Конфедерациялар кубоги ҳақида сиз умуман эшитмаган фактлар

16 июнь, 12:57 407

Конфедерациялар кубоги ҳақида сиз умуман эшитмаган фактлар

Эртага Россияда ўтадиган Конфедерациялар кубоги-2017 турнирига старт берилади. 8 жамоа иштирок этадиган мазкур турнир тарихи кўпчиликка хали яхши таниш эмас. Шу боис, SPORTS.uz интернет ахборот портали мазкур мусобақа ҳақидаги айрим қизиқарли фактларни тақдим этади.

Конфедерациялар кубоги - 2017. "Қозон Арена" ёҳуд шаҳар ичидаги шаҳар (фото+видео) 

7 та турнирда – 3 та ғолиб

Конфедерациялар кубоги асли 9 бор ўтклазилган. Бироқ 1992 хамда 1995 йилларда Саудия Арабистонида ўтган турнир ФИФА байроғи остида ўтмагани боис, одатда бундай статистикаларга қўшилмайди. Турнирнинг ҳозирги кўринишдаги формати 1997 йилдан бошлаб ўтказила бошланган. Аргентина ва Дания айнан «Қирол Фахд кубоги»ни қўлга киритишган. Бироқ турнир ФИФА таснифига ўтганидан сўнг, фақатгина Бразилия(4 марта), Мексика(1 марта) хамда Франциял(2 марта) ғолиб чиқишган. Бразилия 2005 йилдан буён ушбу турнир ғолиблигини ҳеч кимга бермай келмоқда. Сўннги учта Конфедерациялар кубогининг барчасида «пентакампеонлар» ғолиб чиқишган.


Фақатгина битта жамоа барча турнирларда иштирок этган. Бироқ улар Россияга келишмайдилар

Ха. Гап яна Бразилия термаси ҳақида кетмоқда. 1997 йилдан буён «тўп цехргарлари» деб аталадиган мамлакат термаси мунтазам равишда Конфедерациялар кубогида иштирок этиб келишаётган эдилар. Бироқ бу йилги мусобақада уларнинг ушбу серияси барҳам топадиган бўлди. Айтганча, яна бир нарса, илк бор Конфедерациялар кубогининг амалдаги ғолиби турнирда иштирок этаётгани йўқ.


Мезбонлар фақатгина бир бор гуруҳдан чиқа олишмаган

Турнир мезбонлари фақатгина бир бор гуруҳда қолиб кетишган. 2001йил турнирга Япония хамда Жанубий Корея биргаликда мезбонлик қилишган. Ўшанда, Жанубий Корея гуруҳда 6 очко тўплаган бўлсада, Бразилияга қарши баҳсда 0:5 ҳисобида имкониятни бой беради ва тўплар нисбатининг ёмон ҳолатда эканлиги сабабли плей-оффга чиқа олмайди. Қолган барча холларда мезбонлар гуруҳ босқичини муваффақиятли тамомлашган.

Мезбон жамоаларнинг турнирдаги иштироки

Жанубий Корея – Гуруҳ босқичи

ЖАР – Тўртинчи ўрин

Германия – Учинчи ўрин

Япония – Иккинчи ўрин

Бразилия – Чемпион.


Ўйинларга ўртача 60 минг мухлис тушади

Саудияда ўтган ўйинларда 30 минг мухлис тушган бўлса, Бразилияда ўтган сўнгги Конфедерациялар кубоги ўйинларини кузатиш учун ўртача 60 минг мухлис ташриф буюрди.1999 йилда Мексикада ўтган турнирни томоша қилиш учун стадионларга жами 970 минг мухлис келган эди. Шундай экан, Матс Хуммелс айтганидек, бу турнир зерикарли ва кераксиз эмас.


3 та ўйинда – 1:24 ҳисобидаги мағлубият

Янги Зеландия хамда Ироқ термалари Конфедерациялар кубогидаги иштироклари давомида рақибдан нималарнидир «тортиб» ола билган. Бироқ ўтган сафар Бразилияда ўтган турнирда Океания чемпиони бўлган Таити термаси дарвозасига Нигерия «бор-йўғи» 6 та тўп киритган. Испания 10, Уругвай эса 8 та гол киритган. 3 та баҳсда ўз дарвозасидан 24 та гол олиб чиқиш…Бу антирекордни фақат Таитининг ўзи янгилай олса керак.


Ҳорижлик мураббий – Гўлиб бўлолмаслик учун биринчи сабаб

Энг қизиғи ҳеч қачон ҳорижлик мутахассислар бошқарувидаги термалар Конфедерациялар кубогида ғолиб бўла олмагнини кўришимиз мумкин.

Ғолиб бўлган жамоалар ва уларнинг ўша вақтдаги мураббийлари:

Бразилия – Загалло, Паррейра, Карлос Дунга, Луис Фелипе Сколари.

Франция – Лемар

Мексика – Лапуэнте.

Мексика, Чили хамда Камерун термалари ушбу ўзига хос «анъанага» барҳам беришга ҳаракат қилишади. Боиси, ушбу термаларни айнан ҳорижлик мутахассислар бошқаришади. Мексика ва Чилидан буни кутиш мумкин. Бироқ Камеруннинг потенциал имконияти бунга етмаслиги аниқ.

 


Эрматов бу йил ҳам Конфедерациялар кубогида ишлайди

Ўзбекистон ифтиҳори – Равшан Эрматов 2013 йил Бразилияда ўтган Конфедерациялар кубогида ишлаган эди. Ўшанда, Италия хамда Бразилия термалари ўртасидаги баҳсни бошқариб борган ҳамюртимиз Неймар, Давид Луиз каби футболчиларни огоҳлантирган эди. Ўйин эса 4:2 ҳисобида мусобақа мезбонлари фойдасига хал бўлган эди.

Равшан Эрматов Россиядаги турнирга видео такрорлар борасида иш олиб борадиган ҳакам сифатида ташриф буюради. Ҳамюртимизга омад тилаймиз!


Тарихда қолган тўпурарлар

Конфедерациялар кубогининг барча даврлардаги энг яхши тўпурарлари Роналдино(Бразилия) ва Бланко(Мексика)лардир. Фернандо Торрес улардан битта голга ортда бормоқда. Битта турнирнинг ўзида энг кўп голни эса 1997 йилда Ромарио киритган – 7 та. Бироқ ушбу футболчиларнинг барчаси терма жамоадаги фаолиятларини аллақачон якунлашган. Шундай экан, Роналду ёки бошқа футболчилар бу рекордларни янгилашмасаларда, яқинлашишларига умид қилсак бўлади.


Ярим финалда 8:2, финалда 6:0

2014 йилги мундиалда Бразилиянинг Германия томонидан «таҳқирланиши»дан сўнг(1:7 ҳисобидаги мағлубият назарда тутилмоқда, муаллиф), бундай натижаларга футбол олами анча кўникиб қолди. Бразиля 1997 йилги турнир финалида Австралия дарвозасига 6 та жавобсиз гол киритган. Албатта, у вақтларда Австралия Океания минтақасидги ғолиблик туфайли қатнашар эди.

Дарвоқе, бразилия ўшанда, финалга қадар Саудия Арабистонини 8:2 ҳисобида мағлуб этишни уддалаган эди. Роналдино арабларга қарши баҳсда «хет-трик»ка эришган ўшанда.

Умуман олганда эса французлар финалда ўйнамаса, хал қилувчи ўйин голларга бой ўтган. Боиси, «учранглилар» финалга чиққанида доимо 1:0 ҳисоби қайд этилган.

Қолган 5 сафар финалда ўйнаган Бразилия эса хал қилувчи баҳсда энг ками 3 та тўп киритишни уддалаган. Бироқ юқорида таъкидлаганимиздек, улар бу йилги турнирда иштирок этишмайди.

SPORTS.uz интернет ахборот портали ўз одатига кўра, катта мусобақаларни кенг кўламда ёритиб боради. Ушбу ёзда бўладиган Конфедерациялар кубоги-2017 баҳсларни ҳам сайтимиз ижодкорлари сизларга тезкор тарзда етказиб боришни ўз олдига мақсад қилган. Бизни  кузатишда давом этинг!

Шаҳзод Холбоев тайёрлади