катта эканлигини ҳам таъкидлаш ўринли бўларди. Убайдуллаевнинг мураббийлик фаолияти давомида ёрқин из қолдирган хотиралари ҳам бўлганини футбол мухлислари яхши билишса керак. Айниқса, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги фаолиятини муваффақиятли давр деб атасак янглишмаган бўламиз. Қисқаси, бой тажрибага эга бўлган мутахассис эндиликда “Андижон”ни Суперлигага олиб чиқиш йўлида бош мураббийга яқиндан ёрдам беришга киришди.

Аҳмад Иноятович, сизни “Андижон” клубида учратиш кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмаганди. Айтинг-чи, ушбу жамоада ишлашингиз қай тариқа юз берди?

- Биринчи навбатда мени ушбу клубга таклиф қилишгани учун раҳбариятга миннатдорчилик билдираман. Иккинчидан, “Андижон” бош мураббийи Элдор Сакаев билан олдин ҳам бирга ишлаганмиз. Шунинг учун у билан бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Менимча, шу боис “Андижон”да яна иккимизнинг тандемимиз пайдо бўлди. Яна шуни ҳам айтишим керакки, “Андижон” ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган. Айнан шу жиҳат ҳам уларнинг таклифини қабул қилишимга туртки берди.

- Ўзингиз учун “Андижон”да иш бошлашингиз кутилмаган ҳолат бўлиб туюлмадими?

- Элдор Сакаев “Андижон”да ўтган йилнинг декабрь ойидан бери ишлаб келяпти. Мен ҳам ўша вақтдан бери у билан биргаман. Энг муҳими, яна ўз ишим билан шуғулланяпман. Қаерда бўлсам ҳам зиммамдаги масъулиятли вазифани яхши бажаришга ҳаракат қиламан. 

- Ҳеч кимга сир эмаски, футбол жамоатчилиги олдида ҳурматингиз катта. Қолаверса, мураббийлик фаолиятингизнинг ҳам муваффақиятли саҳифалари бор. Аммо охирги йилларда сизни бош мураббий ролида кўрмай қўйдик...

- (Кулади). Самарқандда ишлаганимдан кейин Рустам Мирсодиқов мени “Металлург”га таклиф қилди. Биласиз, у менинг яқин дўстим. Қолаверса, ёшликдан бирга катта бўлганмиз. Лекин у “Металлург” бош мураббийи эди. Ахир қандай қилиб битта жамоага иккимиз бош мураббий бўлишимиз мумкин? Шунинг учун мен унга ёрдам бериб юрдим. 

- Биз сизни “Металлург”да селекционер мураббий сифатида ишлаганингиз ҳақида эшитгандик. 

- Ҳа, селекционер деса ҳам бўлаверади. Гарчи у ерда селекционер сифатида ишга қабул қилинган бўлсам-да, ишим фақат футболчиларни қидириб топишдан иборат эмасди. “Металлург”да менинг вазифам кенг қамровли эди. Керак бўлса майдонга чиқиб футболчиларга машғулотларни ўтказдик, керак бўлса, назарий билимларни ҳам бердик. 

- Охирги пайтларда мухлислар биздан сиз ҳақингизда кўп сўрашарди. Яъни, Убайдуллаев қаерда, нима иш қиляпти, қабилидаги саволлар билан мурожаат қилишарди. Ўзингиз ушбу саволларга жавоб бериб ўтдингиз. Аммо ўша пайтларда ишқибозлар мени унутиб юборишмаяптими, деган савол сизни ўйлантирмасмиди?

- Йўқ. Бутун ҳаётим футбол билан боғлиқ. Мана, кўриб турибсиз, ҳозир ҳам футбол билан ҳамнафас юрибман. Ҳеч қачон футболдан узоқлашиб кетмаганман.- Йўқ. Бутун ҳаётим футбол билан боғлиқ. Мана, кўриб турибсиз, ҳозир ҳам футбол билан ҳамнафас юрибман. Ҳеч қачон футболдан узоқлашиб кетмаганман.- Олдинги фаолиятингиз ва айниқса, терма жамоадаги муваффақиятли меҳнатингиз мухлисларнинг ёдидан чиқмаган. Аҳмад Убайдуллаев яна аста-секин футболда ўз номини кўрсатиб боряпти. Бу ҳам сизга қўшимча куч ва иштиёқ бераётган бўлса керак-а?

- Агар иштиёқ бўлмаса, у ҳолда мураббий бўлиб ишлашнинг ҳожати йўқ. Бундан ташқари, мен ҳар доим футбол ичида бўлганман. Тўғри, балки кимнингдир хаёлидан кўтарилиб кетган бўлишим мумкин. Албатта, Самарқанддаги ва “Пахтакор”даги фаолиятимни мухлислар билишса керак. Бир сўз билан айтганда, боя айтганимдек, футболдан узоқлашмаганман. 

- Кўриб турганингиздек, охирги пайтларда ўзбек футболида қатор ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада кўплаб мутахассислар ўз фикрларини билдириб ўтишяпти. Шундай экан, Аҳмад Убайдуллаевнинг мавжуд ўзгаришларга муносабати қандай?

- Ҳозирги пайтдаги ўйинларимизни кўриб фикр юритадиган бўлсак, албатта ижобий баҳо берсак бўлаверади. Футболимизда чиндан ҳам яхши ишлар қилиняпти. Ўзбек футболи ривожланиш йўлида ва бу ҳол давом этаётганини ҳамма кўриб турибди. Шу боис футболимизнинг ўсиши давом этишига ишонаман. Шунга мос равишда терма жамоаларимиз мусобақаларда муваффақиятли қатнашишса бу янада катта мотивация беради. 

- Терма жамоалар ҳақида гап кетганда шуни айтиш лозимки, сиз ўз вақтида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан Осиё чемпионати финалига чиққансиз. Умуман олганда, ҳозирги терма жамоаларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, ундаги амалга оширилаётган ишлар сизга ёқяптими?

- Менимча, терма жамоаларимизда ҳамма ишлар тўғри йўналишда кетяпти. Шундай экан, мен жамоаларимизга фақат омад тилайман.

- Охирги савол: Нима учун охирги пайтларда матбуотдан узоқлашиб кетдингиз?

- (Кулади). Узоқлашиб кетганим йўқ. - (Кулади). Узоқлашиб кетганим йўқ. 

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98