Ўзбекистон 2018 йилда велоспорт бўйича Осиё кубоги ва чемпионатини қабул қилади

313

Ўзбекистон 2018 йилда велоспорт бўйича Осиё кубоги ва чемпионатини қабул қилади

Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) президенти Давид Лаппартьен ва Осиё велосипед спорти конфедерацияси (АСС) президенти Усама Аҳмад Абдуллоҳ ал-Шафар бошчилигидаги делегация ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раҳбарлари ўртасидаги расмий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар ушбу спорт турини юртимизда янада ривожлантириш, ёшларни бунга оммавий жалб қилиш орқали етук ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг иқтидори ва қобилиятларини тўла намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ва Халқаро велосипедчилар Иттифоқи ўртасида  ҳамкорликдаги лойиҳаларни кенгайтириш ва уларни амалга ошириш борасида ишлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон миллий Олимпия қўмитаси

Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистонда велоспорт турини янада ривожлантириш мақсадида 2018 йилда Тошкент велотрекида Осиё кубоги, 2019 йилда эса шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионатини ўтказиш, Президентимизнинг “Чорвоқ” эркин туристик зонасини яратиш тўғрисидаги қарорига асосан “Tour de Charwak Lake” халқаро велопойгаси ўтказилиши масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Бундан ташқари Олимпия тури ҳисобланган “BMX” ва “Маунтинбайк” йўналишларида спортчи ва мураббийларнинг тажрибасини ошириш мақсадида Тошкент вилояти ҳудудида мазкур турлар учун спорт комплексини (велодром) қуришда амалий ёрдам беришга келишиб олинди, Ўз навбатида Халқаро велосипедчилар иттифоқи ва Осиё велосипед спорти конфедерацияси қайтадан ташкил қилинган “Tashkent City” минтақавий велосипед клубининг турли халқаро мусобақаларда иштирок этишини таъминлаш ва амалий ёрдам беришни қўшимча қилишди.

Шундай қилиб, “Tashkent City” минтақавий велосипед клуби 2018 йил дунёнинг саккизта давлатида шоссе ва трек йўналишлари бўйича бўлиб ўтадиган 14 нуфузли мусобақада қатнашади.

Учрашув якунида Халқаро велосипедчилар иттифоқи, Осиё велосипед спорти конфедерацияси ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ўртасида меморандум имзоланди ва эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур делегация таркибидан шунингдек, UCI Халқаро муносабатлар бўлими бошлиғи Гуилламе Мажорие, UCIнинг шоссе велоспорти бўйича комиссияси аъзоси, Европа велосипедчилар Иттифоқи вице-президенти Александр Гусятников, UCIнинг халқаро муносабатлар бўлими мутахассиси, Озарбайжон велоспорт федерацияси Бош котиби Фарход Алиев, Қозоғистон велоспорт федерацияси Бош котиби Тулпар Мансуров, ушбу федерация вице-президенти, “Астана” Президент спорт клуби ижрочи директори Аманбек Кульчиковлар жой олишганди.

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.