Максим Шацких: Гейнрих ҳали кўп голлар уради, чиройли ўйинлар кўрсатади

24 июль, 18:19 1062

Максим Шацких: Гейнрих ҳали кўп голлар уради, чиройли ўйинлар кўрсатади

Украинада футбол ишқибозлари ўзбекистонлик легионер ҳужумчи Максим Шацких номидаги легионер-тўпурарлар Клубининг ташкил этилганининг етти йиллигини нишонлашди.

SPORTS.uz интернет ахборот портали сизни ушбу қувончли воқеа билан чин кўнгилдан табриклайди. Мураббийлик фаолиятингизга муваффақият, оилавий ҳаётингизга бахт тилаймиз.

- Раҳмат. Она Ватаним томонидан билдирилаётган бундай эътибор кўнглимни тоғдек кўтарди. Юртдошларимга чин кўнгилдан ташаккур билдираман ҳамда уларга ҳам муваффақиятлар тилайман.

Максим, “Динамо” таркибида ўз муаллифлигингиздаги юзинчи голни эслай оласизми?

- Тўғриси, ҳеч қачон киритаётган голларимни ҳисобламаганман. Мен учун энг муҳими – жамоанинг ғалабаси! Гол киритиш менинг бирламчи вазифам ҳисобланади. Сайтларнинг бирида юзинчи голимни 2004 йилда Италияинг “Рома” жамоасига қарши бўлиб ўтган баҳсда амалга оширганим ҳақида ўқиб қолдим. Чемпионлар Лигаси жамоавий турнир доирасида Киевда уларни 2:0 ҳисоб билан мағлуб этдик. Мен иккинчи таймнинг охирроғида майдонга чиқдим, ўйин сўнггидаги 10 дақиқа бизнинг ғалаба қилишимиз учун кифоя қилди.

Украина клубларидаги фаолиятингиз давомида нечта гол киритдингиз?

Яширмайман, 171 та гол . Менинг бу кўрсаткичим кўплаб спортга ихтисослашган ОАВларда муҳокама қилинмоқда.

Адашмасам, карьерангиздаги голларнинг катта улуши “Оқ-кўклар” ҳисобига тўғри келади?

Худди шундай. Фаолиятимнинг энг катта қисми “Динамо” клубида ўтди. Бу жамоа мен учун аллақачон қадрли бўлишга улгурган. Афсуски, ҳисобимни 150 тага етказа олмадим, 142 та гол кўрсаткичи билан қаноатланишга тўғри келди.

Легионер-тўпурарлар Клуби қачон таъсис этилганини эслай оласизми?

2010 йилнинг июль ойида. У пайтда мен Киевнинг “ Арсенал” жамоасида тўп сурар эдим. Худди кечагидек эсимда: Тоқат қилиб бўлмайдиган жазирама. Ҳамма соя-салқин жой излаш билан овора бўлга бир пайтда биз Луганскда маҳаллий “Заря” жамоасига қарши баҳс олиб бораётган эдик. Омад бизга кулиб боқди.  Баҳс охирида  пенальтидан гол киритдим. Мезбон жамоанинг шашти ёмон эмас эди, аммо ҳар ҳолда бизнинг жамоамиз уларга нисбатан тажрибалироқ эди. Ўйиндан кейин маҳаллий журналистларга интервью бераётган эдик, анъанавий саволлардан кейин Хохлюк фамилияли журналист менга легионер-тўпурарлар Клубини ташкил этиш таклифи билан мурожаат қилиб қолди. Бу барча деталларигача пухта ўйлаб чиқилган таклиф эди. Мен ўша пайтда бу таклифни мамнуният билан қабул қилдим, бу менга ажойиб таклифдек туюлди, ҳозир ҳам шу фикрдаман.

Олеся, оилангизда Максимнинг киритган голларини ҳисоблаб бориш ёхуд энг чиройли ва оригинал голларни белгилаш борасида сўз борадими?

Йўқ, унинг голларини таҳлил қилмаганмиз. У шунчалар кўп гол киритардики, унинг футболдаги бутун бошли ҳаётига етиб ортади. Биз учун энг муҳими, жамоанинг ғалабаси, Максимнинг соғлиги ( ўйин давомида жароҳат олиб қолишидан доимо хавотир олардим) шундан кейингина киритилган голлар. Максим учун эса ҳар доим унинг Она Ватани – Ўзбекистон алоҳида аҳамият касб этган. Чунки у айнан шу ерда, Тошкентнинг “Пахтакор”ида ўзини чархлади, биринчи мураббийи Сергей Михайлович Ковалёвдан спорт сирларини ўрганди. Терма жамоа учун ўйнади, нафақат ўйнади, балки бутун борлиғини бағишлади. Ватан унинг тилида эмас, балки қалбида!

Сизнингча, Максим ўзининг энг оригинал ва чиройли голини қайси жамоа таркибидалигида амалга оширди?

Биз учун Максимнинг муаллифлигидаги ҳар бир гол ўзгача аҳамият касб этади. Қайсидир ўринда унинг голи чиройли чиққан бўлса, қайсидир ўринда керакли вақтда киритилгани билан ажралиб туради. Ҳар ҳолда буниси яхши, буниси ўртачароқ, деб ажрата олмайман.

Максим, “Бунёдкор”даги мураббийнинг ўзгариши жамоага қандай таъсир қилади деб ўйлайсиз?

Албатта, ижобий. Миржалол Қосимов – ўз ишининг устаси. У ўзбек футболининг ҳақиқий фидокори. Тез орада жамоада ижобий ўзгаришлар рўй бера бошлайди. Шиддатли ҳужум, пухта ўйланган ҳаракатлар, қувонарли натижа ва чиройли ўйинларнинг гувоҳи бўламиз. Бунга ишончим комил.

Терма жамоа доирасида голлар миқдори бўйича энг кучли рақобатчингиз бу – Александр Гейнрих. Нима деб ўйлайсиз, у сизнинг рекордингизни янгилай оладими?

Бу борада бир нима дейишим қийин. Александр ҳали кўп голларни киритади, чиройли ўйинлар кўрсатади. Барчаси унинг ўзига боғлиқ.

Максим Шацких ҳақида маълумот:

Максим Александрович Шацких 1978 йил 30 август куни Тошкентда таваллуд топган. Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасида ҳужумчи амплуасида ўз фаолиятини бошлаган.

Унвони:

1999 йилдан бери Украинанинг халқаро тоифадаги спорт устаси;

2000 йилдан бери Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи.

Тўп сурган жамоалари: “Пахтакор” (Тошкент), “Сокол-ПСЖ” (Саратов), “Торпедо” (Волжский), “Лада-ВАЗ” (Тольятти), “Газовик-Газпром” ( Ижевск), “Балтика” (Калининград), “Динамо” (Киев), “Арсенал” (Киев), “Черноморец” (Одесса), “Говерла” (Ужгород), “Локомотив” (Остона).

1995-2015 йиллар оралиғида Ўзбекистон, Россия, Украина, Қозоғистон ва УЕФА клублари таркибида профессионал даражада 604 та баҳсда иштирок этади (УЕФАда 75 та) ҳамда 231 та гол киритади ( УЕФАда 23 та). 1999-2014 йилларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида 61 та баҳсда қатнашади ва 34 та голга муаллифлик қилади.

Ютуқлари:

2011 йил. Осиё Кубоги яримфиналчиси.

1999 йил. УЕФА Чемпионлар Лигаси яримфиналчиси.

Олти карра Украина чемпиони: 2000, 2001, 2003, 2004, 2007, 2009 йиллар.

Беш карра Украина Кубоги соҳиби: 2000, 2003, 2005, 2006, 2007 йиллар.

Икки карра Украина Суперкубоги соҳиби:  2004, 2006 йиллар.

Уч карра Украина чемпионатида кумуш соҳиби: 2002, 2005, 2006 йиллар.

Икки карра Украина Кубоги финал босқичи ғолиби: 2002, 2013 йиллар.

Осиёнинг иккинчи рақамли футболчиси: 2005 йилда.

Осиёнинг учинчи рақамли футболчиси: 2003 йилда.

Тўрт карра Ўзбекистоннинг  энг яхши футболчиси: 2003, 2005, 2006,2007 йиллар.

Икки карра Ўзбекистон терма жамоасининг рекордчиси ва энг яхши тўпурари: 2000, 2003 йиллар.

Олег Блохин тўпурарлар клубининг аъзоси: 171 та гол.

Киритилган голлар миқдори бўйича Украина чемпионати рекордчиси: 124 та гол.

Мураббийлик фаолияти:

2016 йилда Максим Шацких “Динамо” (Киев) академиясининг мураббийи сифатида фаолият бошлайди. 2017 йил 2 июндан бошлаб академия бош  мураббийлиги Александр Хацкевич қўлига ўтади. Белоруссиялик бу мутахассис Максимни ўз ассистентлари қаторига ўтказади ва у ҳужумчиларнинг тайёргарлиги учун масъул ҳисобланади.

Оилавий ҳаёти:

Уйланган. Рафиқаси Олеся билан бирга икки қиз – Рената ва Кристинани вояга етказишмоқда. Афсонавий тўпурарнинг эътироф этишича, оила унинг ҳаётида энг муҳим ўринни эгаллайди.


Альберт Ерёмин, SPORTS.uz интернет ахборот портали учун махсус

Рус тилидан Саодат Абдураҳмонова таржимаси.