Равшан Ҳайдаров: Умид Аҳмаджоновнинг юборган мурожаатномаси йигитларни янада руҳлантирди

596

Равшан Ҳайдаров: Умид Аҳмаджоновнинг юборган мурожаатномаси йигитларни янада руҳлантирди

Хабарингиз бор, бугун Хитойда бўлиб ўтаётган U-23 терма жамоалар ўртасидаги чорак финалнинг дастлабки баҳсида Ўзбекистон қитъа етакчиларидан бири ҳисобланган Японияга қарши майдонга тушди.

Учрашув ватандошларимизнинг йирик 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиндан сўнг ўтазилган матбуот анжуманида терма жамоамиз устози Равшан Ҳайдаров ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ушбу ғалабани биринчи навбатда бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга ва кеча Қозоғистонда фожеали тарзда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг оила аъзоларига бағишлаймиз. Ушбу ўйинга жиддий ва катта маъсулият билан тайёргарлик олиб бордик. Қолаверса, учрашувдан олдин Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов бизга юборган мурожаатномаси йигитларни янада руҳлантирди.

Учрашув биз танлаган режа остида ўтди. Япониянинг тезкорлиги ва тўп билан яхши муомала қилишини олдиндан билар эдик ва уларни бу сифатларини прессинг орқали тўхтатишга уриндик. Бунинг натижасида яратилган голли вазиятлардан унумли фойдалана олдик. Айтиш мумкинки, футболчилар бугунги режа ва кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди”, - дейди Ҳайдаров.