Ўзбекистонни мағлуб этган афғонлар Қобулда қаҳрамонлардек кутиб олинди

21 июль, 15:35 3119

Ўзбекистонни мағлуб этган афғонлар Қобулда қаҳрамонлардек кутиб олинди

Ўтган ҳафта якунига етган Марказий Осиё футбол ассоциациясининг CAFA U-15 Boys Tournament халқаро турнир ғолиблигини қўлга киритган Афғонистон U-15 терма жамоаси ўз мамлакатларида қаҳрамонлардек кутиб олинган.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, Ўзбекистон U-15 терма жамоасини мағлуб этиб, олтин медальлар билан ўз юртларига қайтган афғон футболчиларни Ҳамид Карзай Халқаро Аэропортида кенг жамоатчилик томонидан хурсандчилик билан кутиб олинган.

Қайд этиш жоизки, футболчилар ўтирган автобус билан биргаликда бир қанча машиналар паради Қобул кўчалари бўйлаб “Олимпик” стадионига йўл олган. Афғонистон Футбол Ассоциацияси ташаббуси билан қўлга киритилган ғалабани нишонлаш маросими бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 3-8-июль кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё футбол ассоциацияси байроғи остида 15 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида CAFA U-15 Boys Tournament турнири бўлиб ўтди.

Турнир ғолиблиги учун кечган баҳсда Александр Мочинов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар термаси афғонистонлик тенгдошларига қарши беллашган эди. Голларга бой ўтган ўйинда Афғонистон ўсмирлар терма жамоаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ўзаро ўйинлар натижасига кўра CAFA U-15 Boys Tournament ғолибига айланган эди.