Тачмурад Агамурадов: "Бухоро" мухлислари сифатли футболга лойиқ

18 июнь, 13:02 1624

Тачмурад  Агамурадов:

Хабарингиз бор, "Бухоро" клуби ўтган мавсумда кўпчилик мухлисларни ҳайратлантирган ҳолда, миллий чемпионатимизда 4-ўринни банд этганди. Қизиғи, ушбу жамоа бир мавсум олдин Олий Лигада аранг жон сақлаб қолгани ўзбек футболи мухлислари ёдидан кўтарилмагани аниқ. Албатта, жамоанинг бу каби натижа қайд, мураббийларнинг ҳиссаси катта. 

Хусусан, "Бухоро"нинг ҳам мана шундай натижани қўлга киритишида, бир неча йиллардан буён юртимизда фаолият кўрсатиб келаётган, мамлакатмиз футболи билан яхши таниш бўлган турманистонлик мутахассис Тачмурод Агамуродовнинг хизматларини қайд этиш лозим. Шундай экан, тажрибали мутахассис яқинда сайтимиз меҳмони бўлди ва биз шу фурсатдан фойдаланиб, унинг "Бухоро" клубидаги фаолияти ва умуман ўзбек футболи тўғрисидаги фикрлари билан қизиқдик.


Бизда етарлича захира мавжуд эди

***

– Ўзбекистондаги фаолиятингизнинг бошланиши ҳақида гапириб берсангиз.

– 2001 йилда мени ўзбекистонлик футболчиларни Олимпия ўйинларига тайёрлаш учун таклиф этишди. Шу йилнинг сентябрь ойидан турли шаҳарлардан ёш футболчиларни саралаб олдик. Ўшанда биз 1981 йил ва ундан кейинги йилларда туғилган футболчилари саралаб олагандик. Биз режага кўра, тайёргарлик кўраётгандик ва ўз йўналишимизда ишлашда давом этаётгандик. Бироқ, 2002 йилда  “Пахтакор” раҳбарияти ўзгарди ва ўз-ўзидан мураббийлар штабига ҳам ўзрартиришлар киритди. Бундан ташқари, олимпия терма жамоаси раҳбарияти “шерлар” бошқарувини ўз қўлиги олгач, биз ҳам ушбу жамоага кўчиб ўтдик. Бу вақтда маълум даражада селекция ишлари амалга оширилганди ва уларнинг кўпчилиги ёш футболчилардан иборат эди. Хусусан, ўша йили Сервер Жепаров 20, Игнатий Нестеров 18 ёшни қарши олганди ва бизда ётарлича захира мавжуд эди. Бу жамоада мен амалда бош мураббий вазифасини бажарардим, барча селекция, ташкилий ишлар, тайёргарлик, ўқув машғулот йиғинлари жараёнини ташкил этиш менинг зиммамда эди. Бироқ, негадир ўша йиллари мени бу лавозимга тайинлашмади. Ҳозир бунга батафсил тўхталиб ўтишни истамайман, чунки расмий жиҳатдан, бу лавозимга Виктор Жалилов тайинланганди. Амалда эса барча ишни мен ўз мураббийлар штабим билан барча ишларни  олиб борардим. Албатта, бу ишда клубнинг бошқа йўналишдаги вакиллари ҳам менга кўмак беришарди.

Бу ҳақда гапиришни истамасдим, бироқ, бу гапни айтишим керак деб ҳисоблайман.  Бироз вақт олдин ОАВ нашрларидан бирида 15 йил олдин, яъни 2002 йилда “Пахтакор” клубининг мамлакат чемпионлиги ва Кубоги соҳибиги айланганлиги ва Осиё миқёсида ҳам юқори ўринларга кўтарилганлиги, шундан буён ушбу натижа такрорланмаганлиги тўғрисида ўқиб қолдим. Ушбу мақолада жамоа таркиби санаб ўтилиб, унинг бош мураббийи сифатида Виктор Жалилов кўрсатилган эди. Афсуски, бу ерда мени эслаб ҳам ўтишмаган, худдики, мен Ўзбекистонда бутунлай бўлмагандек...  Асосий ишни бажарган одам учун бу ҳолат бироз  ёқимсиз. Сени ҳатто тақдирлашларининг ҳам кераги йўқ, шунчаки, сенинг шу ерда бўлганлигингни қайд қилиб қўйишса бўлгани. Бироқ, ҳарқалай “Пахтакор” мухлисларидан миннатдорман. Чунки, ушбу клубда ишламаётганимга 12 йил бўлган бўлсада, улар мени ҳурмат билан ёдга олишади. Улар ҳамон амалга оширилган ўша ишларни ҳурмат билан эслашади, бу эса албатта кичкина иш эмас. Келибоқ ғалаба қозонишнинг имкони йўқ. Кимдир ўша йиллар чемпионат нуфузи ўзгача бўлган дейиши мумкин. Аммо, ўша йилларда Юрий Саркисян бошқарувидаги “Нефтчи”, ривожланиб бораётган “Қизилқум”, шунингдек, яхшигина ўйин намойиш этиб келаётган “Насаф” каби жамоалар ўртасида муросасиз кураш кечарди.  Шундай экан, мен биз билан учрашадиган ва ҳурмат билан муносабат билдирадиган мухлисларимиздан жуда миннатдорман.

– Мухлислар ҳақида гап кетганда, сиз бошқарган деярли барча жамоаларда натижалари юқори бўлиб келган. Шундай экан, агарда сизни яхши хотиралар билан эслашмаса ҳам ғалати бўларди. Шуни ишонч билан айта оламанки, “Бухоро” мухлислари сизнинг бошқарувингизда ўтган йили кўрсатилган натижадан мамнундирлар.

– Мен ҳам шу ўринда, “Бухоро” мухлисларидан миннатдор эканлигимни билдирмоқчиман. 2012-13 йилги мавсумда биз 6-ўринни банд этгандик. Бироқ, тушунарсиз сабабларга кўра, бизни жамоадан четлатишди ва бунга батафсил тўхталиб ўтирмайман. 2015 йилда эса бизни яна жамоага қайтаришди. Шуни тушунаманки, бизни жамоадан озод қилишган йилларнинг бирортасида жамоани ўз ихтиёрим билан тарк этганим йўқ. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади, бу ҳақда батафсил гапириб ўтишнинг хожати йўқ. 2015 йилда ҳам биринчи даврадан сўнг жамоа 5 очко билан турнир жадвалининг сўнгги поғонасини банд этиб турганди. Биз ёрдамчиларимиз билан жамоага қайтдик, ўша вақтда клубни Олий Лигада сақлаб  қола олишимизга умуман ҳеч ким ишонмаганди. Албатта, Жиззахда ўтган сўнгги ўйинда бизни майдонда қўллаб турган жонкуяр мухлисларни ҳисобга олмаганда. Бу ерга ҳам Бухородан жуда кўп мухлис ташриф буюрганди. Ҳатто, Бухородаги стадион ҳам жамоа сўнгги ўринни банд этиб турганига қарамасдан, стадионга мухлислар ташрифи юқори даражада эди. Албатта, бундай ишқибозларга сифатли футбол намойиш этиш лозим, эди. Чунки улар жамоага чин дилдан мухлислик қилишарди. 2016 йилда эса 4-ўринни эгалладик ва бу жамоа “Нурафшон” деб аталган вақтдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич эди. Аммо, яна негадир бизни жамоадан четлаштиришди. Тушунаман, жамоа раҳбарияти янгилангач, кўринишидан улар нимадир янгилик яратмоқчи бўлишди, балки ҳаммаси яхшиликкадир. Натижада эса биз жамоасиз қолдик.


Биз Бухорода жуда кўп иш қилишимиз мумкин эди...

***

– Шу вақтда “Бухоро” раҳбарияти қандайдир бошқача таклиф билан чиқмадими? Балки, жамоа қурилишида стратегик ва молиявий томонлама янгиликларга қўл уриш лозим бўлгандир?

– Йўқ, ҳеч қандай муқобил таклиф билдиришмади. Биз бошқача форматда ҳам, ҳатто қуйироқ шароитда ҳам ишлашга тайёр эдик. Сабаби, биз жамоани қуриб бўлгандик, биз йигитларга, улар эса бизга ишонишарди. Қандайдир натижа кўрсатишга қодир ҳам эдик. Улар эса янги кадрларга эҳтиёж сезишаётганликларини маълум қилишди ва ҳаммаси шу билан якунланди.

2016 йилда биз совринли ўринлардан бирини эгаллашимиз мумкин эди, лекин афсуски, 2016 йилнинг февралига келиб биз жамоанинг 70 фоизинигина жамлай олгандик. Биз таркибни Саломов, Мерзляков, Пардаев, Жасур Ҳасанов кабилар билан янгиладик. Биринчи даврада футболчилар ўзаро жипслашишди, иккинчи даврага келиб эса улар чемпионлик графиги буйича юришини бошлашди. Биринчи даврадаги йўқотишларимиз юқори ўринларга кўтирилишмизга имкон бермади. “Машъал” дан учралган мағлубият, “Металлург”, “Обод”, “Насаф”га қарши дуранг... Нима учун? Чунки, февралда жамоага келиб қўшилган футболчиларнинг жисмоний ҳолати турли даражада эди. Шу сабабли биз чемпионат давомида уларнинг жисмоний ҳолатини тиклаб бордик.

Биз Бухорода жуда кўп иш қилишимиз мумкин эди ва биз буни қилдик ҳам. Жамоа мавсум ўрталарига келиб бирор натижа кўрсатиши керак эди ва биз Бухорода бу мавсумда чемпионлик учун курашувчи жамоа қура олгандик. Чунки, барча ўйинчилар кузатувимиз остида эди ва баъзи чизиқлардагина маълум ўзгартиришлар киритишимиз талаб этиларди, холос. Чунки, ҳар қандай тизим таркибдан келиб чиқади. Агар, масалан, сизда 3 та савияли марказий ҳимоячи бўлса, бир хил тактикани қўллайсиз, агар иккита яхши ҳужумчига эга бўлсангиз, умуман бошқача иш кўрасиз.  Лекин, аслини олиб қараганда, ўйин пайтида ҳам тактикани қайта кўриб чиқишни билиш лозим, чунки бунда рақибга ҳам кўп нарса боғлиқ бўлади.

– “Насаф” ҳақида сўрамаслигимнинг иложи йўқ. Ўтган мавсумда “Бухоро” “Насаф” билан чемпионат ва Кубок баҳсларида ўзаро 4 маротаба тўқнаш келди ва уларнинг бирортасида ғалаба қозона олмади. Бу қандайдир жамоа ўйинидаги етишмовчиликданми ё “Насаф”нинг бироз устунлигиданми?

– Келинг, гапни “Насаф”нинг бир неча йиллардан буён барқарор ўйин кўрсатиб келаётганлигидан бошласак. Шунингдек, ушбу клуб Чемпионлар Лигасида ҳам яхши иштирок этмоқда, миллий чемпионатимизда ҳам юқори ўринлар учун курашиб келмоқда.   Ўз-ўзидан тушунарлики, ўйин ва таркиб борасида холис айтганда, улар биздан кучлироқ эди. Биз “аждарлар” билан ўтказилган барча 4 учрашувда мағлуб бўлдик, аммо бир учрашувда биз ғалаба қозонишими лозим эди. Очиғи, ўтган мавсумда “Насаф” “Бухоро”дан кучлироқ эди, бироқ барча 4 учрашувда мағлуб бўладиган даражада эмас. Яъни аниқроқ айтганда, уйда ўтказилган 2 баҳсда биз ғалаба қозона олмасак ҳам, бироқ ютқазишимиз ҳам керак эмасди. Футболда шундай ҳодисалар ҳам бўлиб туради, яъни тўп шунчаки дарвозага киришни истамайди.


У ўзини бош мураббий сифатида ҳис қилишини истагандим

***

– Ўтган мавсумда Жамшид Саидов жамоа бош мураббийи, сиз эса маслаҳатчи мураббий эдингиз. Бунинг сабаби нимада?

– Мен бу йигитни жуда ҳурмат қиламан. У ёш, жуда кўп китоб ўқийди, кўп нарсага қизиқади, барча лицензияларни қўлга киритган. У “Машъал” академиясида ишлаган, ёшлар билан ишлаш тажрибасига эга, оқкўнгил, тартибли йигит. Бир сўз билан айтганда унинг келажаги бор. Бундан ташқари, унинг ўзи ҳам бухоролик. Мен унинг ўз жамоаси билан яхши мураббий сифатида ўсишини истагандим ва шубҳасиз, у яхши мураббий сифатида шаклланади. У жуда катта ҳажмдаги ишни бажарарди. Мени қандай аташлари муҳим эмас, маслаҳатчи ёки мураббий... Биздан яхши жуфтлик шаклланганди.

– Нима учун бош мураббий сиз эмас, айнан Жамшид Саидов эди?

– Чунки у ўзини бош мураббий сифатида ҳис қилиши учун шундай қарорга келганман.

– Жамшид Саидовни мухлислар қаторида кузата туриб, унинг қаттиққўл эканлиги билан бирга ва футболчиларга катта акадек муомала қилишини кузатганман. Аслида ҳам шундаймиди ёки, бу шунчаки кўринишми?

– Бу фикрингизга қўшилолмаган бўлардим. У шундоғам қаттиққўл. У ҳиссиётларга жуда берилиб кетиши мумкин, ҳатто ўша ҳиссиётга берилувчанлик унинг ўзини ҳам олдинга бошлайди. Агар ҳиссиёт ақлдан устун келадиган бўлса, сиз тўғри қарорга кела олмаслигингиз мумкин ва хатога йўл қўясиз.  Масалан, мен ўйинга ўзгартиришлар киритадиган бўлсам, олайлик захирадан футболчини майдонга тушириш ва ҳоказо. Қайсидир вақтларда у билан фикрларимиз бир жойдан чиқмаган вақтларда тушунтиришимга тўғри келарди. Баъзи вақтларда эса унинг қарорларини қўллаб-қувватлардим. Бизда яхши ҳамкорлик ўрнатилганди ва умуман, “Бухоро”да иноқ жамоа йиғилганди. Футболчилар ҳам ҳаммасини қўриб туришарди ва бу ўйинга ҳам ўз таъсирини кўрсатарди.

– “Бухоро”ни тарк этганингиздан сўнг ўзбек клублари сизга таклиф билан мурожаат қилишмадими?

– Йўқ, ҳеч қандай таклиф бўлганича йўқ.

– Агар, таклиф бўлганда, рози бўлармидингиз?

– Мен ҳар қандай таклифни кўриб чиққан бўлардим. Фақат бу таклиф шунчаки номига эмас балки, асосланган ва маълум истиқболга эга бўлса.  Бир гапни айтишим мумкин, мен қаерда ишламай, доим ортимдан яхши из қолдирганман, “Пахтакор”, Самарқанд, “Бухоро”... Шунингдек, доимо ёш футболчиларга эътибор қаратганман.


Давоми бор...