Усмон Тошевнинг ўйиндан кейинги фикрлари

9 сентябрь,2017, 17:31 359

Усмон Тошевнинг ўйиндан кейинги фикрлари

“Андижон” клуби ўз майдонида “Насаф-2” жамоасини қабул қилиб рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта гол уришга муваффақ бўлди. Ушбу ўйиндан мезбонлар устози Усмон Тошев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

-  Албатта, қайд этилган 4:0 ҳисоби хурсанд қилади. Бу сафар ёш жамоага қарши ўйнадик. Рақибга нисбатан ҳар томонлама кучли эдик. Лекин, биласизми, барибир ўйиндан ҳам кўнглим тўқ эмас. Ўйиндаги биргина вазият мен хоҳлагандек бўлди. Бироқ ўшанда ҳам биз ҳужумни тўлиқ якунлай олмадик. Айнан ушбу вазиятнинг тўлиқ якунланмагани мени қаттиқ ғазаблантирди. Навбатдаги учрашув учун тўпланганимизда албатта буни муҳокама қиламиз ва тегишли равишда жазолайман. Чунки биз доимо ана шундай вазиятлар устида ишлаяпмиз. Ушбу ўйинда бир марта ўзимиз хоҳлагандек режали равишда ҳужум ташкил қилганди-гу, аммо футболчи ўзбошимчалик билан ҳаммасини барбод қилди.

 Умуман, энг асосийси, биз ғалаба қозондик. Ҳеч ким қаттиқ шикастланмади. Фақат бироз Акмал Холматов, Ойбек Нурматов ва Равшан Асланов бироз жароҳат олди. Аммо булар хавфли эмас. Бугун ҳимояда ҳам яхши ўйнадик. Айниқса, Фарруҳ Бекмуродовнинг ўйини мени хурсанд қилди. Иброҳим Отахонов ҳам яхши ўйнади. Бироқ Фарҳод Бекмуродов мени озгина хафа қиляпти. Ҳайронман, унга бундай ўйнашга, ҳатти-ҳаракатлар қилишга ким ўргатган? Унга доим оддий футболчи бўлишга ва майдонда фақат ўз ўйинини кўрсатиш кераклигини айтяпман. Лекин у ҳимоячиларга ёрдамга келиб яхши ўйнади. Ҳужумчиларга ёрдам бериш керак бўлган вазиятларда эса бироз хатоларга йўл қўйяпти. Биласизми, биз мана шундай ғалабаларга ўрганишимиз керак. 1:0 ютамизми ёки 10:0 гами, муҳими ғалаба. Кўрган бўлсангиз, ўйинимизда тактик ўзгаришлар бўлди. Айниқса, ярим ҳимоямизда ранг-баранглик кўзга ташланди. Ярим ҳимоямизнинг яхши ўйин кўрсатишига Фирдавс Асадов билан Шахбоз Жумабоевнинг орқага қайтиб уларга ёрдам бергани ҳам жуда қўл келди. Ғалабадан ҳамма хурсанд. Энди “Хоразм” билан “Орол”га қарши учрашувларга тайёрланамиз, - дейди Тошев.