"Пахтакор" Наманганда "Навбаҳор"ни енгган биринчи жамоа бўла оладими?

29 сентябрь, 11:52 349

1 октябрь куни олий лиганинг 23-турида "Пахтакор" Наманганда "Навбаҳор"га қарши майдонга тушади. Ушбу беллашув олдидан "Пахтакор" матбуот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди. 

Жорий мавсумда ўз майдонида мағлубиятга учрамаган "Навбаҳор" билан беллашув кескин кечиши кутилмоқда. Ўйинда мезбонлардан дарвозабон Асилбек Омонов дисквалификация сабабли майдонга туша олмайди.

Олий лиганинг барча мавсумларида иштирок этиб келаётган жамоалар 51 бор тўқнаш келишган. "Пахтакор" 34 ғалабага эришган бўлса, рақиб ҳисобида 11 ғалаба мавжуд. 6 беллашув дуранг билан тугаган. Наманганликлар дарвозасига 91 тўп киритган "шерлар" 37 марта гол ўтказишган. Сўнгги уч мавсумда жамоамиз сафардан ғалаба билан қайтгани эътиборга молик.

Учрашувни Ильгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Танташев "Пахтакор" иштирокида чемпионатларда 13 ўйинда ҳакамлик қилган. Уларда 9 ғалаба, 3 дуранг ва бир мағлубиятни қайд этганмиз. Охирги марта жорий мавсум "Обод"га қарши учрашувда Танташев ишлаган ва жамоамиз 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

"НАВБАҲОР" - "ПАХТАКОР"

Ҳакамлар: Ильгиз Танташев (Бухоро), Ҳусниддин Шодмонов (Бухоро), Абдураҳмон Қўлдошев (Бухоро), Даулетбой Жалимов (Тошкент вилояти).

Назоратчи: Рашид Айтеков (Тошкент).

Ёшлар таркиблари учрашуви 30 сентябрь, шанба куни Тўрақўрғондаги стадионда 16:00да бошланади. Асосий жамоалар ўйини "Марказий" стадионда 1 октябрь, якшанба куни 18:00да старт олади.