"Насаф" клуби бош менежери ЎФФ талаблари борасида нималар деди?

435

Шамил Ярулин ЎФФ талаблари борасида нималар деди?

Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан амалга оширилаётган катта кўламдаги ислоҳотлар кенг омма орасида муҳокама бўлаётганлиги, ҳар ким ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашаётганлиги қувонарли. ЎФФ ва ЎзПФЛ томонидан ишлаб чиқилган янги, замонавий талабларни бажаришга масъул бўлганлар эса аллақачон амалий ишга киришганлиги, қисқа фурсат ичида сезиларли ўзгаришларни юзага келтирганликлари ҳам айни ҳақиқат. Янги талаблар, уларни ҳаётга тадбиқ қилиш, қолаверса, бугунги долзарб масалалар бўйича “Насаф” профессионал футбол клуби бош менежери Шамил Ярулин қуйидагиларни билдирди. 

 - Мамлакатимизда туб ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бу жабҳада бошқа соҳалар каби футболимиз ҳам четда қолмади. Айниқса, ташкилотимизда янги раҳбарлар иш бошлагач, чинакам янгиликларга қўл урилди. 25 йилдан ортиқ даврдан буён ўтказилаётган миллий чемпионатимизда турли йилларда турли ўзгаришлар бўлган, аммо бу қадар туб бурилиш кузатилмаганди. Мусобақа тизимидаги жиддий ўзгаришлар, клублар зиммасига юклатилган қатъий талаблар бошқа соҳалар каби футболда ҳам масъул бўлган барча раҳбарларга, ишчи-ходимларга, мураббийларга, ҳатто футболчиларга ҳам замон билан ҳамоҳанг ишлашга, ислоҳотларга даҳлдор ҳисси билан яшашга ундаётганлиги рост.

Муболаға эмас, кенг футбол оммаси, жумладан, биз мутахассислар ҳам  кейинги йилларда футболимизда ўзгаришлар бўлишини, юксак натижаларга эришиш учун нимадандир воз кечиш ва нимагадир асос солиш ҳақида кўп гапираётган, ҳатто талаб қилаётган ҳам эдик. Мана, ўзгаришлар ҳам бошланди. Олдимизга жиддий талаблар қўйиляпти. Бу талабларни бажармас эканмиз ҳеч қандай ютуқларга эриша олмаслигимиз аниқ. Футболимизнинг янги раҳбарияти ҳар бир клубга чинакам профессионал бўлишни талаб қиляпти. Ниҳоят, клуб биргина жамоадан иборат бўлмаслиги, акс ҳолда давомли муваффақиятларга эриша олмаслигимизни тан олаяпмиз. Шу пайтгача янгиликка қўл урмадикми, янги раҳбарият биздан янгича ишлашни талаб қиляптими,  демак бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишимиз, самарадорликка интилишимиз зарур. Шундагина кўзланган маррага эришишимиз мумкин.

Клубда талаблар бандларини бажариш у қадар муаммолар туғдирмаётган бўлса керак, чунки “Насаф” замонавий шароитлар бўйича мамлакатимиздаги етакчи клубларнинг олди жамоаларидан саналади.

- Таъкидингиз тўғри. Ҳақиқатдан ҳам  “Насаф” анча йиллардан бери профессионал тарзда фаолият юритиб келяпти, Регламент талабларининг аксарияти бўйича шароитлар яратилган. Шунинг учун бу талабларни бажариш биз учун катта қийинчилик туғдирмаяпти.

Шундай бўлса ҳам талаблардан келиб чиқиб, бажарилган ва бажарилаётган вазифаларга мисоллар келтирсангиз.

- Айтайлик, клубимиз қошидаги футбол мактабимиз. Ҳозирги кунда мазкур масканимиз  тарбияланувчиларининг кўпчилиги асосий таркиб ўйинчиларига айланишган. Бундай келажаги бор ёшлар яна кўплаб топилади. Футбол мактабимизни янада ривожлантириш учун режаларимиз бор. Масалан, бу йилдан интилувчан, ўз билимини оширишга ҳаракат қилаётган мураббийларимизни клуб ҳисобидан ривожланган хориж клубларига тажриба оширишга юбормоқчимиз. Мақсад, малакали мураббий қўл остида шуғулланган истеъдодларни келгусида бошқа клубларга, асосан хорижга юбориш орқали клубимизга қўшимча маблағ ҳам топиш. Ўзингизга маълум, футбол мактаби ёҳуд академиясига эга бўлмаган клубларда асосий маблағ ўйинчи харид қилишга сарфланмоқда. Демак, ЎФФнинг талабларидан бири – Футбол Академиялари ташкил этишдан кўзланган мақсадлардан бири ҳам шу, жуда тўғри талаб. Фақат бунёд этиладиган Академиялар тўғри йўлдан боришлари, шу пайтгача футбол мактабларида қилиниб келинган қинғирликларни, яъни ёш футболчиларнинг ёшини камайтириш каби иллатларни такрорлашга йўл қўймасликлари зарур. Яқинда бир неча нафар футболчилар, ЎФФ президенти қарорига кўра, ёшини кичрайтиргани учун футболдан четлатилди. Бу кимларгадир фожеа бўлди. Лекин қачондир фош этилиши керак эди. Чунки, бундай футболчидан на ўзига, на клубга фойдаси бор. Бундайлар келажаги бор ёш футболчиларнинг ўрнини эгаллаб, уларнинг йўлини тўсиб қўяётган эди. Бу ҳам тўғри қарор бўлди.

Клубимиз қошидаги “Севинч” аёллар жамоасининг фаолияти, эришган ютуқлари ва улар учун яратилган шароитлар борасида алоҳида тўхталмасам ҳам бўлади. Жамоани бир қатор етакчи футболчи қизлар тарк этишган бўлса-да, чемпионлик мақсади барибир сақланиб қолган. Биринчи марта ўтган йили кумуш медаль билан кифояланди, бу йил яна бош соврин учун курашади. “Севинч” айни пайтда четдан футболчи таклиф этишга мухтож эмас, сабаби, бир нечта гуруҳларда истеъдодли ўсмир қизлар тарбияланмоқда.

Футзал борасида ҳам жамоа тузиш арафасида турибмиз. Барча жамоаларимиз каби футзалчиларимизнинг ҳам фақат юқори ўринлар учун курашишини мақсад қилган ҳолда тажрибали мураббий ва маҳоратли футзалчиларни чорлаяпмиз. Жамоа шуғулланиши учун шароитлар етарли, спорт манежлари, тренажер хоналари, ётоқхона – булардан муаммо бўлмайди.

Афсуски, нафақат қаршилик, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги футбол ишқибозларимиз кейинги пайтларда футболимиздан безишгани рост, бунга талайгина сабаблар бўлди. Улар кўпроқ Европа футболини томоша қилганликлари учун, бизда ҳам шундай футбол бўлишини хоҳлашади. Бу тўғри талаб. Клубларни қанчалик ривожлантирмайлик, терма жамоа аъзоларига қай даражада шароитлар яратиб бермайлик барибир мухлис кутган ўйинлар бўлмаяпти. Қачонки футболчиларимиз ҳар томонлама ўзларини кўрсатсалар, натижа қила олишсагина футболимиз ўсади, мухлислар ҳам таскин топади. Лекин танганинг иккинчи томони бўлгани каби, футболимиз ривожига мухлисларнинг ҳам улуши-ю, таъсири бор. Клубимиз қошидаги Мухлислар клуби аввалдан фаолият юритиб келади. Санжар Сайфиев раҳбарлигидаги Мухлислар клубининг бир гуруҳ аъзоларига махсус хона ажратилган, стадионда футболчиларни қўллаб-қувватлаш учун махсус чолғу асбоблари, бир хил рангдаги спорт кийимлари, хуллас профессионал клубга мос мухлислар фаолияти мавжуд. Уларга янада кенгроқ шароитлар яратиш, дунёга машҳур клубларнинг Мухлислар клублари билан алоқалар ўрнатиш, уларнинг иш тизимидан ўрнак олиш каби вазифаларни режалаштирганмиз.  

Қолаверса, “Насаф” клуби ўтган йили бош ҳомиймиз “Шўртангазкимё” мажмуаси кўмагида телеускуналар харид қилди. Ўтган йилдан бошлаб ўйинларимиз телевидение орқали намойиш қилина бошланди. Жаҳон футболида аксарият клублар айнан бу орқали ҳам қўшимча маблағ ишлаб топишади. Ўйлайманки, биз ҳам буни тажрибамизга киритамиз.

Футболчиларга қўйилган талаблар борасидаги фикрларингиз қандай?

- Бизнинг асосий вазифамиз замонавий футбол ўйнаш учун футболчи ва мураббийларга керакли шароитларни яратиш. Бу футболга оид инфратузилмалар ва иш ҳақи. Айтиш мумкинки, футболимизни ривожлантириш учун кўп ишлар қилинди, шароитлар яратилди. Аксарият жойларда футбол инфратузилмаси чинакам замон талаблари даражасига келтирилди. Футболчига тўланадиган маош ва мукофот пуллари оширилди. Аммо бу билан футболга бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартирдик, дея оламизми? Ўша мухлислар яхши кўрган Европача футболни ўйнай олаяпмизми? Ўз устимизда ишлаяпмизми? Афсуски йўқ. Бу борада ҳам футболимиз раҳбарияти ташаббускор бўлаяпти, бизни ишлашга ундаяпти. Мен футболчиларга нисбатан нормативлар топширилиши жорий этилганини назарда тутаяпман. Хўш, бир неча рақамдан иборат миқдордаги маошларни талаб қилаётган футболчиларимиз шу катта маошларни оқлашяптими? Ишқибозга ёқадиган жозибадор футбол ўйнаяптими, ўз савиясини ошириб боряптими? Ҳаммаси ҳам эмас. Мана энди уларга нисбатан ҳам талаб жиддий бўлади. Қай савиядаги футболчи бўлишидан қатъий назар жисмоний жиҳатдан етук, соғлом ва албатта, ақлли бўлиши талаб этилмоқда. Шуларга жавоб берса марҳамат, майдонга тушади, эплай олмаса ўрнини эплайдиганларга бўшатсин. Бу талаблар мураббий ишини ҳам осонлаштирди. 

“Насаф”да ҳамма ишлар “беш”дек кўринади, лекин ҳар мавсумда таркибни кўплаб футболчилар тарк этиши, зўр шароити бўла туриб чемпионликка эриша олмаслиги... буларга нима дейсиз?

- Инглиз Алекс Фергюссонни футболдаги намуна деб биламан. У кучли менежер бўлган. Клуб раҳбари сифатида футбол жамоаси атрофидаги барча ташкилий ишларни бошқарган. Аммо у  аксарият футбол ишқибозларига кўпроқ кучли мураббий сифатида таниш. Лекин у ўзини мураббий деб ҳисобламаган.  У жамоани катта ютуқларга етаклаш билан бирга, клубнинг ривожи учун ҳам кўп эътиборини қаратган. Келиб чиқадики, унинг асосий мақсади клубни ривожлантириш бўлган. Бизда ҳам аксарият ҳолда иккита ишни бир инсон қилиши одатга айланган. Айтайлик, бош мураббий ўз иши у ёқда қолиб, кўп вақтини ташкилий ишларга сарфлайди. Натижаси эса маълум. Аслида, футбол клубини менежер бошқарса, футбол жамоаси масаласини бош мураббий ҳал этади. Иккисини бир бири билан алмаштириб бўлмайди. Клубнинг ютуғи ҳам, келажаги ҳам шу икки раҳбарга боғлик. Бу икки лавозимдаги шахс ўзаро тандем ҳосил қилиши керак. Агар икки раҳбар асосий мақсад олдида якдил бўлмаса, керакли натижага эришиш амримаҳол. Рўзиқул Бердиев билан мақсад ва вазифаларимиз улкан.  Лекин бизга кўпинча “Насаф” ҳеч қачон чемпионлик учун курашмайди”, деб таъна қилишади. Ваҳоланки, клубимиз фақат шу мақсад учун ҳаракат қилган, қилмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Фақат бу мақсадга эришиш учун бизнинг ёндошувимиз бошқаларникидан фарқ қилади. Ўйлайманки, “Насаф”нинг чемпион бўлишини мухлисларимиз узоқ кутишмайди. “Насаф” бунга етиб келди.

Жамоани тарк этганларга келсак, бу футбол қонунларидан бири. Албатта, жамоани тарк этиш маълум сабабларга кўра рўй беради. Баъзан бу ҳолат учун клуб раҳбари ёки мураббий айбдор ҳисобланади – сўраган маблағини бера олмагани учун футболчи кетиб қолди, дейилади. Аммо клуб имкониятидан ташқари, катта миқдордаги иш ҳақи ва мукофот пулини сўраган ўйинчининг талабини қондиришга мавжуд маблағимизни сарф қила олмаймиз. Бунинг учун клуб менежери ёки бошқа раҳбар ходимни айблаш ноўрин. Сабаби, клубга ажратиладиган маблағ фақат шу мақсад учун берилмайди. Бизда жамоа учун хизмат қиладиган кўплаб инфратузилмалар бор, шунга яраша харажатлар ҳам кўп - академия, стадион, футболчилар учун ажратилган базалар. Шундан келиб чиқиб, клубимиз келажаги учун бош қотирамиз, пойдеворимиз кучли бўлишини истаймиз. Бу клубнинг устивор йўналиши ҳисобланади. Вақтинчалик ва қимматбаҳо ўйинчи билан давомли ютуқларга эришишнинг имкони йўқ. У барибир кўпроқ пул тўлайдиган жамоага кетиб қолаверади. Аслида бундай футболчиларни айблашимиз ҳам нотўғри, деб ўйлайман. Чунки бу футболчилар клубингнинг ютуғлари учун меҳнат қилди, тер тўкди. Биз ҳар бир футболчимизни ҳурмат қилишимиз, ўз умрини, кучини сарф қилган футболчини қадрлашни ўрганишимиз керак. Баъзан эшитиб қоламан, кеча стадионда уларни олқишлаб турган ишқибозларимиз, улар кетгач, ҳақорат қилишга ўтишади, бу яхши эмас.

Бугунги кунда клубларимиз ҳомий томонидан ажратиладиган маблағлар эвазига фаолият юритиши сир эмас. Биз ўзимизга берилаётган маблағни тўғри сарфлаяпмизми? Буни ҳам таҳлил қиладиган вақт етиб келди. Клубга ажратилган маблағ фақат жамоа харажатлари учун эмаслигини энди ҳамма билиши керак. Бу маблағ эвазига бутун клуб фаолият юритади. Футбол жамоасининг тўлақонли ҳаёти учун меҳнат қилаётган кўпсонли клуб ходимларига иш ҳақи ҳам тўланади. Кўпчилик мухлисларнинг фикрича, бу маблағлар фақат зўр ва қиммат ўйинчилар учун сарфланиши керак. Бу нотўғри тушунча.

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.