Жанубий Корея яна "ўйин" бошлади. Кореяликлар Эрон билан учрашув вақтини ўзгартирди

19 июль, 18:45 4699

Жанубий Корея яна

Ўзбекистон терма жамоаси билан ЖЧ-2018 3-саралаш босқичи доирасида бир гуруҳдан ўрин олган Жанубий Корея термаси 31 август куни ўз майдонида эронликларни қабул қилади.

"А" гуруҳида Эрон мундиаль чиптасини қўлга киритгач, иккинчи тўғридан-тўғри йўлланма учун асосий кураш Жанубий Корея ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида кечмоқда.

Саралаш баҳслари якунига етишига икки тур қолганда, ушбу жамоалар орасидаги фарқ атиги бир очкони ташкил этади. Ўтказилган саккиз учрашувдан сўнг кореяликлар 13 очко жамғарган бўлса, вакилларимиз 12 очкони қўлга киритишган. Шу сабабли йўқотилган ҳар бир очко жамоаларни жаҳон чемпионатига чиқиш умидини йўққа чиқариши мумкин.

Шуниси қизиқки, Жанубий Корея терма жамоасининг Эронга қарши ўйини 31 август куни маҳаллий вақт билан соат 20:30 да (Тошкент вақти билан 16:30 да) бошланиши керак эди, бироқ Хитой Футбол Ассоциацияси Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўйин вақтини маҳаллий вақт билан соат 20:00да (Тошкент вақти билан 17:00да) ўтказилишини тасдиқлагач, кореяликлар Сеулдаги учрашув вақтини ўзгартиришга қарор қилди.

SPORTS.uz интернет ахборот порталига маълум бўлишича, Жанубий Корея - Эрон баҳси энди маҳаллий вақт билан соат 21:00 да (Тошкент вақти билан 17:00да) яъни Хитой - Ўзбекистон ўйини билан бир вақтда старт олади. Эътиборга молик жиҳати шундаки, кореяликлар 2013 йилдан буён ҳали бирор маротаба ўз майдонларидаги учрашувларни бунчалик кеч вақтда бошламаган экан.

Эслатиб ўтамиз, терма жамоамиз 2014 йилги жаҳон чемпионати сўнгги саралаш босқичида ҳам айнан Жанубий Корея ва Эрон терма жамоалари билан бир гуруҳда кураш олиб борганди. Баҳслар якуний палласига кириб борган бир пайтда вакилларимизнинг Бразилияда ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиши Жанубий Корея ҳамда Эрон терма жамоалари ўртасидаги ўйинга боғлиқ бўлиб қолганди. Шунда ҳам кореяликлар Эронни мағлуб этиши керак эди ва Ўзбекистон тарихда биринчи бор мундиалда иштирок этар эди...

Бироқ бундай бўлмади. Ушбу ўйин арафасида икки жамоа бош мураббийлари Карлуш Кейруш ва Чой Канг Ҳи кўр-кўрона даҳанаки жанг қилиб ҳам олишди, аммо ўйинда бундай қарама-қаршиликмни гувоҳи бўлмадик. Улсандаги стадионга ташриф буюрган мухлислар ўйин давомида мезбонлар уюштирган уч-тўрт хавфли вазиятларни гувоҳи бўлишди холос, лекин форслар ўйиндаги ягона ҳужум билан ғалаба голини киритишди. Ушбу гол Жанубий Кореяни ҳам, Эронни ҳам жаҳон чемпионатига олиб чиққан эди. Ўзбекистон терма жамоаси эса ҳар қанча ҳаракат қилмасин 14 очко билан 3-ўринда қолиб кетганди.

Умид қиламиз, рақибларимиз Эрон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўтган галги “ўйин“ларини бу сафар такрорламайди.