Оскар де ла Хойя Макгрегорни икки раундда нокаут қилишга ваъда берди

10 сентябрь, 15:30 1275

Оскар де ла Хойя Макгрегорни икки раундда нокаут қилишга ваъда берди

Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Оскар де ла Хойя Boxingscene нашрига берган интервьюсида ирландиялик аралаш усуллар жангчиси Конор Макгрегорни икки раундда нокаутга учратишини айтиб ўтган.

Флойд Мейвезер ҳозирда сайёрамизнинг энг яхши боксчиси. Аммо нима учун Макгрегор билан жангни 10 раундга чўзди? Уни 2-3 раундда ҳам нокаут қилса бўларди, – дейди де ла Хойя.

44 ёшли собиқ боксчи Макгрегорни янада тезроқ мағлуб қилишини таъкидлаган: “Жангда имкониятлар 50х50 бўлишини тушунмайман. Мейвезер сўнгги йилларда энг зўрмиди? Ҳа. У барча даврларнинг энг яхши боксчиларининг ТОП-10дан ўрин олади? Сўзсиз шундай. Бошқа саволга ўрин йўқ“.

Макгрегор ва Мейвезер жанги бўлгунига қадар де ла Хойя бу тўқнашувни боксга ҳурматсизлик деб баҳолаган. 26 август куни Мейвезер 10-раундда Макгрегорни техник нокаутга учратди.

Де ла Хойя профессиональ рингда 45 жанг ўтказиб, 39 ғалаба (30 нокаут) ва 6 мағлубият қайд этган. 2007 йили у Мейвезерга очколар бўйича имкониятни бой берган. У сўнгги марта 2015 йили рингга чиққан ва шундан кейин фаолиятини якунлаган.