Рақибимиз Жанубий Корея терма жамоаси тарихидаги энг яхши 5 тўпурар

5 сентябрь, 10:28 772

Рақибимиз Жанубий Корея терма жамоаси тарихидаги энг яхши 5 тўпурар

Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 сўнгги саралаш раундидаги сўнгги ўйинини Жанубий Корея термасига қарши ўтказади. Биз эса мазкур терма сафида энг кўп тўп киритган 5 нафар футболчи билан сизларни таништирамиз.

 4-5. Ким Жаэ Хан ва Ли Дон Гук – 33 тадан гол

Ким Жаэ Хан “Осиё йўлбарслари” сафида 1979-1989 йилларда фаолият юритган бўлиб, 1986 йилги Мексика мундиали иштирокчисидир. Ушбу собиқ футболчи терма жамоа либосида 33 та гол киритгадир. Бунча гол киритиш учун унга 57 та ўйин кифоя қилган.

Ли Дон Гук ҳақида эса кўпчилик муҳлисларимиз яхши билишса ажаб эмас. Ҳар холда бу футболчи икки бор термамиз дарвозасига йўл топа билган. Бразилия мундиал саралашининг сўнгги раундида Тошкентда Жанубий Корея термаси билан 2-2 ҳисобида дуранг ўйнаганимизда, кореяликларнинг икки голидан бирини айнан мазкур футболчи киритган эди. Бундан ташқари 2006 йилги ЖЧ саралашида ҳам ушбу ҳужумчи дарвозамизни ишғол этган эди. Умуман 1998-2014 йилларда Жанубий Корея термасида 103 та ўйинда майдонга тушган Ли Дон Гук 33 бор рақиблар дарвозасини ишғол этган.

3. Парк Ли Чун – 36 та гол

Ушбу собиқ футболчи 1969-1974 йилларда терма сафида тўп сурган бўлиб, 88 учрашувда майдонга тушган ҳолда 36 бор рақиб дарвозасини ишғол этишнинг уддасидан чиқади. 1996-1997 йилларда Жанубий Корея ёшлар(U20) термасида мураббийлик қилган Парк Ли Чун шогирдлари билан ЖЧ да иштирок этишга муваффақ бўлган.

2. Хван Сун Хонг – 50 та гол

Хван Сун Хонг Германияда тўп сурган кореялик футболчилардан биридир. Даставвал “Байер”нинг ҳаваскорлар жамоасида тўп тепган футболчи кейинчалик Германия иккинчи Бундеслигасининг “Вупперталлер” жамоасида фаолиятини давом эттиради. Футболчилик фаолиятининг қолган қисмини эса Осиёда ўтказган ҳужумчи 1988-2002 йилларда терма жамоага чақирилиб келинади. “Осиё йўлбарслари” сафида 103 та ўйинда 50 та гол киритган собиқ футболчи 1988 йилги Осиё Кубогида кумуш, 1990 йилги Осиё ўйинларида эса бронза медалини қўлга киритади. Дарвоқе, 2002 йилги Гус Хиддинк бошқарувидаги жамоа сафида мундиалда 4 ўринни эгаллайди.

1. Ча Бом Гин – 55 та гол

Корея футболининг бош тўпурари Ча Бом Гин фаолиятининг катта қисмини Германияда ўтказади. “Дармштадт”, “Айнтрахт Франкфурт” ва “Байер” жамоалари сафида Бундеслигада жами 308 ўйинда майдонга тушиб 98 та гол уради. 10 мавсум давомида бор йўғи бир бор ҳакам томонидан огоҳлантирилгани эса мақташга арзигуликдир. Немис клублари билан икки бор УЕФА кубогида ғолиб бўлган собиқ футболчи терма жамоада 1972-1986 йилларда фаолият кўрсатади. Терма жамоа таркибида 121 ўйин ўтказган Ча Бом Гин рақиблар дарвозасини 55 бор аниқ нишонга олгандир. Бу кўрсаткич билан эса у терма жамоада биринчи ўринда туради.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади