Мансур Тўғизбоев: Рақибларни қисқа вақт ичида мағлуб қилишга ҳаракат қиламан

21 август, 17:03 644

Мансур Тўғизбоев: Рақибларни қисқа вақт ичида мағлуб қилишга ҳаракат қиламан

Жаҳон спортида аралаш жанг санъатлари бўйича ўтказилаётган мусобақалар тобора оммалашиб бормоқда. Ўз навбатида ўзбекистонлик спортчилар ҳам бу йўналишда ажойиб натижаларни қўлга киритмоқда. 34 ёшида ММАга кириб келган ҳамюртимиз Мансур Тўғизбоевнинг жанг услуби кўплаб мутахассислар ва мухлислар эътиборига тушган. Мансур ўзи жанг ўтказиш билан бирга ММА бўйича мураббийлик ҳам қилади.

Спортчимиз SPORTS.uz интернет ахборот портали меҳмони бўлиб, спортга кириб келиши, ундаги натижалари ва келажак режалари ҳақида тўхталиб ўтди.

  • Маълумот учун: Мансур Тўғизбоев 1981 йили Самарқанд вилояти Оқдарё туманида Лоиш шаҳарчасида туғилган. Дастлаб,  юнон-рум кураши билан шуғулланган. Кейинчалик яна спортга қайтиб, ММАда ўзини синаб кўришга қарор қилди. Ҳозиргача профессионал жангларда 13 марта рингга  чиқиб, шулардан 12 тасида ғалаба қозонган ва бир марта мағлубият аламини тортган.
  • Спортчимиз навбатдаги жангини 8 сентябрь куни Бишкек шаҳрида қирғизистонлик Жанибек уулу Калибекка қарши WEF GLOBAL мусобақаси жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боради.

– Ассалому алайкум, Мансур ака. Сиз анчадан бери ММАда муваффақиятли иштирок этиб келяпсиз. Айтингчи бу спортга кириб келишингиз қандай бўлган, кимлар сабабчи?

– Ваалайкум ассалом. Бошидан бошласам. Спортга кириб келишимга отам сабабчи бўлган. Ўзлари ўша вақтда кучли курашчи бўлиб танилган эди. Табиийки, мени ҳам юнон-рум кураши бўйича тайёрлай бошладилар. Менга кўпроқ отамнинг шогирдлари устозлик қилган.

– Ўша вақтларда олимпия захиралари спорт мактабида шуғулланганман. Бошланишида қанча шуғуллансам ҳам натижага эришолмасдим. Биринчи натижани 1993 йили Бухоро шаҳрида ўтказилган мусобақада қўлга киритганман. Ўшанда финалгача етиб борганман. Рақибим кучли эди. Иккинчи ўрин билан чекландим. Шундан кейин республика бўйлаб мусобақаларда шоҳсупанинг юқори ўринлардан жой ола бошладим.

– 2000 йили Тошкентда машғулотларни бошладим. Юнон-рум бўйича терма жамоа сафига қўшилдим. 7-8 йил энг кучли курашчилар қаторида юрдим. Ўша даврда моҳир курашчи Баҳодир Қурбоновнинг принципиал рақиби ҳисобланардим. Мусобақалар давомида кўп нарсаларни ўргандим. Турли ноҳақликларни ҳам кўрдик. Ютиб турган жойингда ғалабани бошқага бериб юборишлар ҳам бўлган. Тўғриси, кўпинча мусобақаларда иккинчи ё учинчи ўринни эгаллаганим учун Осиё ва жаҳон чемпинонатларига жалб қилишмасди.

– Фаолиятингиздаги энг унутилмас ғалабани эслай оласизми?

– Ҳар бир спортчида бу бўлади. Ҳозир аниқ эсимда йўғу, адашмасам 2005-2006 йилларда бўлган. Хорижда халқаро мусобақада иштирок этиш учун борганмиз. У ерда қўшни давлатлар билан бир қаторда, Россия ва Болтиқбўйи республикаларидан номдор, кучли полвонлар ҳам келишган эди. Менинг ҳам айни кучга тўлган пайтим эди. Ҳайратланарлиси, ўша беллашувларда барча рақибларимни тез ва жуда осонлик билан мағлуб қилиб, зафар қучганман. Шундан кейин менга халқаро тоифадаги спорт устаси унвонини беришди.

– ММАга қандай кириб қолгансиз?

– 2010 йили катта спортдан кетиш фикри туғилди. Бир муддат бизнес қилдим. Спортга қайтгим келди. ММА қоидаларини ўрганиб, кузатиб бордим. Шу билан бирга 3-4 йил фақат машқ қилдим. ММА аралаш жанг санъатлари бўлгани учун курашдан кескин фарқ қилади. Қўл ва оёқ ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этади. Қўл ҳаракатларини машҳур профессионал боксчиларимиздан бири Бекзод Набиев ёрдамида ўзлаштирдим. Оёқлар ҳаракатларини ўрганишимда кикбоксинг устаси Рашид Акалбоев ёрдам берди. Ҳалигача у билан ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз.

–  Сиз “Мангуст” лақаби билан машҳурсиз. Нима учун бу лақабни танлагансиз?

– Тўғриси, жанг санъатларида спортчилар ўзларига турли-туман лақабларни қўйиб олишар экан. Илгари бунга эътибор бермаган эканман. Бир йирик мусобақада “Кобра” лақабли жангчига қарши баҳс ўтказдим. “Кобра” деганларича бор экан.  У жанг олдидан мускулларини кўз-кўз қилди. Қанот мускулларини чиқарганда ҳақиқатан ҳам кобрага ўхшаб кўринар экан. Кескин ва муросасиз жанг давомида унинг бўйнидан ушлаб олдим ва таслим бўлгунича қўйиб юбордим.  Рингдан тушсам, атрофдагилар: “Оооо Мангуст, қойил!”, деб олқишлай бошлашди. Аввалига нега унақа дейишаётганини тушунмадим. Кейин билсам мангуст деган жонвор бўларкан ва у кобраларнинг кушандаси экан. Шу-шу лақабим “Мангуст” бўлиб қолди.

– Фаолиятингизда битта мағлубият бор экан. Кўпчилик буни ноҳақлик билан боғлайди.

– Профессионал ММАда 13 та жанг ўтказиб, шулардан 12 тасида зафар қучганман, битта жангда мағлуб бўлганман. Аслида бу мусобақа мен шогирдларимни олиб борган эдим. Жанг қилиш ниятим йўқ эди. Чунки бир кун олдин белимда қаттиқ оғриқ турган ва даволанаётган эдим. Мусобақада жамоавий баҳслар ўтказилишини маълум қилишди. Таркибимизда одам камлиги учун мен ҳам жанг қилишга мажбур бўлдим. Икки раунддан бўлган баҳсда рақибни енгдим. Лекин ҳакам қўшимча раунд белгилади. Мен белимдаги оғриқ кучайиб кетганини айтдим. Шунда мени жангдан бош тортди, деб рақибимнинг қўлини кўтариб юборди.

– Реванш олганмисиз ўша жангчидан?

– Бироз ўтиб соғайдим. Кейин ўшандан бери бу спортчидан реванш сўрайман, аммо мен билан жангга қайта тушишга қўрқадими, билмадим, рад қилиб келади. Мен қачон чақирса ҳам тайёрлигимни маълум қилганман. Ўша вақтда биз 70 кг вазнда беллашганмиз. К0ейинчалик у вазнини 65 килограммга ўзгартирди, мен 75 килограмм вазн тоифага ўтдим. У мени 65 кг вазнда жанг қилишга таклиф қилди. Табиийки, бу ёшимда 10 кило вазн ташлаш соғлиққа тўғри келмайди. Лекин қачонлардир у билан беллашишим керак.

– Мураббий бўлиб, шогирдлар тайёрлаётганингиз ҳақида гапириб беринг...

– Ҳозирда мураббийлик фаолиятимни ҳам бирга олиб бормоқдаман. Ёшларга асосан кикбоксинг спорт тури сир-асрорларини катта мураббий сифатида ўргатиб келяпман. Яқинда 80 нафардан ортиқ спортчилар билан тоғда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиб қайтдик. Бирор жойга мусобақага чиқадиган бўлсак, мен ўзим бошчилигимда уларни олиб бораман. Шунингдек, ММА бўйича ҳам шогирдларим кўп. Уларни мусобақаларга пухта тайёрлаш менинг вазифам ҳисобланади.

– Асосан қайси давлатларда жанг қиласиз?

– Бизникилар асосан қўшни республикалар Қозоғистон ва Қирғизистонда жанг қилади. Бу ерда ҳам кучли спортчилар кўп. Улар билан жанг қилиб тажриба тўплаймиз, рейтинг очколарини йиғамиз.

– Россиядаги мусобақаларга бормайсизларми?

– Борганмиз Россия томонларга ҳам. Олдин ўзим бориб, мусобақада ютиб, ташкилотчилар билан келишиб келганман. Улар ўзбекистонлик спортчиларни ҳам мусобақага чақиришди. Бироқ, бизга улар таклиф қилган шароитлар тўғри келмади. Қолаверса, Қозоғистондаги мусобақаларда ҳам айрим ғалабаларимиз халқаро ташкилотга жўнатилмаяпти. Шахсан ўзимда ҳам шундай бўлди. Битта мусобақада манинг ғалабамдан бошқа ҳамманинг натижаси халқаро рейтингга киритилган. Бунақа аҳвол бир неча маротаба такрорланди. Шунга ҳозир асосан Қирғизистондаги турнирларда қатнашяпмиз. 

– Ўзбекистонлик яккакурашчиларни ҳам кузатиб борасизми? Қайси спортчиларнинг натижалари сизни кўпроқ қизиқтиради?

– Кўпчилик таниқли яккакурашчиларимиз турли давлатларда шуғулланади. Баъзиларини яқиндан танийман, баъзиларини интернет орқали кузатиб бораман. Айниқса, қисқа муддати ичида 100дан ортиқ жанг ўтказиб, жаҳон рекордини ўрнатган Анвар Бойназаров мени ҳайратга солмоқда. У бу жанглари орқали юртимизнинг довруғини янада кўтарилишига хизмат қилмоқда. Спортчининг мақсади ўзи шуда. Бундан ташқари, Маҳмуд Муродов ҳам яхши кетяпти. Бу рўйхатни санасак анча кўп.

– Яхши натижалар кўрсатиб, ўсиб келаётган шогирдларингиз сифатида қайсиларини айта оласиз?

– Суҳроб Раҳимбеков  ўсиб келаётган ёшлардан. У ҳам мендан сабоқ олган. Анча тиришқоқ, бақувват, лекин қизиққон. Кўплаб халқаро мусобақаларга ўзим олиб борганман. Имкониятлари  ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Сабаби унинг яккакурашларга кириб келганига кўп бўлмади. Секин-аста тажриба тўплаяпти. Умид қиламанки, келажакда меҳнатларимиз зое кетмайди, ишончни оқлайди. Октябрда йирик мусобақа бўлиб ўтади. Ўшанга тайёргарлик кетмоқда.

– Шунингдек, Отабек Ҳамзаалиев, яқинда WEF турнирида чемпионликни қўлга киритган Умид Сайдуллаев, Темур Салимов умидли шогирдларидан.

– Ҳар бир спортчининг жанг услуби бўларди. Сизнинг жанг услубингиз қанақа? Рақиблар билан одатда қандай кураш олиб борасиз?

– Менинг асосий жанг қилиш услубим устозим Суннат Илёсовга ўхшайди. Суннат ака менга мазкур спорт йўналиши бўйича  кўплаб, керакли маслаҳатлар берган. Шу сабабли ҳам менинг ҳар бир ҳаракатим улар кабидир. Жангларни чўзишни истамайман. Жангга рухсат берилгандан сўнг тезда – 1-2 дақиқада натижа қилишга ҳаракат қиламан. Мен тажрибамга таяниб, шошилмайман. Рақиблар мендан ёш ва менга нисбатан бақувват. Уларнинг қизиққонлиги ўзларига панд беради.  Менга юнон-рум кураши билан шуғулланганим қўл келади. Одатда, Марказий Осиё ёки МДҲ давлатларининг яккакураш усталари асосан кураш усулларидан фойдаланади. Қўл ва оёқда зарба берадиган спортчиларнинг ўпкаси курашчиларникидан кичикроқ бўлади. Шу сабаб улар тез чарчайди. Мен ҳам баҳс бошланиши билан рақибга ҳужумни тўхтатмайман. У чарчаб қолганидан кейин, кураш усулига тушириб, таслим бўлгунча ҳаракат қиламан. Мен рақибларимни уришни ёқтирмайман. Асосан бўғиш ёки оғритиш усулини қўллаб, ўзини таслим бўлишини кутаман.

– Лекин бир рақибим умуман таслим бўлмагани ҳамон ёдимда. Зўр жангчи экан. Қанча уринмай, қийнамай ҳеч таслим бўлмаганди. Охири муштни ишга солишга мажбур бўлганман. Чунки ўзим рақибларимда ёш ва тажриба жиҳатидан устун бўлиб, улардан калтак ейишни ўзимни эп кўрмайман. Шунга нима бўлса ҳам фақат ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан.

– Бу спортда яна қанча вақт фаолият юртимоқчисиз?

Мен анча кеч 34 ёшимда бу спортга кириб келганман. Ҳозир ёшим 37да. Яна икки-уч йилдан сўнг фаолиятимни тугатишни режалаштиряпман.

– Кўпчилик спортчилар UFC мусобақаларини орзу қилишади ва шунга интилишади.

– Тўғрисини айтсам, бунга ҳеч қизиқмаганман. Кейин ёшим анча анча катта. Унга чиқаман деб, ҳаракат қилгунимча, икки-уч йил ўтиб кетади. Ундан кўра, “Fight Night”га ўтганим  яхшироқ. Ҳозирда ушбу мусобақа учун ҳаракат қиляпман.

 

– Қолаверса, UFC ташкилотчилари учун Марказий Осиё мамлакатлари спортчилари билан ишлаш қизиқ эмас. Юқорида айтиб ўтганимдек, биз томонларда асосан кураш усулларини қўллаб ўрганишган. Уларга эса уриб, тепиб йиқитадиган жангчилар билан ишлаб, мухлислар эътиборини қозониш қизиқроқ.

– Сиз билан ҳали рингда учрашмаган, лекин сиз у билан жанг қилишни истайдиган яккакурашчи борми?

– Ҳа, бор. “Fight Night”да қозоғистонлик Қуват Хамитов билан жанг қилишни хоҳлайман. Унинг лақаби “Найман”. Ҳозирда икки-учта жангдан сўнг ушбу турнирга ўтаман. Бунинг учун эса фақатгина ғалаба қозонишим керак. Чемпионликни қўлга киритгандан сўнг бунга ўтишга рухсат беришади.

Суҳбатингиз учун раҳмат!