Элмурод Соатов: Кореяда кураш тобора оммалашмоқда

17 июнь, 20:40 461

Элмурод Соатов: Кореяда кураш тобора оммалашмоқда

Мамлакатимизда спортга, хусусан, курашга қаратилаётган эъбор сабаб, полвонлар ўзбек кураши тобора оммалашиб бормоқда. Хусусан, дунёнинг турли минтақаларида ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда, “ҳалол”, “чала”, “кураш”, “тўхта” сўзлари тобора кенг оммалашиб бормоқда. Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида кураш бўйича Корея биринчилиги баҳслари ўтказилди.

Ушбу мусобақадан сўнг айни пайтда Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон кураш федерацияси спорт директори, терма жамоа мураббийи Элмурод Соатов билан боғландик.

– Айни пайтда мусобақа баҳслари ўз якунига етди. Ҳозиргина якунига етган Корея чемпионати баҳсларидан шу нарса кўзга ташландики бу мамлакатда ҳам кураш тобора оммалашиб бормоқда. Хусусан, эркаклар 7 та, аёллар 3 та, жами 10 та вазн тоифасида мамлакатнинг энг кучли полвонлари номи аниқланди. Бизга маълум бўлишича, ушбу мусобақа Корея ёшлар терма жамоасини шакллантиришга хизмат қилади.  Бу жамоа эса август ойида Эронда ўтказиладиган Осиё чемпионатида иштирок этиши мўлжалланган.

Мусобақа жуда чиройли тарзда ташкиллаштирилган. Унда Кореянинг барча университетлари талабалари, клублар қатнашчилари иштирок этишди. Мусобақа 10 та вазн тоифасида ўтказилган бўлса, ҳар бир вазн тоифасида 20 та, баъзан 30 та, жами 200 дан ортиқ спортчи иштирок этди. Баҳслар кун бўйи давом этди ва Корея телеканалларида тўғридан тўғри трансляция қилинди.

Ушбу баҳслардан сўнг, Кореянинг энг кўзга кўринган 6 нафар спортчиси, ўзбекистонлик 6 нафар полвонга қарши гиламга кўтарилди ва бунда кураш юрти вакилларининг қўли баланд келди. Унда Суҳроб Худойбердиев, Шаҳрам Аҳадов ва Руслан Бўриевлар олтин медал соҳибига айланди.