Жасурбек Латипов: Ҳакамлар адолат қилганда битта эмас, бешта олтин медални қўлга киритардик

5 сентябрь, 11:42 2834

Жасурбек Латипов: Ҳакамлар адолат қилганда битта эмас, бешта олтин медални қўлга киритардик

Хабарингиз бор, кеча бокс бўйича Германияда ўтган жаҳон чемпионатидан спортчиларимиз қайтиб келишди.

Мазкур дунё биринчилигида 52 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, кумуш медаль билан қайтган Жасурбек Латипов турнир ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Жаҳон чемпионатида ўрин олишнинг ўзи катта гап. Терма жамоамиз умумжамоа ҳимобида иккинчи ўринни қўлга киритди. Бундан хурсандмиз, бироқ биз у ерга кумуш ёки бронза медалларини олиш учун бормаган эдик. Биз бу мусобақада битта олтин эмас, балки бешта олтин олишимиз ҳам мумкин. Ҳакамлар бироз ҳаққонийликни эсдан чиқариб қўйишди, аммо биз бу билан тўхтаб қолмаймиз. Ўз устимизда ишлашда давом этамиз.

Шу ўринда бизни тўғридан тўғри ва экран орқали қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга катта рахмат. Шунингдек, Ўзбекистон бокс федерациясига, устозларимга миннатдорлик билдираман. Мен йирик мусобақаларда кумуш ва бронза медалларини қўлга киритганман. Бу галги чемпионатда албатта, юқори натижани қўлга киритишимга ишонгандим. Мақсадим фақат олтин медаль эди. Жаҳон чемпиони бўлгунимда тинмайман.

Эслатиб ўтамиз, Жасурбек финалда кубалик Йосвани Вейтияга очколар бўйича имкониятни бой берган эди.