Нокаутчи Шоҳжаҳон АҚШдаги жангга бормаслиги сабабини айтди

30 июль, 11:15 2444

Нокаутчи Шоҳжаҳон АҚШдаги жангга бормаслиги сабабини айтди

 

Профессионал боксда ўнта жангининг барчасини нокаут билан якунлаган Шоҳжаҳон Эргашев навбатдаги жангини АҚШда ўтказиши ҳақида маълум қилган эдик.

Шоҳжаҳон енгилмас боксчилар турнирида иштирок этади

Шоҳжаҳон АҚШда супернокаутчи билан жанг қиладиган бўлди

Машҳур боксчимиз SPORTS.uz сайти билан боғланиб, "Showtime" телеканали орқали намойиш этиладиган жангда ўзи каби ўнта жангнинг барчасини нокаут билан якунлаган мексикалик Хорхе Родригесга қарши рингга чиқишини айтганди.

Бироқ, Шоҳжаҳоннинг жанги профессионал бокс кечаси рўйхатидан олинди. Буни сабабини билиш мақсадида боксчи билан боғландик.

- Аслида жангга тайёрман, - дейди Шоҳжаҳон Эргашев SPORTS.uz ахборот порталига. - Фарғона вилояти тоғларида ўқув-машғулот йиғинини ўтказдим. Шунингдек, АҚШ визасини ҳам олдим. Лекин менежерим қўлингдаги жароҳат буткул тузалсин, кейин рингга чиқасан, деяпти.

Шоҳжаҳон Эргашев бир ой муқаддам чап қўлидан операция қилинган эди. Аввалги жангидан олдин ҳамюртимиз машғулот чоғида қўлини синдириб олган ва рингга сингган қўл билан чиққанди.

Унинг менежери Олег Богданов АҚШдаги жанглар ўта муҳимлиги, рақиб кучли ва тажрибали нокаутчи эканини инобатга олиб, Шоҳжаҳоннинг қўли тўлиқ тузалишини кутишни маъқул кўрди.

Мана шу омилларни инобатга олиб, Шоҳжаҳон Эргашев жамоаси ҳамюртимиз иштирокидаги жангни сентябрь ойига қолдирди.

SPORTS.uz