UZREPORT TV Флойд Мэйвезер – Конор МакГрегор жангини жонли эфирда намойиш этади

7 август, 16:59 2213

UZREPORT TV Флойд Мэйвезер – Конор МакГрегор жангини жонли эфирда намойиш этади

26 августдан 27 августга ўтар кечаси Лас Вегас шаҳрида бутун жаҳон спорт оламини ларзага солаётган воқеа рўй беради. Профессионал бокс тарихидаги энг кучли жангчилардан бири, ўз замонасининг биринчи рақами ва енгилмас чемпиони ҳисобланган Флойд Мэйвезер катта рингга қайтмоқда. Унга қарши аралаш жанг услублари қироли, UFC тарихидаги ягона икки вазн тоифаси чемпиони, бугунги кун спорт олами асосий юлдузларидан бири Конор МакГрекор рингга чиқади.

Даврон Файзиев (UZREPORT TV): - “Жанг тўлиқ професссионал бокс қоидалари бўйича ўтказилади ва 12 раунд ўтказилиши белгиланган. Ҳозирнинг ўзида бу тўқнашув барча рекордларни забт этмоқда. Яъни, нафақат жанг, балки унинг олдидан ўтказиладиган матбуот анжуманлари, машғулотларнинг онлайн трансляциялари, боксчиларнинг гонорарлари, телеканаллар томонидан харид қилинадиган трансляциялар, чипта нархлари, буларнинг ҳаммаси рекорд натижаларни келтириб чиқармоқда. Бу қизиқиш уларнинг машҳурлик бўйича ҳозирги кунда яккакурашларда тенги йўқ эканлиги билан боғлиқ”.

Ўзбекистонлик спорт муҳлислари ҳам бу воқеани интизорлик билан кутаётганини телеканалимизга келиб тушаётган кўплаб мурожатлардан билиб олиш мумкин. Телеомошабинларимизнинг ана шу истакларини инобатга олган ҳолда UZREPORT TV телеканали Флойд Мэйвезер – Конор МакГрегор жанги ўрин олган бокс кечасини лицензион трансляция ҳуқуқини қўлга киритди. Америка Қўшма Штатларида 26 август куни тунда, бизнинг вақтимиз билан 27 август куни 8:30 дан бошлаб супер-жангнинг трансляциясини UZREPORT TV телеканалида томоша қилинг.

UZREPORT TV – сюрпризлар мавсуми давом этади!