Равшан Ҳайдаров: Ҳозирги вазиятда ортиқча босимнинг кераги йўқ (Тўлиқ интервью)

16 август, 16:55 587

Равшан Ҳайдаров: Ҳозирги вазиятда ортиқча босимнинг кераги йўқ (Тўлиқ интервью)

 

Хабарингиз бор, 2018 йили Хитой мамлакати U-23 Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Шу йилнинг 15-19 июль кунлари БААнинг Ал-Айн шаҳрида ушбу чемпионатнинг саралаш босқичи баҳслари ўтказилди. “Д” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон U-22 терма жамоаси мезбон БАА, Ливан ҳамда Непал вакиллари билан мусобақанинг финал босқичи йўлланмаси учун кураш олиб борди.

Равшан Ҳайдаров мураббийлиги остида ушбу саралаш турнирида иштирок этган ёшлар терма жамоамиз ўтказилган барча учрашувларда ишончли тарзда ғалаба қозонган ҳолда, U-23 Осиё чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишди.

Ушбу турнирдан сўнг, SPORTS.uz интернет ахборот портали мухбирлари Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизматининг ёрдами билан тажрибали мураббий Равшан Ҳайдаров билан интервью уюштиришга муваффақ бўлишди.

Авваламбор, мураббийлигингиз остидаги Ўзбекистон U-22 терма жамоасини келаси йили Хитой мамлакати мезбонлик қиладиган U-23 Осиё чемпионатида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритгани билан табиклаймиз. Келинг суҳбатимизни, БААда бўлиб ўтган саралаш турнири ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларингиз билан бошласак?

- БААда ўтказилган саралаш турнирига аниқ вазифа билан борган эдик. Яъни, асосий мақсадимиз кейинги йили Хитойда бўлиб ўтадиган U-23 Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш эди. Авваламбор, Ўзбек футболининг мавқейи, жамоа таркибидаги футболчиларнинг жисмоний ва тактик тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда, чемпионатнинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритишга ишонгандик. Гуруҳда биринчи ёки иккинчи ўринни эгаллаш эмас, балки асосий вазифамиз яъни кейинги босқич чиптасини қўлга киритиш эди.

Ўйлайманки, юқори тайёргарлик ва тўғри тактик режаларнинг амалга оширилиши натижасида олдимизга қўйилган мақсадни тўлақонли равишда уддалай олдик. Бундай турнирларда ҳар бир очко, ҳар бир гол муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Биз ҳам буни тушуниб тургандик. Шунинг учун, ўйлаган режамиз бўйича барча ўйинларни ўз фойдамизга ҳал эта олдик.



Ливанга қарши дастлабки ўйиндан фарқли ўлароқ, Непал билан ўйинда ҳамюртларимиз яратилган вазиятлардан фойдаланиш борасида кўп хатоликларга йўл қўйиб, учрашувни кичик ҳисобдаги ғалаба билан якунлашди. Турнирни омадсиз тарзда бошлаган Непал ёшлар терма жамоаси ушбу баҳсда яхши харакат қилдими?

- БААга қарши ўтказилган беллашувда жуда ёмон ўйин кўрсатган непалликлар Ўзбекистон билан баҳсда услубларини бироз ўзгартиришди. Улар асосан ҳимояга эътибор беришди десак муболаға бўлмаса керак. Буни биз аввалдан билган ҳолда, шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Натижада керакли кучни сарфлаб, қийинчиликсиз ғалаба қозонадик.

Қўшимча қилиб айтадиган бўлсам, Непал билан ўйинда бир неча нафар футболчимизга дам беришга қарор қилдик. Чунки, олдинда турнир мезбонлари БААга қарши ҳал қилувчи учрашув кутиб турган эди. Икки кунда бир бундай иссиқда ҳаракат қилиш ўйинчини толиқтириб қўяди. Шу сабабли, майдонда энг катта ишни бажарадиган асосий футболчиларимизга функционал ҳолатларини тиклаш имкон имкон яратдик. Албатта, бу қарор ўзини оқлади. БАА билан ўйинга юқори даражадаги тайёргарлик кўрдик ва керакли ғалабани қўлга киритдик. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, бу турнир стратегияси «ротация»га қўл уриш, ўйинчиларни вақтида алмаштириш ва уларни жисмоний ҳолатини меъёрида ушлаб туришдан иборатдир.

Ҳал қилувчи баҳсда ҳамюртларимиз БААни мағлуб эта олишди. Ушбу қарама-қаршиликда дастлабки икки турда муваффақиятли тўп тепган мезбонлар юқори босим остида қолиб кетгани ҳам беллашувдаги ҳисобга таъсир қилдими?

- БАА ёшлар терма жамоасининг ушбу турнирдаги ўйинлари видео лавҳаларини йигитларга кўрсатиб, таҳлил қилиб бордик. Сўнгги ҳал қилувчи учрашувда икки жамоа вакилларида ҳам босим бўлиши табиий ҳол эди.Тўғри, улар қандай босиб остида туришганини, сўнгги беллашувга қандай тайёргарлик кўришганини ва қандай индивидуал маҳоратга эга футболчилари борлигини ҳам билар эдик. Аммо, рақибнинг ички муҳити, қандай руҳда майдонга тушганлиги муҳим аҳамият касб этмасди. Биз учун энг муҳими, ўзимизнинг ўйинни яхши ташкил этиш ва юзага келган қулай имкониятларни голга айлантира олиш эди.

БАА ёшлари биринчи турда Непални йирик ҳисобда мағлуб этишди ва Ливан билан ўйинда ҳам охирги дақиқаларга қадар майдонда кураш олиб борди. Бироқ, улар таркибда жиддий ўзгаришларга йўл қўйишмади. Натижада, Ўзбекистонга қарши ўйингача катта кучни йўқотиб қўйишди. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, қисқа муддат давом этадиган бундай турнирларда футболчиларни ҳар бир баҳсга жисмоний тайёрлай олиш муҳим ҳисобланади. Биз бундай ҳолатга рационал баҳо бера олдик, ўйинчиларни ортиқча толиқтирмай, жароҳатларсиз сақлай олдик.

Сўнгги муҳим учрашув олдидан футболчиларга кўпроқ тўп билан муомала қилишларини уқтирдик. Режамиз бўйича рақиб тўпсиз ҳаракат қилишга мажбур бўлиб, секин асталик билан куч йўқотиб, хато қила бошлади. Биз кутгандек, жамоам кўрсатмаларни амалиётда қўллай олди, ўйин тизгинини ўз қўлларига олишди, кўплаб стандард вазиятлар яратишди ва якунда ғалабани қўлга киритдик.

Саралаш турнири давомида қайси терма жамоаси футболчисининг ҳаракатлари ёрқинроқ кўринди?

- Авваламбор, футболчиларни ажратиш бу нотўғри, нарса деб ўйлайман. Бундай турнирларда жамоавий ўйин қанчалик йўлга қўйилиши, ички муҳитни барқарорлиги асосий роль ўйнайди. Шундагина ўйинчилар ўзларининг индивидуал маҳоратини кўрсатиши осонроқ бўлади.

Ҳозирги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 2015 йили Янги Зеландияда ўтказилган U-20 Жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилган футболчилардан таркиб топган. Биргина Ислом Қобиловни ҳисобга олмасак, барча ҳимоячиларимиз кичик мундиалда тўп тепган.

Жавоҳир Сидиқов, ёш иқтидорли ўйинчимиз Бобур Абдухолиқов ёки Азиз Ғаниевни айтишим мумкин. Буларнинг ҳаммаси жамоавий ўйин яхши ташкил этилган терма жамоада ўзларини кўрсата олишди. Дриблинг кучли бўлгани билан бу иқтидорини битта ўзи кўрсата олиши мушкул вазифа. Бу борада бир-бирини яхши тушуна оладиган жамоадошлари бўлиши керак. Юқорида айтганимдек, бундай қисқа мусобақаларда, жазирама об-ҳавода сабр-қаноат билан тактик режаларга амал қилиш муҳим аҳамият касб этади. 

Ўзбекистон U-22 термаси БАА ёшларини қандай мағлуб қилди? (Видео)

Нима учун Элдор Шомуродов, Жавоҳир Соҳибов ва Отабек Шукуров каби футболчилар таркибдан четда қолди? Улар миллий терма жамоанинг Истанбулдаги йиғинлари учун таркибдан тушириб қолдирилганмиди? Ёки бошқа сабаблар туфайли БААдаги саралаш турнирида иштирок эта олишмадими?

- Умуман олганда, бизнинг асосий мақсадимиз миллий терма жамоамизга муносиб номзод футболчиларни тарбиялаб бериш. Бу нарса натижадан устунроқ туради аслида. Аммо ўзбекчилик дегандай, натижа ҳам керак, номзод ўйинчилар ҳам шарт деган мақсад қўйилади. Натижа бўлмаса ҳеч кимга ҳеч нарса кўринмайди ҳисоб.

Ёшлар терма жамоаси сафида 2015 йилги U-20 Жаҳон чемпионатида иштирок этган Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров, Жавоҳир Соҳибов, Достонбек Ҳамдамов ҳамда Рустам Ашурматов миллий терма жамоамиз ҳавосидан баҳра олиб бўлган футболчилар. Улар миллий терма жамоамиз машғулотларида қатнашишмоқда, кимдир ўзининг муқим жойини ҳам эгаллаган. Мана шу бизнинг асосий мақсадимиздир. МТЖдан ўрин ола билмаган Жавоҳир Сидиқов ёки Забиҳулло Ўринбоевни, шунингдек, терма жамоада ҳали ўз ўрнига эга бўлмаган Ҳамдамов ва Ашурматов каби футболчиларни ёшлар терма жамоасига жалб этдик. Шу сабабли, ушбу футболчилар ёшлар терма жамоаси билан халқаро майдонлардаги чемпионатларда янада кўпроқ тажриба орттириб, якуний тайёрлов босқичини ўташи талаб этилади.

Нима учун бу чемпионат керак? Мазкур мусобақа ёш футболчиларимизга миллий терма сафидан ўрин олиш учун сўнгги имконият. Агар бундай турнирлар бўлмаганда, улар фақат олий лига клубларида ўзини кўрсатишга мажбур бўлар эди. Қайсидир мураббий ишонч билдиради, қайсинисидири йўқ. Захира ўриндиғида ўтириб, ўзидаги иқтидор шу билан йўқолиб кетади. Натижада ўртамиёна футболчи бўлиб қолади.

«Ушбу терма жамоани 20 ёшли футболчилардан ташкил этиб, Олимпиадага тайёрлантириш керак» деб гап ташлайдиган бир-иккита «ақлли» журналистларимиз кўп, албатта. Лекин Забиҳулло Ўринбоев ёки Жавоҳир Сидиқов миллий терма жамоада ҳаракат қилиши учун озгина тажриба ёки мотивация етишмаяпти. Хўш, нима қилишимиз керак? Қаерда бу тажрибага эга бўлишади улар? Мана шу Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида эмасми? Хўп, фақат 20 ёшли футболчилардан ёшлар терма жамоасини туздик ҳам дейлик. Нима ўзгаради? Улар ҳали тажрибасиз, уларни ёнида бирга ҳаракатланадиган, тўп билан таъминлаб турадиган, керак бўлса беллашув давомида руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турадиган ёши каттароқ футболчи бўлиши керак эмасми? Агар Азиз Ғаниевни ёнида Одил Ҳамробеков ўйнамаса, Абдухолиқовни олдида Ўринбоев тўе ҳаракат қилмаса ёки Достон Турсуновни ёнида Ислом Қобилов бўлмаса бу ёш футболчиларнинг бир ўзи ҳеч нарса қила олишмасди.

Бу бир тарафдан. Иккинчи томондан, 1995-1996 йилда туғилган ушбу футболчиларни бу чемпионатда иштирок этишга ҳақлари йўқми? Миллий терма жамоага чақирув олиш учун ўзларини кўрсатиши мумкин бўлган сўнгги имкониятни қўлга киритишга имкониятлари йўқми? Чунки миллий терма жамоа ўйинлари ёки йиғинлари кўп ташкил этилмайди. Ёшлар терма жамоасида тўп тепаётган Соҳибов, Ҳамдамов, Ашурматов ва қолган ёшлар учун катта имконият. Миллий терма жамоамизни эртаси десак ҳам бўлади.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси келаси йили Хитойда бўлиб ўтадиган U-23 Осиё чемпионатига муносиб тарзда тайёргарлик олиб бориши учун қандай режалар тузиб чиқилмоқда?

- ЎФФ халқаро бўлимига бундай турнирларни ташкил этиш вазифаси юклатилди. Айниқса ноябрь ва декабрь ойида ўртоқлик ўйинлари ёки қисқа муддатли кичик-кичик турнирлар ташкил этиш бўйича раҳбарият Сардор Раҳматуллаев билан келишиб олдик. Маҳаллий чемпионат тақвимига қараб ҳар ойда қисқа муддатли йиғин уюштиришни режалаштиряпмиз.

Ёшлар терма жамоаси мураббийи сифатида футболчиларнинг клубдаги мураббийлари билан ҳамкорликда иш олиб борасизми? Мисол учун, олий лига баҳсларида футболчиларни қайси позициясида ўйнатиш ёки уларни асосий таркибда майдонга тушуриш кераклиги ҳақида тавсиялар бериб борасизми?

- Авваламбор, фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига футболчиларни тарбиялаб, етказиб берган олий лига клублари мураббийларига ўз миннатдорлигимни изҳор этмоқчиман. Шу ўтган давр мобайнида ўйинчиларни чақириш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммога дуч келмадик. Ҳар доим ушбу терма жамоамиз йиғинларини чемпионатимиздаги мураббийларнинг режаларига зарар етказиб қўймаган ҳолда ташкил этишга ҳаракат қилдик ва яқин келажакда ҳам шундай иш олиб боришда давом этамиз.

Лекин бирор бир мураббийга бу ўйинчини мана бу амплуада ўйнатиб кўринг, мана шу футболчини асосий таркибдан тушириб қолдирманг, деб босим ўтказмаганман. Чунки бунда сунъий ҳолат юзага келади ва албатта бу ёқимсиздир. Ҳеч қайси мураббий яхши ҳаракат қилаётган ўйинчини захирада олиб ўтирмаса керак. Шогирдларимга ҳар доим таъкидлайман «асосий таркибга интилиш керак, машғулотларда ўзларингни кўрсатинглар, учрашувларда бериладиган имкониятлардан муваффақиятли фойдаланиш керак, ўшанда сизлар ёшлар терма жамоасими ёки миллий терма жамоага чақириласиз».

Равшан Ҳайдаров

Шу ўринда сиз учун бегона бўлмаган "Пахтакор" клубидаги ўзгаришлар ҳусусида фикрларингизни билсак?

- Чиндан ҳам "Пахтакор" мен учун бегона эмас. Анча меҳнатларимиз синган, оғир пайтларда, мана шу йил ҳам ёрдам керак бўлганда «лаббай» деб жавоб берганмаз. "Пахтакор" бизнинг юрагимизда. Яхши-ёмон даврларда клуб билан бирга бўлганман.

Ҳамма ўзгаришлар яхшиликка бўлсин. Ўйлайманки, янги раҳбарият клубга катта режалар билан келган ва ушбу ишлар амалга ошишига тилакдошман. Бундай ўзгаришлардан фақатгина клуб эмас, балки ўзбек футболи ҳам ютади. Ростдан ҳам ўзгаришларнинг вақти келганди. Жамоа моддий тарафдан ёрдамга муҳтож эди. Стадион, машғулот базасини ҳозирги замон талабига мос ҳолда реконструкция қилиш лозим эди. 

Шу йилнинг апрель ойи аввалида қийин вазиятда қолган "Пахтакор" клубини бош мураббий сифатида қабул қилиб олдингиз. Бироқ бу билан "шерлар" қайд этаётган натижалари яхшиланмади ва сиз жамоани тарк этдингиз. Клубни бундай инқирозга юз тутишига нима сабаб бўлди?

- Таркиб борасида жиддий муаммоларга дуч келинди, чунки жароҳатлар кўпайиб кетди. Жамоага вақтинча бош мураббий этиб тайинланганимда, 10-12 нафар соғлом футболчи бор эди, холос. Молиявий тарафдан ҳам муаммолар талайгина эди. Барча камчиликлар устма-уст келиб қолган пайтлар эди. Ноиложликдан ижарага футболчиларни бериб юбориш – қолганларни сақлаб қолиш учун қилинган эди аслида.

Ҳозирги пайтга келиб, жамоадаги ҳолат анчагина яхшиланди, жароҳатланган футболчилар сафга қайтди, легионер футболчилар билан шартномалар имзоланди. Футболга моддий тарафдан ҳам рағбатлантириш бошланди ва ўз ўрнида жамоа ичидаги мотивация ҳам ўзгарди.

Суҳбатимизни миллий терма жамоамизга оид фикрларингиз билан тугатсак. Даставвал, ушбу жамоамизнинг июлдаги йиғини Австрияда ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ якунда барчаси ўзгариб кетди ва бош жамоамиз Истанбулга қараб йўл олди. У ерда ҳам кучли рақиблар билан эмас, балки Эрон ва Саудия чемпионати иштирокчиларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказилди. Нима учун бундай ўзгаришларга йўл қўйилди ва кучли спарринг рақиблар танланмади?

Шу ерга келганда Равшан Ҳайдаров жавоб беришни хоҳламади ва ушбу хатти-ҳаракатини қуйидагича изоҳлаб берди.

- Ёшлар терма жамоаси билан бўлганлигим сабаб, миллий терма жамоанинг ушбу ўқув-йиғин машғулотида иштирок эта олмадим. Шунинг учун, буни муҳокама қилишим ноўрин бўлса керак. Ёшлар терма жамоасига оид барча саволларга жавоб беришга тайёрман.

Шу сабабли, миллий терма жамоамизда ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб бораётган Равшан Ҳайдаров Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйин олдидан мухлисларга қуйидагича мурожаат билан суҳбатга якун ясади.

- Бизни олдинда икки муҳим ўйин кутиб турибди. Мухлислардан сўрардим, келаётган ушбу учрашувларда миллий терма жамоамизни қўллаб қувватлашсин, ишонч билдиришсин. Футболчилар ҳам, мураббийлар штаби ҳам ушбу масъулиятни ҳис қилиб турибди. Ҳозирги вазиятда ортиқча босимнинг кераги йўқ. Фақат мухлисларимиз яхши сўзлар билан, илиқ ниятлар билан қўллаб-қувватлаб туришса бўлгани.