"Рақиблар ҳам олқишлашди" ёхуд Германияда футболчининг ўзи пенальтини бекор қилдирди (видео)

12 сентябрь, 14:25 705

Дам олиш кунлари Германияда нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган иккинчи Бундеслигада 5-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Ушбу турдан ўрин олган "Дармштатд" хамда "Бохум" жамоалари ўртасидаги баҳсда қизиқарли ҳолат юзага келди. 

Учрашувнинг иккинчи бўлимида "Бохум" ҳимоячиси Феликс Бастианс қанотдан рақиб футболчиларини бирин-кетин алдаб ўтди ва жарима майдончаси ичида йиқилди. Учрашув бош ҳаками Бенедикт Кёмпкес иккиланиб ўтирмай пенальти белгилади.

Бироқ Бастианснинг ўзи бу ерда қоида бузарлик бўлмаганлигини тан олди ва ҳакамдан пенальтини бекор қилишни сўради. Сўнг ҳакам пенальтини бекор қилди. Эътиборлиси, бу вақтда Бастианснинг жамоаси 0:1 ҳисобида имкониятни бой бераётган эди.

Бироқ меҳмонлар якунда барибир иккита тўп кирита олишди ва 3 очкони қўлга киритишди. Гарчи, суюкли жамоаларини мағлуб этган бўлсада, маҳаллий мухлислар ва футболчилар "Бохум" футболчисини  ва умуман жамоани ушбу ҳаракати учун олқишлашди.

Қуйида ушбу ҳолат акс этган видеони томоша қилишингиз мумкин бўлади.