ЎФФ президенти: Кечаги фожеадан қалби ғамга тўлган юртдошларимизга оз бўлса-да, қувонч бахш этишга муваффақ бўлдингиз

1120

ЎФФ президенти: Кечаги фожеадан қалби ғамга тўлган юртдошларимизга оз бўлса-да, қувонч бахш этишга муваффақ бўлдингиз

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов бугун Осиё чемпионати чорак финалидан ўрин олган Японияга қарши ўйин олдидан Ўзбекистон ОТЖ футболчиларига мурожаат қилиб, уларни ғалабага ундаган эди. Футболчиларимиз ҳам бу мурожаатдан руҳланиб, бугун ажойиб ўйин намойиш қилиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонишди.

Умид Аҳмаджонов ўйиндан кейин футболчиларга ўз ташаккурини изҳор қилди:

"Ҳурматли футболчи ва мураббийлар!

Бугунги ажойиб ўйин, чиройли ғалаба ва Осиё чемпионати ярим финалига йўл олганингиз билан барчангизни табриклайман! Раҳмат Сизларга! Ўйиндан аввал Сизларга юборган мурожаатимдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, бугун майдонда жонингизни бериб ҳаракат қилдингиз. Кечаги фожеадан қалби ғамга тўлган юртошларимизга оз бўлса-да, қувонч бахш этишга муваффақ бўлдингиз. Албатта, Қозоғистонда ватандошларимиз билан рўй берган фожеанинг аламини ҳеч нарса боса олмайди. Биз ҳамиша ўтганларнинг ортидан хайрли дуолар қиламиз.

Лекин бугунги ўйинингиз билан Сиз нафақат юртдошларимизга қувонч улашдингиз, балки Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қила олдингиз. Япониядек футболи ривожланган мамлакат ўйинчиларидан ўзбекистонлик футболчилар ҳеч бир жабҳада асло кам эмасликларини намойиш қилиб бердингиз. Бунинг учун Сизларга миннатдорчилик билдираман.

Энди олдинда Сизларни Осиё чемпионати ярим финал баҳси кутиб турибди. Ушбу масъулиятли ўйинда ҳам юракдаги ўт билан астойидил ҳаракат қилиб, ғалаба қозонишингизни тилаб қоламан. Ўзбекистон ҳеч кимдан кам эмаслигини бутун дунёга кўрсатиб қўйинг! Финал сари олға!

Умид Аҳмаджонов, ЎФФ президенти".