Бутунжаҳон таэквондо уюшмаси президенти Тошкентда

10 август, 14:05 236

Бутунжаҳон таэквондо уюшмаси президенти Тошкентда

Бугун тонгда Бутунжаҳон таэквондо уюшмаси президенти Чунг Вон Чо Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Маросимда Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раҳбарияти таэквондочилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик қатнашди. Мақсад – таэквондонинг юртимиздаги ривожи билан танишиш, пумсэнинг янги йўналиши билан юртимиз мутахассисларини яқиндан таништириш, шунингдек, пойтахтимизда 11-13 август кунлари ўтадиган 1-st President`s Cup халқаро турнирида иштирок этишдан иборат. Мартабали меҳмон билан бир қатор расмий учрашувлар ҳам режалаштирган.

Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси матбуот хизматининг хабар тарқатишича, эрталаб 9.00да “Hyatt Regency” меҳмонхонасида Осиё таэквондо уюшмасининг (Asian Taekwondo Unioin - ATU) 12 давлат вакилларидан иборат ижроқўми аъзолари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, аввало, 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида таэквондонинг пумсэ йўналиши бўйича ўтказиладиган баҳслар тартиби кўриб чиқилди. Шу кунларда қитъамизнинг етти мамлакатида New Poomsae семинарлари ўтказиляпти. Эронда ўтказилган худди шундай семинар бўйича ҳам маълумот берилди. Кун тартибидаги иккинчи масала - President`s Cup турнирининг кейинги йилги мезбонини аниқлашга қаратилди. Айни пайтда Вьетнам ва Филиппин давлатлари ўз номзодини қўйган. Сўнгги масала дам олиш кунлари Тошкентда ўтказиладиган мусобақага тайёргарлик даражасига эътибор берилди. Ташкилотчилик ва мезбонларни кутиб олиш жараёни қитъа ташкилоти ижроқўм аъзолари томонидан юқори баҳоланди

Шундан сўнг, ATU Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.

Бугун соат 18.00да New Poomsae бўйича 4 кун давом этган семинарда қатнашган республикамиз мураббий ва ҳакамларига сертификат топшириш маросими бўлиб ўтади. Сертификатларни ATU президенти Ли Кю Сок топширади.