Истоминнинг бўлажак рақиби ҳақида нималарни биламиз?

22 январь, 17:37 739

Истоминнинг бўлажак рақиби ҳақида нималарни биламиз?

Бу йилги Австралия очиқ чемпионатида сенсацион натижаларни қайд этаётган ҳамюртимиз Денис Истоминнинг турнинг тўртинчи босқичидаги рақиби номи маълум бўлди. Бу ҳақда аввал хабар бериб ўтгандик.

Энди навбатдаги босқичда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчисига болгариялик Григор Димитров рақиблик қиладиган бўлди.

Шу муносабат билан SPORTS.uz интернет ахборот портали ҳам ушбу спортчи ҳақидаги маълумотлар билан қизиқди.

1991 йилда туғилган теннисчи 2016 йил якунларига кўра, ATP рейтингида 17 ўринни эгаллаб турибди. Унинг асосий хусусиятларидан бири зарбаларини ўнг қўлда йўллайди ва шу жиҳати билан ҳамюртимизга ўхшаб кетади.

Болгариялик теннисчининг катта дубулға турнирларидаги энг яхши натижасига тўхталадиган бўлсак, бу айнан Австралияда қайд этилган. Ўшанда у мусобақанинг чорак финал босқичига қадар етиб борганди. Аммо, унинг мусобақадаги иштирокининг давом эттиришига испаниялик Рафаель Надаль тўсқинлик қилганди ва ўша баҳсда 3-6 7-6 (7-3) 7-6 (9-7) 6-2 натижаси қайд этилган.

Умуман олганда, 2008 йилда профессионал фаолиятини бошлаган теннисчининг Катта дубулға турнирларидаги энг яхши натижаси 2014 йил Уимблдон турнирида қайд этилган бўлиб, ўшанда у мусобақанинг ярим финалига қадар етиб борганди. Аммо, ўшанда у яқиндагина ҳамюртимиз Денис Истоминга мағлуб бўлган Новак Жокович тўсиғидан ўтолмаганди.  

Нима бўлганда ҳам биз бўлажак баҳсда, ҳамюртимизга омад тилаймиз...