954

Ярим оғир вазн тоифасида Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) чемпионлик камари соҳиби россиялик Сергей Ковалев фаолиятини якунлаган собиқ чемпион америкалик Андре Уорд билан рингда учрашишга тайёрлигини билдирган, дея хабар беради BoxingScene нашри.

Ковалев аввалроқ Уордга қарши икки марта жанг қилган ва иккаласида ҳам мағлубиятга учраган. 2016 йил ноябрда россиялик боксчи очколар бўйича имкониятни бой берган. Шундан сўнг шартнома белгиланган реванш жанг имкониятидан фойдаланиб, 2017 йил июнда саккизинчи раундда нокаутга учраган.

Агар у рингга қайтса, у билан учинчи марта учрашишга тайёрман, – дейди Ковалев. – Мен Уорд билан жанг қилишни жуда хоҳлайман, аммо бу тўқнашувга рози бўлишига ишончим комил эмас. Мен ялинмоқчи эмас, бироқ фаолиятини янгилайдиган бўлса, албатта жангга чақираман.

Уорд 2017 йил 21 сентябрда фаолиятини якунлаган. Ўшанда у WBO чемпионлик камари билан бирга, Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) ва Халқаро бокс федерацияси (IBF) камарларига эгалик қилган. У 32 жанг ўтказиб, барчасини ғалаба билан якунлаган. Шулардан 16 таси нокаут.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил ноябр ойида Ковалев ўзбек мураббийи Аброр Турсунпўлатов қўл остида украиналик Вячеслав Шабранскийни иккинчи раундда техник нокаутга учратди ва WBO чемпионлик камарини қўлга киритди. Ковалев ҳисобида 31 ғалаба (27 нокаут), бир дуранг ва 2 мағлубият бор.

Sports.uz 2018