502

Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимизда футболни юқори босқичга олиб чиқиш, футболни ривожлантиришнинг самарали тизимини йўлга қўйиш борасида хориж тажрибасидан кенг қамровли фойдаланиш мақсадида турли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашув чоғида юртимизга Европанинг кучли академиялари вакилларини олиб келиш ва уларнинг тажрибасини ўрганиш борасида ёрдам беришни сўраган ва ФИФА президенти бу борада амалий ёрдам беришга ваъда қилганди.

Ана ўша ваъдага кўра, бугун 18 март куни Германиянинг афсонавий дарвозабони, Европа чемпиони ва Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Оливер Каннинг академияси ижрочи директори Мориц Маттес  ва менеджери Роберт Ниеманн юртимизга ташриф буюришди.

Германиялик мутахассислар Ўзбекистон футбол ассоциациясида миллий чемпионатимизда иштирок этаётган клубларда фаолият олиб бораётган дарвозабонлар мураббийлари учун семинар ўтказишди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

Семинар давомида Мориц Маттес “Оливер Кан академияси”нинг таълим тизими, мураббийларни тайёрлаш услуби ҳақида йиғилганларга батафсил тушунтириш бериб ўтди.  Шунингдек, дарвозабонлар билан ўтказиладиган машғулотларнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Семинар давомида дарвозабонлар мураббийлари ўзларини қизиқтирган саволлар йўллаб, тегишли жавоблар олишди.

Бугун немис мутахассислари Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан учрашиши режалаштирилган.

Sports.uz 2018