1037

Ўзбек футболининг энг номдор футболчиларидан бири, мамлакатимизнинг 12 карра чемпиони, Ўзбекистон терма жамоаси сафида 119та учрашув ўтказган Тимур Кападзе 2017 йилги мавсум сўнггида футболчилик фаолиятига якун ясайди.

“Локомотив” жамоаси сардори сифатида ўйнаб келаётган асли фарғоналик ушбу футболчи фаолиятини “Нефтчи” жамоасида бошлаган. Сўнгра “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Инчхон Юнайтед” (Ж. Корея), “Шаржа” (БАА) ҳамда “Актобе” (Қозоғистон) каби клублар шарафини ҳимоя қилган.

36 ёшли маҳорат соҳиби шу пайтга қадар Ўзбекистон чемпиони (12 марта), Ўзбекистон кубоги соҳиби (9 марта), Қозоғистон чемпиони унвонларига эга чиққан. Шунингдек, миллий терма жамоамиз сафида узоқ йиллар мобайнида барқарор ўйин намойиш этган.

4 декабр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон кубоги финал ўйини Тимур Кападзе учун профессионал футболчи сифатидаги сўнгги баҳс бўлади.

Қайд этиш жоизки, Тимур Кападзе ортда қолган мавсумда Олий Лигада 21та учрашувда майдонга тушиб, 3 марта ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Sports.uz 2018