Роналду билан дўстлашиб кета олармиканмиз?! ("Ўзга сайёралик" билан эксклюзив интервью-2)

1927

Роналду билан дўстлашиб кета олармиканмиз?! (

Испания чемпионатида “Реал”нинг бундай аҳволга тушишига биринчи маротаба гувоҳ бўлмаяпман. Нима бўлганда ҳам, бу жамоа барибир ўйинга қайтади ва охиригача курашади, чунки бу буюк футболчиларни ўзида жамлаган ажойиб жамоа.

 Беозоргина кўринган Лионел Месси ушбу мавсумда қанчадан қанча жамоаларнинг таъзирини бермади дейсиз. У тўп билан ҳужумга ошиққан пайтда дарвозабонлардан тортиб рақиб жамоа мураббийларигача «юрак ҳовучлаб» туриши ҳеч кимга сир эмас. Эътиборингизга «ўзга сайёралик» деб аташга одатланиб қолган аргентиналик тирик афсона Лионел Месси билан уюштирилган эксклюзив интервьюнинг иккинчи қисмини ҳавола этамиз.

Биринчи қисм: Уйда футбол ҳақида гаплашмаймиз ("Ўзга сайёралик" билан эксклюзив интервью-1)

— “Манчестер Сити” йилнниг энг яхши жамоасими?

— “Шаҳарликлар” ва “ПСЖ”ни ҳозирнинг энг кучли жамоалари деб ҳисоблаш мумкин. Бу икки жамоа биринчилик учун бемалол даъво қила олади. Лекин финалгача ҳали кўп гап бор. Лекин “Реал”га ҳам паст назар билан қараш ярамайди. Улар ҳозир барча кутаётган ўйинни кўрсата олмаётган бўлишса-да, кутилмаган зарба бериб қолиши ҳам мумкин, буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Мадридликлар энг сўнгги дақиқада мўъжизалар кўрсатиши мумкин. “Бавария” ҳақида ҳам унутмаслик керак. Финиш чизиғида уларни биринчи сифатида кўриш эҳтимолдан йироқ эмас. Лекин айни дамда “ПСЖ” ва “Сити” пешқадамлик қиляпти.

— Нима учун бу мавсумда “Барса” эътиборини ҳужум зарбаларига эмас, балки ҳимояга қаратяпти?

— Неймарнинг жамоани тарк этиши ўйин услубини ўзгартиришга мажбур қилди. Ҳимоя кучимизнинг сезиларли қисмини бой бердик, бироқ бу ўз навбатида ҳужумни  мустаҳкамлаш имконини берди. Майдон марказидаги кучлар мустаҳкамланди, шунинг учун ҳам ҳимоя масаласида такомиллашяпмиз.

— Юмтити ҳақиқатан ҳам  телевизорда кўрсатилгандек ҳужумчиларга “дағдаға”  қиладими ёки машғулотларда анчагина босиқроқми?

— Юмтити ўйин давомида ҳам, машғулотларда ҳам бир хил. У ҳеч кимни, ўзини ҳам аямайди. Майдондан ташқарида унга гап бўлиши мумкин эмас.

— У кўрсатган ўйинга  сизнинг реакциянгиз?

— Очиғи, “Барса”га ўтганида у ҳақида умуман эшитмаганман. Лекин у кўрсатаётган ўйинларни кўриб, ҳайратимни яшира олмай қолдим.

— “Реал”нинг инқирозига нималарни сабаб қилиб кўрсата оласиз?

— Бу турли омиллар натижасида юзага келган ҳолат. Испания чемпионатида “Реал”нинг бундай аҳволга тушишига биринчи маротаба гувоҳ бўлмаяпман. Нима бўлганда ҳам, бу жамоа барибир ўйинга қайтади ва охиригача курашади, чунки бу буюк футболчиларни ўзида жамлаган ажойиб жамоа.

— Нима деб ўйлайсиз, “Олтин тўп” бўйича ҳали ҳам асосий рақибингиз Роналдуми? Ёки рақобатчи бўлиши мумкин бўлган бошқалар ҳам борми?

— Бугунги кунда “Олтин тўп”ни қўлга киритишга муносиб кўплаб яхши ўйинчилар бор. Тўғри, кейинги йилларда “Олтин тўп”нинг атрофида фақат иккаламиз “ўралашиб” қолдик. Бироқ ҳозир Неймар, Мбаппе, Суареслар ҳам бу мукофотга бемалол даъвогарлик қилиши мумкин.

— Бир кун келиб яхши дўстлар бўлишингиз мумкинлиги ҳақида Роналду фикр билдирган эди. Сиз бунга қандай қарайсиз?

— Билмадим, бу қанчалар ҳақиқатга яқин. Дўстлик — йиллар давомида бир-бирини яқиндан англаш орқали бунёд бўладиган муқаддас ришта. Мен ва Роналду ўртасида эса ҳеч қандай муносабат йўқ. Фақатгина баъзи бир маросимларда тасодиф туфайли кўришиб қоламиз, бир-икки оғиз гап билангина чекланиб қоламиз. Тўғри, шундай учрашувларда жуда яхши чиқишамиз, бироқ бундай тантаналардан ташқарида йўлларимиз кесишмайди.

Биринчи қисм: Уйда футбол ҳақида гаплашмаймиз ("Ўзга сайёралик" билан эксклюзив интервью-1)

“Шоколад билан “айрилиқ” осон кечмаган”

— Жисмоний ҳолатингиз аъло даражада эканлигини пайқаш учун “микроскоп” шарт эмас. Бундай натижага қандай эришгансиз: мунтазам жисмоний машғулотлар ёки соғлом овқатланиш тартиби?

— Тўғриси, бу масала кун тартибимда биринчи ўринни эгалламайди. Чунки овқатланиш рационим устидан қатъий назорат ўрнатганимга анча бўлган. Қоматимни сақлаш учун машғулотлар залига қатнаб тураман. Лекин очиғини айтадиган бўлсам, мушакларни шиширишга унчалик ҳам ишқибоз эмасман.

— Таом тайёрлашни хуш кўрасизми?

— Йўқ. Ҳеч қачон газ плитасига яқинлашмайман. Балки қўлимдан келар, лекин истамайман.

— Парҳез масаласида нимадан воз кечиш сиз учун оғир кечган?

— Шоколаддан. Шоколад менинг энг “нозик” нуқтам. Ундан воз кечиш учун ўзим билан қаттиқ “курашганман”. Ҳатто ҳозир ҳам шоколад емаслик ҳақидаги аҳдимни вақт-вақти билан бузиб тураман.

— Сиестанинг аҳамияти сиз учун қанчалик? Ҳали ҳам уни “муқаддас” ҳисоблайсизми?  (Сиеста — тушликдан кейинги уйқу.)

— Тўғрисини айтадиган бўлсам, сиестани жуда ҳам соғинаман. Афсуски, у билан “ёлғиз қолишнинг” имкони йўқ. Фақатгина меҳмонлик баҳсларидагина ўзимни сиеста билан “сийлашим” мумкин. Уйда фарзандларинг сенга эркаланиб турганда эса сиеста ҳақида ҳам унутиб юборасан.

— Тез-тез футбол томоша қилиб турасизми?

— Ҳа, бу менинг севимли машғулотим. Кўплаб ўйинларни қолдирмасдан кузатиб боришга ҳаракат қиламан.

— Сиз учун алоҳида аҳамият касб этувчи турнир ёки чемпионат борми? Ўйинларни “чертиб” томоша қиласизми?

— Йўқ, ҳаммасини ҳам томоша қилавераман. Ла Лига, АПЛ, Аргентина чемпионатларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан.

— Француз лигасини ҳамми?

— Ҳа, албатта. Айниқса ҳозирги кунларда.

— Лионель Месси бўлиш осонми?

— Мен оддий одамман. Оддий оилавий ҳаёт олиб боришга ҳаракат қиламан. Бироқ тан олиш керак, баъзида кўздан панароқда бўлгим келади. Ҳар бир қадамим одамларнинг эътибор марказида эканлиги ҳақида ўйлаш унчалик ҳам ёқимли эмас.

Манба: Спорт Экспресс (Россия)

Саодат Абдураҳмонова таржимаси

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.