"Олмалиқ" 9 йиллик "қора анъана"сига якун ясай оладими?

6 сентябрь, 11:33 150

Футбол бўйича XXVI Ўзбекистон чемпионатининг 20-турига ҳам етиб етиб келдик. 7-9 сентябр кунлари мамлакатимиз стадионларида миллий чемпионатимиз учрашувлари давом эттирилади. Бу сафар футбол ишқибозлари бир-биридан қизиқарли учрашувларга гувоҳ бўлишади.

“Насаф” бу турда “Олмалиқ” жамоасини ўз майдонида қабул қилади. Учрашув 8 сентябр жума куни “Марказий” стадионда соат 18:45да бошланади. Қарши клуби расмий сайти ушбу беллашувнинг превьюсини тақдим этди.

 Бўлажак учрашув ҳақида

Бўлажак, “Насаф” - “Олмалиқ” учрашуви жуда қизиқарли бўлишини олдиндан тахмин қилиш қийин эмас. Бунга бир қанча сабаблар бор.

“Насаф” ва “Олмалиқ” жамоалари иштирокидаги ўтган 19-тур учрашувлари терма жамоамиз ўйинлари туфайли номаълум муддатга қолдирилди.

“Насаф” бу йилги чемпионатда 18та учрашув ўтказди. Шуларнинг ярмида ғалабага эришган. Икки  учрашувда дуранг қайд этиб, қолган етти учрашувда имкониятни бой берган. Айни пайтда 29 очко билан турнир жадвалининг 5-поғонасида бормоқда.

“Олмалиқ” жамоаси ҳам жорий чемпионатда 18та ўйин ўтказган. Рақиб жамоа етти учрашувда ғалабага эришган. Яна етти учрашувда дуранг қайд этиб, қолган тўртта учрашувда мағлуб бўлган. Ҳозирча улар 28 очко билан турнир жадвалининг 8-поғонасида боришмоқда. Демак, "Олмалиқ" "Насаф"дан бир очко кам тўплаган.

Ана шуларни эътиборга олиб, бўлажак ўйиннинг нақадар муҳим ва қизиқарли эканлигини тасаввур қилаверинг.

 Учрашув ҳакамлари

“Насаф” - “Олмалиқ” учрашувини ФИФА рефериси Олим Толибжонов бошқаради. Олим Толибжоновга қанотларда Набижон Рўзимов ва Александр Буровлар ёрдам беришади. Александр Лупашко эса захира ҳаками сифатида ишлайди.

Учрашувда ҳакамлар ишини Алишер Абдуллаев назорат қилади.

Мазкур учрашувга ПФЛ вакили сифатида Алексей Фролов ташриф буюради.

Ўзаро учрашувларга оид фактлар

“Насаф” ва “Олмалиқ” жамоалари, илк бор олий лигада 2008 йилги мавсумда куч синашган, у пайтда жамоанинг номи – ОТМК эди. Улар кейинги йилги мавсумдан бошлаб ўз номларини – “Олмалиқ”га алмаштиришган. Мазкур жамоалар ўртасидаги ўзаро илк учрашув Қаршида бўлган. Бунда кичик 1:0 ҳисобида мезбонлар ғалаба қозонган. Учрашувдаги ягона голни Зафар Холмуродов киритган.

Шу пайтгача мазкур жамоалар ўзаро 19 марта куч синашган. Шундан ўнта баҳсда “аждарлар” зафар қучишган, яна еттита ўйинда дуранг натижа қайд этилган. Иккита ўйинда олмалиқлик футболчилар ўз майдонида ғалабага эришишган.

Тўплар нисбати қуйидагича кўриниш олган – 31:17. Устунлик “Насаф” жамоасида.

Қаршида бўлиб ўтган сўнгги беш учрашув:

08.08.2016. “Насаф” - “Олмалиқ” 2:1

08.08.2015.  “Насаф” - “Олмалиқ” 2:0

07.11.2014.  “Насаф” - “Олмалиқ”  2:2

02.03.2013.  “Насаф” - “Олмалиқ”  2:2

01.07.2012.  “Насаф”  - “Олмалиқ”  4:2

Қаршида бўлиб ўтган тўққиз ўйиндан еттитасида “Насаф” ғалаба қозонган. Икки учрашувда бир хил 2:2 дуранг ҳисоби қайд этилган. Кўриб турганингиздек, “Олмалиқ” жамоаси ҳанузгача Қаршида ғалаба қозона олмаган. Қаршидаги сўнгги дуранг натижа эса 2013 йили бўлган.

Қаршида бўлиб ўтган учрашувларда мазкур жамоалар ўртасида энг йирик 4:0 ҳисоби, 2010 йили қайд этилган. Бу учрашувда Илҳом Шомуродов хет-трик муаллифи бўлган. Кенжа Тўраев эса битта гол киритган.

Иккинчи даврада “Олмалиқ” таркибидаги ўзгаришлар

Виктор Кумиков бошчилигидаги “Олмалиқ” жамоаси мураббийлари, иккинчи давра олдидан ўз жамоаси таркибига олти нафар ўйинчини қўшиб олишди. Уларнинг уч нафари ҳужумчи, икки нафари ярим ҳимоячи ва бир нафари ҳимоячидир. Жумладан, аввал “Насаф” таркибида фаолият юритган ва кейинги йиллар хорижда тўп тепган, тажрибали футболчи Лутфулла Тўраев ҳам энди “Олмалиқ” аъзосига айланган.

Ўзингизга маълум, Виктор Кумиков ҳам “Насаф” клубида 2009-2010 йилги мавсумларда бош мураббий сифатида фаолият юритган. Виктор Балютович бошчилигидаги “аждарлар” 2009 йили ўз тарихида бешинчи марта бронза медалини қўлга киритишган эди.

Жамоалар тўпурарлари

Айни пайтда тўпурарлар бўйича "Насаф"да Драган Черан карвонбошилик қилмоқда. У ҳозиргача 10та гол киритган. Шулардан 2тасини пенальтидан киритган.

“Олмалиқ” жамоасининг тўпурари белорусиялик легионер ҳимоячиси Владислав Косминин ҳисобланади. Унинг ҳисобида 3та гол бор.

Мазкур жамоаларнинг ўринбосарлари ўртасидаги учрашув 7 сентябр пайшанба куни бўлиб ўтади. Учрашув Спутник қўрғонидаги ёшларимиз қароргоҳи майдонида соат 17:15да бошланади.